маълумот: Қатарга қарашга қадар...

маълумот: Қатарга қарашга қадар...

Тушунарлики, футбол оламининг бугунги бош мавзуси - ЖЧ. Лекин мухлислар Европанинг кучли 5та чемпионатини ҳам бутунлай хотирадан ўчириб ташламаганлари тайин.

Зеро, Қатар мундиали шу ҳафта охирида ёпилади ва барчанинг эътибори яна евромайдонларга бурилади асосан. Шундай экан, миллий чемпионатлар қайта йўлга чиқишидан олдин Қатар-2022 туфайли юзага келган ноодатий танаффусга қадар ҳосил бўлган энг муҳим статистик маълумотларни бирров эсга солиш зарар қилмаса керак.

«Барса» ва «Боруссия» Д. раҚобати

Жорий мавсум Европада ўз майдонидаги ўйинларда мухлис тўплаш масаласида одатдагидек, «Барселона» ва «Боруссия» Д. ўртасида жиддий рақобат кетмоқда. Ҳозирча ўртача кўрсаткич бўйича Каталония вакили бироз устун. Диққат қилинг, «кўк-анорранглилар»нинг «Камп Ноу»даги ўйин­ларига ўртача ҳисобда 81194 мухлис ташриф буюрди. Дортмунд жамоасида эса бу кўрсаткич 81032га тенг. Ҳа, шовқинли «Сигнал Идуна Парк» ўз соҳибини асло ёлғизлатиб қўймайди ҳар қандай ҳолатда. Таққослаш учун айтсак, айни пайт «Барселона» Ла Лигада пешқадам бўлиб турибди, «Боруссия» эса Бундеслига турнир жадвалининг атиги 6-қаторида. Германия чемпионати карвонбошиси «Бавария» эса ўртача 75000 мухлис тўпламоқда - бу Европадаги 3-юқори натижа. 


ХОЛАНД РАҚОБАТДАН ХОЛИ ДЕЯРЛИ

АПЛдаги дебют мавсумида 14та турдан сўнг 18та гол - бу «Манчестер Сити»нинг янги тўпурари Эрлинг Холандга тегишли натижа. Норвегиялик ҳужумчи айни пайт Европанинг кучли 5та лигаси вакиллари орасида бош голеадор мақомида ва евромавсум «Олтин бутса»сига яққол даъвогар. Тўғри, Германия­да дарвозабонларни беармон «титратиб» зериккан ва Ла Лигага юзланган Роберт Левандовскининг натижаси ҳам чакки эмас - «Барселона» учун дастлабки 14та турда 13та гол! Лекин польшалик форварднинг позицияси мустаҳкам эмас. Ҳар ҳолда, ортида Килиан Мбаппе («ПСЖ»), Кристофер Н~Кунку («РБ Лейпциг»), Гарри Кейн («Тоттенхэм»), Неймар («ПСЖ») каби таъқибчилар бор. Боз устига, Левагол дисквалификация туфайли Ла Лиганинг навбатдаги 3та ўйинини ўтказиб юборишга мажбур. 


ДЕ БРЮЙНЕ, МЕССИ, ЯНА КОЛО  МУАНИ...

Европанинг кучли 5та чемпионатида голга ассистентлик қилиш бўйича заргарона узатмаларнинг чин усталари - Кевин де Брюйне ва Лионель Месси ўртасида ҳақиқий «жанг» бораётганида ажабланадиган томони йўқ. Лекин «Манчестер Сити» ўйини дирижёри ва «ПСЖ» етакчиларидан бири рақобатига четдан аралашаётганлар ҳам етарли. Мисол учун, «Айнтрахт» шарафини ҳимоя қилаётган Рандаль Коло Муани ҳозирга қадар бельгиялик ва аргентиналик юлдуз каби 10та ассист тўплашга улгурди. Қолаверса, «ПСЖ»да нафақат гол уриш, балки унга ҳаммуаллиф бўлишни ҳам қойиллатаётган Неймарда 9та самарали узатма бор. 
muxl-asist.jpg
ИККИСИ БИРДА БЎЛСА-ЧИ?

Хўш, жорий мавсумнинг ортда қолган қисмида «Гол}пас» тизими жадвали қандай ҳолатга келди? Ҳозирда бу борада ҳам Эрлинг Холандга етадигани йўқ. Чунончи, норвегия­лик футболчи «Манчестер Сити» учун 18та гол уришдан ташқари, 3та самарали узатма амалга оширди. Демак, унда 21 очко бор. Ҳар икки жиҳатда ажралиб турган «ПСЖ» юлдузи Неймар 20 балл билан бош таъқибчи ролида. «Бавария» вундеркинди Жамол Мусаиланинг худди бразилиялик каби гол ва узатма бўғинини тенг ушлаётгани эътиборга молик - 17 очкосидан 9таси гол ва 8таси ассист.  
mux-tupurar.jpg

ДИҚҚАТ, «НАПОЛИ» ҲАЗИЛЛАШМАЯПТИ

Неаполь клубининг чемпионатнинг дастлабки қисмида ҳаммани ҳайрат кўчасига етаклаши охирги йилларда одатий ҳолга айланди. Бироқ «Наполи»нинг жорий мавсумдаги старти бошқача, барибир. Қаранг, Лучано Спалетти жамоаси «А» серия 14-туридан кейин турнир жадвалида энг яқин таъқибчисини 8 очко ортда қолдирган  ҳолда етакчилик қилмоқда. 21-асрда эса Италия чемпионатида бунақаси атиги бир марта кузатилган - «Ювентус» мавсум-2018|2019да шундай ёрқин старт намойиш этганди. Энди ҳамма гап «Наполи»нинг ЖЧгача бўлган темпни ушлаб қолиш-қолмаслигида. 

Яна бир томони, «Наполи» «А» серияда қаторасига 11та ўйинни ғалаба билан якунлади. Неаполликлар шу серия давомида 27та гол уриб, 9та қўйиб юборишди. Умуман, «Наполи» жорий мавсум Европанинг кучли 5та лигасида ҳали мағлубият кўчасига кирмаган 2та клубдан биридир. Яна бири - «ПСЖ», аммо Лига 1 ва «А» серия ўртасидаги фарқни ҳам инобатга олиш керак. 


АПЛда «АРСЕНАЛ» АЛАНГАСИ! 

Англия Премьер-лигасининг дастлабки 14 турдаги самараси ҳам диққатни ўзига тортади. Ахир дунё футболидаги энг кучли биринчиликда «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ёки «Челси» эмас, Микаэль Артета бошқарувидаги «Арсенал» етакчилик қилмоқда. Яна ишонч билан. «Канонирлар» дастлабки 14та турда 37 очко тўплашди ва ҳозирда «шаҳарликлар»дан 5 очко олдиндалар. Шу ўринда, таққослаш учун «Эмирейтс» эгаларининг аввалги икки мавсумнинг 14та туридаги ҳолатларига қаранг:
Мавсум-2020|2021: 15-ўрин, пешқадамдан 17 очко орқада
Мавсум-2021|2022: 5-ўрин, пешқадамдан 10 очко орқада
muxl-ars.jpg

Умуман, 14-турдан сўнг 37 очко - бу АПЛ тарихидаги 7та энг ёрқин стартдан биридир. Агар Лондон клуби лоақал биринчи давра якуни (19та тур)га қадар ҳозирги динамикасини сақлаб қолса, бу фантастик натижа бўлади, албатта.