АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
ПЎЛАТХЎЖА ХОЛДОРХОНОВ ХОНАДОНИГА ТАШРИФ.
1-18 март кунлари юртимиз яшил майдонларида ўтказилган U-20 тоифасидаги ОКда қитъа чемпионига айланган Ўзбекистон ёшлар термаси футболчилари бугун ҳар жойда эъзозда. Ахир улар чиндан ҳам, катта жасорат билан қаҳрамонлик кўрсатишди. «Олтин» жамоамиз ҳужумида кучли таассурот уйғотган йигит - бу «Пахтакор» вакили Пўлатхўжа Холдорхонов. Истиқболи ҳужумчини мухлисларга яқинроқ таништириш мақсадида яқинда футболчи хонадонида бўлдик ва нафақат ўзи, балки яқинлари билан ҳам бафуржа суҳбатлашдик.
Хонадонда аввало, Пўлатхўжанинг бугунги даражага етишида катта меҳнати сингган Холдорхон ака Пўлатов (футболчининг бобоси)ни суҳбатга тортдик:
- Аввало, барчани муборак Рамазон ойи ҳамда терма жамоамизнинг тарихий ғалабаси билан чин қалбимдан табриклайман. Пўлатхўжага келсак, ундаги иқтидорни болалигидаёқ пайқаб, ўзим мини-майдонларда шуғуллантира бошлаганман. 8 ёшидан эса 2 йил давомида Косонсой БЎСМда Шодмонхон Маматов қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганди. Шундан сўнг Пўлатхўжани «Бунёдкор» академиясига олиб бордим ва набирам 10 кунлик кўрикда қатнашиб, синовлардан мувафаққиятли ўтди. Шу тариқа 2014 йилнинг апрелидан Фурқат Самедов қўл остида «Бунёдкор-Б» гуруҳида шуғуллана бошлади. Унинг ортидан бувисини олиб, пойтахтга кўчиб бордик, «Бунёдкор» академиясига яқин ҳудуддан ижарага уй олиб, Пўлатхўжа тарбияси билан ўзимиз шуғулландик. Ўғлим, яъни Пўлатхўжанинг амакиси ҳам вақтида футбол билан шуғулланган, аммо кейинчалик машғулотларни тўхтатиб қўйганди. Қисқаси, набирамдаги иқтидорни кўриб, шу бола етук футболчи бўлиши учун қўлдан келганича ҳаракат қилишга бел боғладим. Пўлатхўжа «Бунёдкор»да 5 йил давомида шуғулланган бўлса, унга имкон қадар шароитлар яратиб бердик. Айниқса, бувиси иккимиз ҳамиша ёнида бўлдик, болаларча инжиқликларини кўтардик. Дейлик, ўйини ўхшамай қолган пайтлар қўшимча мотивация бериш учун нималарнидир ўйлаб топардик. Ўша пайт «Бунёдкор»да ишлаган Отабек Ғуломхўжаев бир куни Пўлатхўжани «Пахтакор»га ўтказишни таклиф қилди. «Пахтакор» академиясида бу ёш тоифаси билан марҳум Михаил Аннинг ўғли Дмитрий шуғулланар экан. Бордик, гаплашдик ва барчаси ижобий ҳал бўлди. Кўп ўтмай, Пўлатхўжа кичик ёшлилар турнирларида тўпурарлик қобилиятини кўрсата бошлади. Шу аснода аввалига ўринбосарлар машғулотларига қўшилди, кейин набирамни асосий таркибга тортишди. Жумладан, «Пахтакор»нинг собиқ мураббийи Питер Хюстра эътиборига тушди, Саудия Арабистонида ташкиллаштирилган ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашди, гол уриб, жамоасига ғалаба тақдим этди.
- ОК финалидан 2 кун ўтиб, Тошкентда ташкиллаштирилган тақдирлаш маросимида қатнашдингиз, футболимиз раҳбарлари ва кенг жамоатчиликдан миннатдорчиликлар қабул қилиб олдингиз. Шу лаҳзада қарийб 10 йиллик машаққат, набира ортидан елиб-югуришлар эсингиздан чиқиб кетгандир...
