Гуруҳ босқичи - «ўйинчоқ»

Гуруҳ босқичи - «ўйинчоқ»

Жаҳон чемпионати рекордчиси Бразилия миллий жамоаси охирги марта 2002 йили Япония ва Жанубий Корея майдонларида зафар қучганди.

«Пентакампеонлар» шундан кейинги барча турнирларда ҳам бош фаворитлар қаторида бўлишди, фақат нимадир ўхшамади, кимдир етишмади - қандайдир сабаб билан мақсадга эришолмадилар. Лекин битта факт борки, ундан кўз юмиб бўлмайди: Бразилия термаси ўша 2002 йилдан буён ЖЧ гуруҳ босқичида мағлубият нималигини билмаяпти.

Мана, Тете бошқарувидаги Бразилия миллий жамоаси Қатарда ҳам дастлабки 2та ўйиндан кейиноқ гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилиб қўйди. Диққат қилинг, бразилияликлар мундиалнинг биринчи босқичида 17та ўйиндан буён мағлубият кўчасига киришмаяпти. Ушбу қойилмақом серия ичида 3тагина дуранг бор. Оддий айтганда, Жанубий Америка гранди охирги 20 йил бадалига ЖЧ гуруҳ раундида фақат Португалия (2010 йили - 0:0), Мексика (2014 йили - 0:0) ва Швейцария (2018 йили - 1:1) термаларига очко улашди, холос. 

Бразилия миллий жамоасининг 17та ўйиндан иборат серияси ичидаги 14та ғалабадан 4таси йирик ҳисоблидир. Қолаверса, тўп афсунгарлари 2002 ва 2006 йиллардаги мундиал гуруҳ босқичини 100 фоизли натижа билан якунлашган. Умуман, бразилияликлар шу 17та ўйинда жами 38та гол уриб, 9тагина қўйиб юборишган. Яна бир факт: Бразилия термаси 17та ўйиндан 12тасида рақиб дарвозасини камида икки бора нишонга олган, ўзи эса атиги биттасида 2та гол қабул қилган. Ҳа, бразилияликлар охирги йилларда ЖЧ гуруҳ босқичига мисоли ўйинчоқ каби қарашяпти...