Микель Артета: «Сити» биздан анча кучли эди...»

Микель Артета: «Сити» биздан анча кучли эди...»

«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета ҳозир ҳам ўзи, ҳам жамоаси учун улкан ижобий лаҳзаларга тўла мавсум-2022/2023 ҳақида ўйлаб, ёзда қандай янгиликларга қўл уриш мумкинлигини ўйлаётган бўлса, ажабмас.

 Ҳа, испаниялик мутахассис жамоаси мавсумнинг катта қисмида муқаррар чемпиондек кўринди, бироқ якунда ҳаммаси бошқача тугади. Қисқаси, «канонирлар» орада бир неча қийин ҳафтага юз тутишди ва даҳшатнамо «Манчестер Сити» охир-оқибат, жадвалда «тўпчилар»ни ортга суриб, қаторасига 3-марта чемпионликни тантана қилди. «Арсенал»га қувноқликни қайтарган Артета энди бутун чемпионат масофасини яхлит ҳолда чуқур таҳлил қилиши аниқ. Лекин у ҳозирнинг ўзида хулоса чиқармоқда: «Арсенал»нинг ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида эришган ажойиб ютуқлари - ҳамма учун катта «сюрприз». Ёш мураббий бу борада ҳақ. Зеро, «канонирлар» ўтган йилнинг август ойида «Кристал Пэлас»га қарши ўйин билан стартга чиққан паллада ҳеч ким улардан бундай ёрқинликни кутган эмасди.

- Жаноб Микель, айтингчи, жамоангиз жорий мавсум муваффақиятга эришдими ёки омадсизликка юз тутди?

- Чемпионлар Лигаси йўлланмасини финишга 5-6 тур қолган палладаёқ расмийлаштирдик ва турнир жадвалида 2-ўринни банд этдик. Асосийси, кўплаб футболчиларни тарбияладик, уларни янги даражага олиб чиқдик. Қисқаси, йигитларимиз жамоа қатори ўсишди ва улкан натижага катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, мухлисларимиз билан ҳам кучли муносабат ўрнатдик, ўртадаги алоқаларни ривожлантирдик, жамоа атрофида ўзига хос муҳит яратдик. Оддий айтганда, жамоа эга бўлган имкониятлар, қобилиятлар ва ресурсларни ҳисобга олсак, мавсум кутилганидан кўпроқ ижобий ҳолатлар тақдим этганини кўриш мумкин. Шундай экан, иштирокимиз муваффақият иборасини ишлатишга арзийди. Ҳаммаси қайси нуқтаи назардан баҳо беришга боғлиқ. Нақ 248 кун давомида АПЛ турнир жадвали чўққисида туриб, якунда чемпионликдан мосуво қолганимиз эса, вазият тақозоси. Тан олиш керак, «Сити» биздан анча кучли эканлигини исботлади. Ҳа, шунча юриш якуний ғалаба учун етарли бўлмади. Қўлдан келганича ҳаракат қилганимиз ўз-ўзидан тушунарли, фақат якунда бир неча хатоларга йўл қўйдик ва улар қимматга тушди. Аммо ҳақиқат шуки, ҳаммадан табрик олишга ҳақли битта жамоа бор - «Манчестер Сити». Шунингдек, Хосеп Гвардиола ва унинг штаби ҳам қутловларга муносиб. Бутун чемпионат масофасини олсак, «шаҳарликлар» биздан изчилроқ кўриндилар. Шундай экан, «Сити»ни самимий табриклаш керак, шунинг баробарида рақиб мавсум давомида бажарган иш кўламидан хулоса олиб, ўз ритмингизни янада яхшилаш, оқсаган жиҳатларни тўғрилаш ҳақида бош қотириш муҳим. Футбол талаби оддий - янги даражага кўтарилишни истайсизми, марҳамат, ўз ўйинингизни имкон қадар кучайтиринг.

- Чемпионликдан мосуво қилган энг оғриқли бурилиш нуқтасини айта оласизми?

- «Энфилд»да 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, 90-дақиқада ғалабани қўлдан чиқардик - аламли дуранг. Шундан сўнг «Вест Хэм»га қарши учрашувнинг дастлабки 20 дақиқасида 2та гол урдик, давоми пенальти, яна аламли якун. «Саутгемптон» билан баҳсда эса аввалига 2та гол қўйиб юбордик, шунга қарамай, ғалабага жуда яқин келдик, амалда эса 3:3 ҳисобига кўндик. Охир-оқибат, «Сити»га қарши ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Қайтараман, рақиб биздан анча кучли эди. Орқага назар ташласак, агар «Энфилд»да ғалаба қозониб, «Вест Хэм» ва «Саутгемптон»дан устун келиб ҳам, 2-ўринга тушишимиз мумкин эди. Охир—оқибат, чемпионликка интилган жамоа асосий рақиб билан юзма-юз келганида, уни енгиши шарт. Чунки бундай ўйин баҳоси 6 эмас, 12 очкога тенг бўлади баъзан.

- Хўш, ёзда таркибни кучайтиришга эътибор қаратасизми?

- Ўйлайманки, ҳозир саёҳат бошида турибмиз. Биринчидан, ажойиб пойдевор бор, иккинчидан, рақобатбардошлик сифати ошди, чиндан ҳам. Энди қайта тикланиш тугмачасини босиш ва барчасини янгитдан бошлаш талаб этилади. Майдонда янада тезроқ ҳаракатланишимиз, қатъиятни оширишимиз, шафқатсизроқ бўлишимиз керак. Чунки ҳозир даража ўлчови анча катта, майдон эса жуда кичик. Шунинг учун ўйинга ақл билан ёндашиш ҳам ўта муҳим.

«АРСЕНАЛ» РАҲБАРИЯТИ АРТЕТАДАН МАМНУН

Лондон клуби Микель Артетага маоши оширилган янги шартнома таклиф қилишга улгурди. Football Transfers хабарида айтилишича, «канонирлар» испаниялик мутахассис билан ҳамкорлик муддатини 2028 йилнинг июнигача узайтириш ниятидалар. Айтиш жоиз, Артетанинг амалдаги шартномаси 2025 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Демак, раҳбарият бош мураббий ишидан мамнун. Маълумот учун, Артета «Арсенал» бошқарувини 2019 йилнинг декабрида қўлга олганди. «Канонирлар» жорий мавсум унинг қўл остида АПЛда 2-ўринни нақд қилиб, 7 йиллик танаффусдан сўнг ЧЛ йўлланмасини қўлга киритишди.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.