Александр ПИСКАРЁВ: «Қосимов ўзгача футболчи!»

Александр ПИСКАРЁВ: «Қосимов ўзгача футболчи!»

«Спорт-экспресс» нашри 1987 йили СССР ўсмирлар терма жамоасини жаҳон чемпионига айлантирган Александр Пискарёв билан суҳбатлашди.

 У мазкур каттакон интервьюсида ҳозирда Олмалиқнинг ОКМК клубини бошқараётган футболимиз юзи - Миржалол Қосимовнинг салоҳияти ҳақида ҳам гапирди. Қуйида суҳбатнинг ана шу қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Сиз учун қайси ўйинни эслаш алоҳида оғриқли?

- 1987 йили Францияда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатининг финали! Италия билан ўйнагандик. Олег Матвеевнинг ҳаракатидан ақлдан озишимга бир баҳя қолганди. Италияликлар ҳужумчиси уни бамайлихотир четлаб ўтиб, дарвозамизни осонгина ишғол қилган. Матвеевга кўп марта айтдим: «Сенинг бундай подкатларинг билан орқа томонинг ям-яшилга айланди — фойдасичи?!»

- Ҳақиқатан ҳам, ачинарли...

- Энг ачинарлиси, иккинчи бўлимда рақибни бутунлай мағлуб этгандик, ахир! Зарба кетидан зарбалар... лекин тўп дарвозага киришни хоҳламайди ва бўлди - ўйин 0:1 ҳисоби билан тугади.

- Аммо бир ярим ойдан сўнг Канада қабул қилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлдингиз.

- Бу ерда биринчи ўйиндан бошлаб ҳаммаси ўйлаган режамиз асосида кетди. Нигерияликларга қарши майдонга тушдик, уларнинг ёши биздан каттароқ эканлиги яққол кўриниб турарди. Шунчаки отга ўхшашарди!

- Сизларда бундайлар йўқмиди?

- Бизда болаларнинг бари бир текисда. Коля Русинни кўрсангиз, жуда нозик. Юра Макаров, Толя Мушчинка, «Касимчик» (Миржалол Қосимов). Фақат Серёжа Беженар ва Юрка Морозларнинг жуссалари каттароқ эди. Ўшалар билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнадик. Боливияни 4:2га енгдик, Мексикага эса еттита гол туҳфа этдик. Кот-Д`Ивуар билан ярим финал босқичида тўхтаймиз, деб ўйлагандим. Улар ҳам улкан қора танли баҳайбатлардан иборат эди! Фикримча, уларда ҳам ёшлари кичрайтирилганди.

- Аммо ғалаба сиз томонингизда бўлди.

— Ҳа, 5:1 ҳисобида ғалаба қозондик! Қосимов бурчак тўпидан гол урди! Дарвозабон қўлларини чиқарган ҳам эди, лекин тўп аллақачон унинг ортида турарди.

- Жамоангизнинг асосий фигураси ким эди?

— Қосимов! У ўзгача футболчи! Меҳнаткаш, дриблинглари ажойиб, майдонда ҳамма нарсани кўради. Зарбасини айтмайсизми? Миржалолнинг оёқлари текис, панжаси эса кенг. Жарима зарбалари белкурак каби урарди.

- Уни қаерда кашф қилдингиз?

— Терма жамоа бошига ўтирганимдан сўнг, турнирларга боришни бошладим. Баъзида ўзим билан рафиқамни ҳам олардим. Қосимовни биринчи бўлиб у кўра олди. «Переправа» турниридаги қандай ўйинни кўриб ўтирардик. Менимча, Воронежда эди. Ўзбекларнинг жамоаси кучсиз эди, бундан хафа бўлдим. Марина эса мени туртиб «Бу йигитчани кўр. Ҳамма ерда улгуряпти!», деди. У «Касимчик» эди.

- Ҳозир ҳам ўша жамоадагилар билан алоқада бўлиб турибсизми?

- Ҳа, йигитлар қўнғироқ қилишади, байрамлар билан табриклашади. Никифоров, Беженар, Мороз, Қодиров... Ва бир неча йил олдин Қосимов менга қандай ёрдам берди-я!

- Бу қандай ҳикоя?

— Касалхонага тушиб қолдим, ўт пуфагимни олиб ташлашди. Катта пул қўйишди —  100 минг рубль. Менда бунча пул йўқ эди. Тошкентга Жалолга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиряпман. У эса «Михалич, эртага одам юбораман, барчасини олиб боради. Сизга қандай валютада керак?» — «Рублда».

- Олиб келдими?

— Ҳа. Мен эса бу пулни шифокорга бердим.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади