ЭНГ ЯХШИ МУРАББИЙЛАРИМИЗДАН БИРИ ВИКТОР ЖАЛИЛОВ ВАФОТ ЭТДИ

ЭНГ ЯХШИ МУРАББИЙЛАРИМИЗДАН БИРИ ВИКТОР ЖАЛИЛОВ ВАФОТ ЭТДИ

Ўзбекистон олимпия термасига ҳамда қатор клубларга устозлик қилган юртмизнинг энг яхши мураббийларидан бири Виктор Жалилов 71 ёшида вафот этди.

Виктор Романович Жалилов – 1952 йили Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилган. Тошкентдаги спорт интернати,  Жисмоний тарбия ва спорт институтини тамомлаган.  
Футболчилик фаолияти давомида “Пахтакор” (Тошкент, ўринбосарлар, 1970-1974 йиллар ), “Текстилшик” (Наманган, 1975 – 1977 йиллар), “Чуст” (1978-1983 йиллар) жамоаларида ўйнаган.

Мураббийлик фаолиятини 1984 йилда Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасида бошлаган. 1986 йилдан 1992 йилгача Герман Титов номидаги спорт интернати (ҳозирги Республика олимпия захиралари коллежи)да мураббий сифатида фаолият юритган.

1995-1997 йилларда Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида фаолият юритган ва ушбу жамоага тарихдаги биринчи ва ҳозиргача ягона бўлиб қолаётган чемпионликни олиб келган. 

У 2002 йилда «Пахтакор» клуби билан ҳам Ўзбекистон чемпионига айланган. Бундан ташқари, турли жамоалар билан уч бор кумуш медал, тўрт бор бронза медалларни қўлга киритган, Ўзбекистон кубоги учун турнирларда тўрт бор ғолиб чиққан. Уч марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Мураббийлик фаолияти давомида Қашқадарё вилоятининг «Машъал» ва Самарқанд вилоятининг «Динамо» клубларида ҳам ишлаган, 2015 йилда Ўзбекистон U-22 жамоасига бош мураббий этиб тайинланган.

Унинг сўнгги иш жойи ҳам    «Навбаҳор» клуби бўлганди. У сўнгги йилларда Наманган клубида бош мураббий, 2022 йилдан маслаҳатчи мураббий сифатида Самвел Бабаянга ёрдам бериб келаётганди.

Шунингдек, мураббий сифатида ва турли лавозимларда қуйидаги жамоаларда фаолият юритган: “Политотдел” (Тошкент вилояти, 1993- 1994 йиллар), “Навбаҳор” (Наманган, 1995 – 2000, 2003-2004, 2010 йиллар), “Пахтакор” (Тошкент, 2001 – 2002 йиллар, 2007-2009, 2012-2015 йиллар), “Машал” (Муборак, 2005-2006 йиллар), “Динамо” (Самарқанд, 2011 йил), Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (2015 йил), Ўзбекистон миллий терма жамоаси (2015-2017 йиллар), “Спартак” (Юрмала, Латвия, 2018 йил), “Локомотив” (Тошкент, 2019 йил). 2021 йилдан “Навбаҳор”да. Оилали, 2 фарзанднинг отаси. 
Эришган ютуқлари:  
2 карра (1996, 2002 йилларда) Ўзбекистон чемпиони 
3 марта (2005, 2008, 2009 йй)  миллий чемпионат кумуш медали эгаси 
4 марта (1995, 1997, 1998, 1999) миллий чемпионат бронза медали совриндори 
4 марта (1995, 1997, 2001/2002, 2009 йй) Ўзбекистон кубоги соҳиби 
3 марта (1996, 2002, 2005 йй)   Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи

"ИнтерФУТБОЛ" таҳририяти минглаб ўқувчилари номидан Виктор Романович ва унинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилади. Илоҳим охиратлари обод бўлсин!