Моуриньо: «6 ойдан сўнг Шомуродов «Рома» га қайтиши мумкин.. »

Моуриньо: «6 ойдан сўнг Шомуродов «Рома» га қайтиши мумкин.. »

Маълум бўлишича, «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов жамоаси билан А Серия доирасидаги сафардаги ўйинга бормайди.

Romanews хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳужумчи «Специя»га ўтаётгани сабабли бош мураббий Жозе Моуриньо томонидан «Наполи»га қарши Неаполдаги ўйин қайдномасига киритилмайди. Шомуродов сафардаги ўйинга бормай, унинг янги клубга ўтиш масаласи тезлаштирилади.

***
«Бўрилар» устози Жозе Моуриньо «Наполи»га қарши якшанба кунги ўйин олдидан бугун, 28 январь куни матбуот анжуманида қатнашиб, Элдор Шомуродовнинг янги жамоага ўтаётганини тасдиқлади.

«Ҳа, Неаполга бир ўйинчи кам келдик. Шомуродов ўз меҳнатлари эвазига майдонга чиқиб, футбол ўйнашга муносиб. У ўтган вақт давомида бизга ёрдам беришга тайёр туриш учун машғулотларда борини бериб ишлади. У фантастик йигит. Воқеалар ривожи қандай бўлишини кўрамиз, балки ярим йилдан кейин қайтар», - дейди римликларнинг португалиялик мураббийи.

Зотан, миллий термамиз сардори «Специя»га ўтаётгани сабабли Жозе Моуриньо томонидан «Наполи»га қарши Неаполдаги ўйин қайдномасига киритилмагани ҳақида хабар берилганди. 
Аввалроқ, Шомуродов «Специя»га ярим йилга ижарага берилиши маълум қилинганди. Инсайдер ди Марциога кўра, бунинг учун Рим клубига 1,5 миллион евро тўланади.
Маълумот учун, «Специя» А Серияда 15-поғонада бормоқда ва лигада энг кам гол урган жамоалардан биридир. Шомуродов бу мавсум А Серияда 6та ўйинда майдонга тушиб, гол ура олмади. Элдор 2021 йилнинг ёзида «Женоа»дан 17 миллион евро эвазига «Рома»га кўчиб ўтганди.