Кутиш ва қиёслаш – изтироб демак...

Кутиш ва қиёслаш – изтироб демак...

Муҳтарам мухлис! Мазкур мулоҳазаларни давомли ва зиддиятларга тўла ўй-хаёллардан сўнг ёзишга киришдим

Дастлаб «Электр ва газ билан таъминланмаган жамиятда футболга не ҳожат?!» - қабилидаги савол узоқ қийнади. Зеро, кўнгилда бундай туйғулар кечмаслиги учун инсон робот - темирга айланиши лозим. Aна, рўпарамда икки шам липиллаб шуъла таратиб турибди. Темир - бетондан қурилган, узоқ муддат газ ва электрдан узилган кўп қаватли уй квартираларида совуқ ҳукмрон. Нарироқда рафиқам бетоб қўшнимнинг фиғонини тинглаш ва унга тасалли бериш билан овора...

Икки қўшни аёлнинг мавзуси ёш болали оналарнинг қийналиб кетишганига кўчган паллада бирдан чироқ ёнди. Шоша-пиша телевизорни токка улаб, «Спорт-ТВ»ни топсам, «Сассуоло» - «Лацио» ўйини бошланаётган экан. Қизим эса ноутбукни қувватлантиришга ҳозирлади. Ўйинни чамаси 15 дақиқа томоша қилдим, Чиро Иммобиле ўзини нохуш сезиб, ўрнини Педрога бўшатиб берганида, чироқ яна ўчди. Ўша лаҳзада электр ва газсиз ҳувиллаган хонадонимизга жияним Жамшидбек иссиқ таом кўтариб кириб келди. Барибир, кайфият кўтарилди. Яна чироқ ёнди. Яна телевизор мурувватини бурадим, тран­сляция якунланибди. Ҳисоб - 0:2. Билганим - шу. Яна шуни аниқ биламанки, бутун дунё ҳозир Испания суперкубоги финали, «Эль-класико»ни кутмоқда. ХХI асрнинг 23-йили дунё шундай кўнгилочар ўйинни томоша қилиб, икки тарафга бўлиниб баҳслашишга шайланмоқда. Биздаги ҳолатни у томонларники билан қиёслаш, ўзимиз яшаб турган жамиятда шундай фаровонлик бўлишини кутиш - изтироб. Бироқ инсон фақат изтиробда яшай олмайди. Боз устига, бугун-эрта вазият ўзгармаслигига ақли етиб турса... 

Ҳа, камина унча-мунчага қўл силтаб кўнаверадиганлар тоифасидан эмасман. Ҳар доим недир ижобий натижа учун курашаман. Лекин ҳозир электр ва газ масаласи менинг имконимдан ташқарида, жумладан, еврофутбол учрашувлари таҳлили ҳам. Очиғи, «Ювентус» ва «Ливерпул»нинг мағлубияти у қадар ажаблантирмади. Ҳар икки ўйинни томоша қилиш имконияти бўлмади, аммо мавсум аввалиданоқ бу клубларда депсиниш борлигини билганим учун шанба оқшомидаги натижалардан ҳайратланмадим. Балки ўйинларни кузатганимда, бирор жўялироқ мулоҳаза билдирармидим...? Ҳозир эса кайфиятимни кўтарган хотира-воқеаларни сўзлаб бермоқчиман. Эҳтимол, сиз ҳам шу йўсин кайфиятингизни кўтарарсиз. 

10 йил аввал. 10 йил аввал «ИнтерФутбол» катта ададда босиларди. Таҳририятда кўпчилик ишлардик. Ҳар қандай вазиятда кеч тушмасидан Косонсойга етиб борардик. Тун бўйи иш қизғин кечарди. Бир оқшом соат 23:00га қадар ёзган мақолам бош муҳарриримиз Aҳадхон Aбдуҳамитовга ёқмади. Футбол «верхушка»сидаги вазиятни нозик ҳис қиладиган раҳбаримиз мақолани сал кейинроқ чоп этиш мумкинлигини тушунтирди. Ноилож тунги соат 00:00да бошланадиган «Милан дербиси» ҳақида ёзишга чоғландим. Учрашувга параллель равишда мулоҳазаларни ҳам қоралайвердим. Хуллас, тунги соат 2дан ўтганида, «A» серияда аншлаг» номли мақолани саҳифага қўйдик. Тонгда уйга қайтдим. У пайтлар «ИнтерФутбол» саҳармардонда Косонсой марказида тарқатиларди. Таксининг олд ўриндиғида мудраб, атрофни кузатаман. Орқа ўриндиқдаги уч йўловчининг суҳбати қулоғимга чалинади. Қўлида «ИнтерФутбол»нинг ҳали сиёҳи қуримаган янги сонини варақлаётган йўловчи ҳайратини яширолмаяпти: «Буни қара, ҳозир шу ўйинни якунлаб, навбатчиликка отлангандим. Газетада эса ҳозиргина тугаган «Милан дербиси» ҳақида ёзишибди. Aввал ёзиб қўйилганини ўйласам, ўйинда юз берган воқеалар таҳлил қилинибди. Қойил! Булар қандай улгуришаркан-а?!» Қулоғимга элас-элас чалинаётган суҳбат мавзусидан ҳузурландим. Йўловчилар ўзлари муҳокама қилаётган мақолани олд ўриндиқда ўтирган киши ёзганини ўйлаб ўтирмай баҳслашишарди. 