- Албатта. Эътибор кутилганидан ўн чандон ортиқ бўлди. Президентимиз аввалига финал ўйинини стадионда кузатиб, йигитларга қўшимча мотивация бердилар. Кубокни ўз қўллари билан топшириб, ғалабани бирга нишонлаганлари - йигитлар учун бир умрлик хотира! Тақдирлаш маросими ҳам юқори даражада ташкил этилди. Албатта, фарзанд ва набиралар камолини кўриш - катта бахт. Фурсатдан фойдаланиб, Пўлатхўжанинг ҳужумчи сифатида шаклланишида меҳнати сингган барча мураббийларга миннатдорчилик билдираман. Келгусида янада маҳоратли ёшларни тарбиялашларига тилакдошман.
Шундан сўнг футболчининг бувиси - Асилахон аяга ҳам микрофон тутдик:
- Аввало, чемпионлик бутун Ўзбекистон, жумладан, Наманган ва Косонсойимизга муборак бўлсин. Бу ютуқ бутун халқимизники, албатта. Терма жамоамизнинг Осиё чемпионати доирасидаги барча ўйинларини бевосита стадионда кузатдим. Пўлатхўжа болалигидан бизнинг назоратимизда улғайгани учунми, ҳар бир ўйинга бориб, қўшимча куч бағишлаб туришимизни сўради. Шукр, чиройли ғалабаларни бирга нишонлаш насиб этди. Мана, бугун энг бахтиёр инсонлар қаторидамиз. Тўғри, бу кунларга етгунча қанча машаққат чекканимиз ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Баъзида фарзандларини футболга йўналтиришни хоҳлаган ота-оналар мендан маслаҳат сўрашади. Уларга оддий жавоб бераман: «Бир футболчи тарбиялагандан кўра, ўн шифокор етиштириш осонроқ». Кўпчилик болани академияга киритиш учун қанчадир пул бериш кераклиги ҳақида гапиради ёки шундай ўйлайди. Йўқ, аслида ундай эмас. Ҳар ҳолда, Пўлатхўжа ортидан бориб, Тошкентда яшадик ва уй ижараси, набирамнинг турнирлардаги иштироки учун йўл харажати ва шунга ўхшаш нарсаларга пул тўлаганмиз, холос.
- Тўғрисини айтинг, бирор марта танланган йўлдан чекиниш ҳақида ўйлаганмисиз? Дейлик, Пўлатхўжа жароҳатлан ёки оёғига зарба қабул қилган пайтда...
- Йўқ, ўйлаган бўлсам ҳам, тилимга чиқармаганман. Пўлатхўжа баъзи ўйинларда ўзини кўрсатолмаса, бобоси бироз қизишиб, танбеҳ берарди. Бола борки, у меҳрга ташна. Туғилиб-улғайган уйи, ота-онаси, ўртоқларидан узоқда юриш осон эмас, албатта. Умуман, бошимиздан қандай синовлар, оғир кунлар ўтганига «Бунёдкор» стадиони атрофидаги барча предметлар гувоҳ. Айниқса панжаралар. Кечаги тақдирлаш маросимида ҳам ўша қадрдон панжараларни ушлаб турганча барчасини хаёлдан ўтказдим. Шукрки, барчаси ортда қолди. Ҳозирда набирам Элдор Шомуродовнинг агенти билан шартномага эга. У Пўлатхўжага Тошкентдан уй олиб берди. Энди ортидан Индонезияда бўлиб ўтадиган ЖЧга бормоқчи.
