Эътироф: Кипер учун чин синов

Эътироф: Кипер учун чин синов

«Саутгемптон» етакчиларидан бири Жеймс Уорд-Проузнинг зарбалари - АПЛ дарвозабонлари учун ҳақиқий бош оғриғи.

 Диққат қилинг, камтарин жамоа вакили 18 февраль куни Лондонда «Челси»га қарши кечган АПЛ 24-тури доирасидаги ўйинда чемпионат ҳисобидан жарима зарбасини 17-марта голга айлантирди. 45+1-дақиқада урилган шу гол якунда «Саутгемтон»га ўта муҳим ғалаба тортиқ этганини алоҳида айтиш жоиз.

*** 

Жеймс Уорд-Проуз энди АПЛда жарима зарбаларидан гол уриш бўйича биргина афсонавий Дэвид Бекхэмдан ортда қолмоқда. Яна 1та «стандарт» гол уни бу борада Англия чемпионатида «қирол»га айлантиради. Таққослаш учун келтирсак, Криштиану Роналду АПЛдаги фаолияти давомида жарима нуқтасидан «атиги» 12та гол ҳосил қилган. 

***

Жеймс АПЛда жарима зарбасидан илк марта 2013 йилнинг ноябрь ойида фойдаланган. Ўша вақтдан кейинги даврни олсак, Европанинг кучли 5та лигасида биргина Лионель Месси кўпроқ «стандарт» гол тўплади - 31та. Лекин бунда битта жиҳатни эътиборга олиш керак: аргентиналик юздуз шундан буён 333 марта жарима зарбаси тепган бўлса, Уорд-Проуз атиги 112та уринишга эга бўлди. Қисқаси, англиялик футболчи жарима зарбаларидан фойдаланиш фоизи бўйича ҳаттоки, Леодан ҳам олдинда. Оддий айтганда, самарадорлик коэффициенти Жеймс­да 15,2 фоизга тенг, Мессида эса 9,3 фоиз, холос. 

*** 

Клуб афсонаси. Ҳа, Уорд-Проуз «Саутгемптон»нинг шунчаки, оддий сардори эмас. У клуб сафига 2011 йили қўшилган ва ортда қолган даврда АПЛнинг ўзида 330та ўйин ўтказиб, 46та гол урган. Демак, Жеймсни бемалол «Саутгемптон» афсонаси сифатида таърифлаш мумкин.

P.S.: барча статистик рақамлар 1 март куни ҳолати бўйича келтирилган.