ФУНКЦИОНЕРЛАР: Лукакунинг «пилот»и – «Рома» президенти (?)!

ФУНКЦИОНЕРЛАР: Лукакунинг «пилот»и – «Рома» президенти (?)!

Ромелу Лукаку «Челси»га қайтмайди, «Интер»да қолмайди ва «Ювентус»га ўтмайди.

 Бельгиялик ҳужумчи ўз фаолиятини ўзгача вариантда ўтказишга қарор қилди - эски таниши Жозе Моуриньонинг «Рома»сига бир йиллик ижара. Улар илк марта «МЮ»да учрашишганди. Фабрицио Романо келишувни тасдиқлаб, 10 ойлик ижара учун 7,5 млн. еврога эга бўлишларини маълум қилди.

Лукаку Римга ўзгача тарз-да ташриф буюрди. Уни шахсан клуб президенти олиб келди

Афтидан, римлик «бўрилар» трансфер бобида янгилик яратишга интилишган. Касбдошимиз Жанлука Ди Марцио сайтидаги хабарга кўра, клуб президенти Дэн Фридкиннинг шахсан ўзи Лондонга парвоз қилиб, келишувни расмийлаштирган ва Италияга Лукаку билан биргаликда қайтиб келган.

Энг қизиғи шундаки, самолётни шахсан клуб соҳиби бошқарди. Бунинг ажабланадиган ери йўқ - Фридкин камида 10 хил турдаги ҳаво кемаларини бошқариш лицензиясига эга. Футболчига шундай эҳтиром кўрсатгани эса, футбол тарихидаги дастлабки воқеа бўлса керак. Хуллас, Ромелу унинг маҳоратига ишонч билдирди ва биргаликда парвоз қилишга рози бўлди. Италиялик инсайдерлар маълумотига кўра, футболчининг римликлар таклифини қабул қилишида у билан клуб соҳиби ўртасидаги мулоқот муҳим роль ўйнаган. Лукаку ўтирган самолёт оқшом пайтида Рим аэропортига қўнди, уни минглаб мухлислар кутиб олдилар. Дарҳақиқат, «Рома» одатий трансферни улкан шоуга айлантирди.

Фридкин лицензияни қаердан олган ва самолётларга қизиқишининг сабаби нима?

Дэн - ўта ғайриоддий президент. «Рома»ни Жеймс Паллоттанинг узоқ йиллик давридан кейин 2020 йилда харид қилган. Янги соҳибнинг кўплаб ваъдаларига қарамасдан, клуб ҳозирча чемпионликка эриша олгани йўқ, икки марта 2-ўриндан ўтолмай қолди.

Фридкин «Рома»ни бирданига шоҳсупага кўтарилади демаган, лекин ўзининг харизмаси билан кўпчиликнинг эътиборини қозонганди. Дэн - америкалик, асосий бизнеси - автомобиллар савдоси. У мамлакатнинг 5та штатида «Тойота» брендининг маҳсулотларини сотиш учун эксклюзив гувоҳномага эга. Қўшимчасига, бир қатор меҳмонхоналар ва гольф-клублар ҳам унинг тасарруфида. Ҳозирда Фридкиннинг молиявий қудрати 5,7 миллиард долларга тенг. АҚШ учун рекорд даражасида бўлмасада, клубни бошқариш учун етарли.

Фридкинлар оиласи узоқ йиллардан бери авиация билан алоқадор. Дэннинг бобоси Кенни Фридкин Иккинчи жаҳон уруши даврида учувчи бўлган. Урушдан кейин у ўзининг шахсий компаниясига асос солган - компания - мамлакат тарихидаги биринчи энг йирик лоукостер ҳисобланади. Фридкиннинг отаси Том ҳам узоқ йиллар давомида мунтазам рейсларда самолётларни бошқарган, ҳатто меросхўр сифатида компания раҳбари бўлганидан кейин ҳам парвозни давом эттирган. Табиийки, Дэн болалигидан ҳаво кемаси штурвалида улғайди, таҳсил олди, лицензияга эга бўлди. Фақат отаси каби мунтазам равишда йўловчи ташимади.

Лекин Дэн тарихга жиддий қизиқди ва Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда самолётларда намойиш этиладиган шоуга асос солди. 

Самолётлар коллекцияси йиғишни Дэннинг отаси Том бошлаганди. Ўғли анъанани давом эттирди. Ноланнинг «Дюнкерк» фильмидаги сўнгги саҳнада самолётни пляжга қўндирган қаҳрамон Харди ролини айнан Фридкин ўйнаганди. Картинада иштирок этиш учун у самолётини бериб туришга рози бўлганди. Шунингдек, Дэн Клинт Иствуд, Ридли Скотт, Мартин Скорсезе каби машҳур санъаткорлар билан йирик лойиҳалар устида ҳамкорлик қилади. 2019 йилда Дэн «Сўнгги Вермеер» драмаси билан режиссура соҳасида дебютини нишонлади. Қисқаси, Лукакуни Римгача элтиб қўйиш у учун муаммо эмасди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади