Агар Винисиус ўйнаганида...

Агар Винисиус ўйнаганида...

Мана, бурилиш: «Севилья» мухлислари «Реал»га қарши ўйин олдидан Винисиус Жуниор туфайли «бойкот» эълон қилишни лозим топишди.

Ҳаммасига Испания футбол федерациясининг бразилиялик футболчига боғлиқ қарори сабабдир...

«Севилья» аввалги шанба куни Ла Лига 37-тури доирасида «Реал»ни қабул қилди. «Рамос Санчес Писхуан» аренасида ўтказилган баҳс арафасида Андалусия клуби учун мутлақо кутилмаган ҳолат юзага келди. Чунончи, «қизил-оқлар» мухлислари учрашувга нисбатан «бойкот» эълон қилиш ҳақида ўйлашди. Гап шундаки, Испания футбол федерацияси «Валенсия»га қарши кечган ўйин охирида «Реал» ҳужумчиси Винисиус Жуниорга кўрсатилган қизил карточкани бекор қилди. Бундан ғазабланган «Севилья» мухлислари эса федерация қарорига норозилик ўлароқ, ўйинни стадионда кўришдан воз кечишди, гўё. Ҳар ҳолда, Vamos Mi Sevilla нашрида шу мазмунда хабар берилди: «Севилья» мухлисларидан «Мадрид»га қарши ўйинда стадионга кирмаслик ёки ўйин бошланишига қадар ташқарида кутиб туриш сўралмоқда». 

Тўғри, ирқчилик кайфиятидаги муносабатлардан нолиётган бразилиялик вингер «Писхуан»да майдонга тушмади, барибир. Таъкидланишича, у жароҳат туфайли қаторасига 2та ўйинни ўтказиб юборди. Натижага келсак, бу сафар ҳам «Реал» қучди - 2:1. Эслатма, бу жамоалар Ла Лига-2022/2023нинг 1-турида «Бернабеу»да тўқнаш келган ва «Мадрид» Лука Модрич, Лукас Васкес ва Федерико Валверде голлари эвазига ғалаба қозонганди - 3:1.