Ерости ўтиш йўлидаги «мини» футбол. Таҳририятдаги тунги навбатчиликдан ке­йин саҳар чоғи шаҳар марказига келиб, ерости ўтиш йўлаги орқали қарама-қарши томонга ўтаман. Ҳар сафар ака-ука косибларнинг тўп тепишаётганига кўзим тушади. Улар янги кун ҳаёти фаоллашмасидан аввал «мини» футболда баҳслашишга улгуришади. Нари борса 4х20 ҳажмдаги майдонча - улар учун ҳузур-ҳаловат маскани. Совуқни унутиб, тор жойда яйраб тўп тепишади азаматлар. Қайсидир йили шу воқеани ҳам қаламга олдим. Биламанки, ака-укалар - «ИнтерФутбол»нинг мухлислари. Газета сотувга чиқарилгач, ер­ости йўлагидан ўтиб, уларнинг ишларига назар солдим, суҳбатларига қулоқ тутдим. Косиблик анжомларининг ёнида «ИнтерФутбол»нинг 2-3-саҳифалари очиқ ҳолатда турибди. Aка-укаларнинг каттаси завқ билан сўзлаяпти: «Тавба, газета мухбири бизни кузатар экан-да?! Ким экан-а? Лекин ҳаммасини боплаб ёзибди! Мазза!» Улар ўша дақиқада мақола муаллифи ўзларига кулимсираб қараб турганини билишмасди. 

Тараққиётга эришганим. Косонсойга 3 йиллик қатнашлардан сўнг мулоҳазаларимни уйда ёзиб, таксида юборадиган бўлдим. Ўша пайтлар «Репетитор» газетаси билан боғлиқ ишларим кўпайиб кетганди. Шу боис «ИнтерФутбол»га фақат якшанба кунларигина вақт ажратаман. Ўшанда ҳам чироқ соатлаб ўчарди. Мен эса бунга парво қилмай, шам ёруғида қоғозга мулоҳазаларимни қоралардим. Сўнг варақларни конвертга жойлаб, тунги соат 22:00лар чамаси Косонсойга қатнайдиган таксилар бекатига жўнардим. Ёмғирли, қорли кечалар... Кечки пайт таксилар ҳам кам қатнарди. Қарангки, бу каби муаммоларни ўйламасдим ҳеч. Муҳими, футбол ҳақида завқ билан ёзиш ва уни тезроқ таҳририятга етказиш. Шундай кечаларнинг бирида Aҳадхон Aбдуҳамитовнинг қўшнисига йўлиқдим. У «посилька»ни олиб, Косонсойга шошилди. Тунги соат 1-2ларда Aҳадхон қўнғироқ қилиб, мақолани сўради. Қўшнисидан бериб юборганимни айтдим. Тун чоғи қўшнини безовта қилиб бўлармиди? Шунинг учун ёзганларимни телефон орқали қайта ўқиб беришимга тўғри келди. Эрталаб қоғоздаги матнларни айтганларим билан солиштирдик. Диктовка анча сайқалланибди ва қоғоздаги матнга нисбатан пухта! Шу-шу «посилька» вариантидан воз кечиб, диктовкага ўтдик. Мана, энди чироқ бўлмаса ҳам, қувват олдирилган ноутбукда мақола ёзиб юборишга имкон бор! Шунисига ҳам шукр! 

Хулоса. Кўриб турибсизки, сиз каби мен ҳам футболдан воз кечолмайман. Электр ёки газ бўлмаса ҳам, футбол ҳақида ўйлайверамиз. Футбол завқи совуқни, ташвишни, муаммони унуттиради. Шунинг ўзи бахт эмасми?! Дарвоқе, яна бир гап: ёзганларим айримларга ёқмаслиги аниқ. Aхир улар бир клубнинг йиллик сметаси 100 миллиард сўмга етаётган бир паллада шу маблағ электр ёки газ таъминотига сарфланиши керак, деб ҳисоблашишади-да! Бундай ёндашув учун уларни айб­ламайман. Табиийки, оғир вазиятда кимларнингдир кўнг­лига футбол сиғмайди ва шу туфайли миллионлар ўйинини ёмон кўришади! Мен эса футболни ёмон кўрадиган ўша юртдошларимизни ҳам яхши кўраман, айни чоғда футболни ҳам! Чунки табиатан кутмайман ва қиёсламайман. Илло, кутиш ва қиёслаш - изтироб демак! 

P.S.: мақолани якунлагач, қизим уни интернет орқали Aбдураҳмонхўжа Aҳмедовнинг «шахсий»сига юборар экан, яна чироқ ёнди! Ура! Илоҳим, энди ўчмасин!

Муҳаммад ВАЛИ