Даврали суҳбат жараёнида футболчининг отаси Аъзамхўжа ака Пўлатов фикрларига ҳам қизиқдик, албатта:
- Биринчи навбатда, ҳамюртларимизга чексиз миннатдорчилик билдиришим керак. Зеро, улар Осиё чемпионати давомида терма жамоамизни чинакамига қўллаб-қувватлаб туришди. Бу ютуқ бутун халқимизники, албатта. Айниқса, Пўлатхўжани футболчи бўлишида меҳнати сингган ота-онам учун хурсандман. Пўлатхўжадаги иқтидорни отамнинг ўзлари пайқаб, унинг футбол билан шуғулланишида катта ташаббус кўрсатганлар. Қисқаси, фарзандимизнинг бугунги ютуқлари замирида ота-онамнинг ҳиссалари катта. Илоҳим, Пўлатхўжа келгусида клуби ва терма жамоалари таркибида ўзини кўрсатиб, бунданда катта ютуқларга эришсин, халқимизга қувонч улашаверсин.
Якунда қаҳрамонимизнинг ўзи - Пўлатхўжага ҳам юзландик:
- Албатта, оиламиз, айниқса, бобомнинг кучли эътибори ортидан профессионал футболчига айландим. Турнирга келсак, барчаси ажойиб ўтди. Ўзи бошидан фақат чемпионликни кўзлагандик. Гуруҳ босқичи 1-туридан финалгача - ҳар бир ўйин ўзига яраша қизиқарли ва оғир кечди. Мухлислар ҳам қўшимча куч бағишлашди ва гўзал муҳит яратишгани учун уларга алоҳида раҳмат айтиш керак.
- Австралия термасига қарши ўйиндаги ғалаба ортидан биз учун ЖЧ эшиклари очилди. Шундан сўнг босим ҳам йўқолди ва футболчилар янада эркинроқ ўйнай бошлашди...
- Йўқ, аслида биринчи ўйиндан кейиноқ босим чекинганди. Ҳар ҳолда, ҳеч ким ортиқча босимни сезмади, менимча.
- Финалдан кейинги тақдирлаш маросими лаҳзалари ҳамон миянгизда чарх ураётгандир...
- Тақдирлаш маросими нафақат бизга, балки ўзбек футболига бефарқ қарамайдиган ҳар бир инсонга унутилмас бўлди. Муҳтарам Президентимиз билан кўришдик, кубокни қўлларидан қабул қилиб олдик, ғалабани бирга нишонладик. Бунақаси унутилмайди, албатта.
- Энди клуб ҳақида: «Пахтакор» кетма-кет икки мағлубиятдан кейин «Навбаҳор»ни мағлубиятга учратди...
- Ўйлайманки, бу ғалаба «Пахтакор»нинг ўзига келиб олишига етарли. Ахир турнир фаворитларидан бири мағлубиятга учратилди. Жамоа бу ўйинга ўзгача кайфиятда тайёргарлик кўргани яққол сезилди. Худо хоҳласа, ғалабали сериялар ҳали олдинда.
- Шацких бошқарувида бу йил ҳам чемпион бўла оласизлармикан?
- Жамоа ўтган мавсум буни уддалади. Бу йил ҳам чемпионлик сари астойдил меҳнат қиламиз. Ҳа, Суперлига бироз сенсацион тарзда бошланди: 3-турдан кейин «Нефтчи» ва «Бунёдкор» пешқадам бўлиб турибди. Лекин «Пахтакор» ўз ўрнини қайтариб олишга қодир, бунга ишонаман.
- Ўтган мавсум «Олимпик»да салоҳиятли мураббийлардан бири Темур Кападзе қўл остида шуғулландингиз. Унинг назоратида кутилган даражада ўсишга эришдингизми?
- Биринчидан, «Олимпик»да ўйнашимга имконият берган барча инсонлар ва ҳар икки клубга раҳмат йўллашим керак. Менга ишонч билдириб, ўйин амалиёти тақдим этгани учун Темур акадан ҳам миннатдорман. Ўйлайманки, «Олимпик»даги вақт зое кетмади ва ўйиним маълум даражада яхшиланди.
Хуршид ЮСУПОВ ёзиб олди
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789