Лауреатлар: Бу – энг гўзал қайтиш!

Лауреатлар: Бу – энг гўзал қайтиш!

- Мен учун соғлом эркак ва ота сифатида қайтиш муҳим эди - Кристиан Эриксен яна бир бора юрак хуружидан қандай омон қолганини эслади.

 Даниялик толмас ярим ҳимоячи яқинда Laureus Sports Awards - «Йил қайтиши» совринига эга чиқди. Табиийки, у тақдимот маросимида 2021 йилнинг июнь ойида кузатилган ёқимсиз воқелик ҳақида ҳам гапирди. Эслатма, Евро-2020дан ўрин олган Дания - Финляндия ўйини давомида Кристианнинг юраги бир муддат тўхтаб қолган ва барчаси аянчли тугаши ҳеч гап эмасди. Ўшанда учрашув тўхтатилган ва шифокорлар томонидан Эриксенни ўзига келтириш терапияси бошланган эди. Яхшики, тиббий ёрдамдан сўнг футболчининг юраги қайта ура бошлади ва футбол мотамга айланмади.

Тўғри, ўша воқеликдан сўнг 29 ёшли данияликнинг фаолияти катта хавф остида қолди, барибир. Шифокорлар унинг юрак пульсини назоратга олиш учун кардио­стимулятор ўрнатдилар. Бироқ Италия «А» серияси регламентига биноан, бундай жиҳоз билан ўйнаш мумкин эмасди. Шу тариқа даниялик «Интер» билан шартномасини бекор қилишга мажбур бўлди. Асосийси, 2022 йилнинг қишида «Брентфорд»га йўл олган Кристиан яна 6 ойдан кейин «МЮ» сафига қўшилиб, гўзал қайтишни амалга оширди.

Мана, 8 май куни Эриксен Laureus Sports Awards тақдирлаш маросимида «Йил қайтиши» мукофотини қўлга олди. Бинобарин, даниялик қисқа вақтда «МЮ»нинг асосий таркибидан жой олди. Ваҳоланки, 2 йилча олдин кўпчилик унинг футболдан кетишини тахмин қилганди. Тақдирлаш маросимида журналистларга Эриксендан аввало, юқори даражага қандай қайтгани ҳақида сўрашди. «Ўша воқеадан шахсан мен нима олдим? Ҳамиша бор салоҳиятингдан завқ­ланишинг ва майдонда хотиржам ўйнашинг керак. Мабодо футбол сенга қувонч келтирмаётганингни сезсанг, дарҳол бошқа юмушга қўл уришинг маъқул. Мен учун энг муҳими - майдонга қайтиш ва ҳаётда инсон бўлиб қолиш эди. Аниқроғи, аввало, тўлақонли ота ва соғлом эркак сифатида қайтишни хоҳладим. Энг асосийси шу. Ўша воқеликнинг эртасигаёқ нималар рўй берганини ўйладим. Шунчаки, кадрларга қарадим ва ҳис-туйғуларни тўлиқ бошдан кечирдим, кейин келажакка боқдим. Аммо бундан енгил тортмадим. Гоҳида ортга қарайсан ва бу ҳақда ортиқ ўйлашни ҳам истамайсан. Шунчаки, қарайсан ва тамом. Махсус мослама билан «А» серияда ўйнаш тақиқланганини билардим. «Интер» ўртадаги шартномани бекор қилгач, ниҳоят, миямда чарх ураётган саволга жавоб олдим: майдонга қайтиб, яна ўйнай оламан, фақат бошқа жойда. Шу аснода «Интер» билан алоқаларни уздим - бу ягона тўғри вариант эди», - деди иродали Эриксен.

Даниялик футболчи шунинг­дек, қалтис вазиятда унга ўз эшигини очган «Брентфорд»дан нега кетганига ҳам тўхталди: «Ҳа, бир тўхтамга келишда роса қийналдим. Ахир бу клубда вақтни жуда яхши ўтказдим. Менга қайтиш имконини бергани, яна футболчи сифатида майдонга тушишимни таъминлагани учун «Брентфорд» раҳбарияти ва мураббий Томас Франкдан бир умр миннатдорман. Аммо бошидаёқ Франкка агар ўзимни юқорироқ савияда синаб кўриш имконини берувчи клубдан таклиф олсам, уни қабул қилишимни айтгандим. Бахтимга, «Юнайтед»дан чорлов тушди ва бу чиндан ҳам, мен хоҳлаган таклиф эди. Бор гап шу. Ҳа, омадли йигитман».