Агар Россия ОФК аъзоси бўлса...

Агар Россия ОФК аъзоси бўлса...

Россия футбол иттифоқи ОФК таркибига қўшилган тақдирда ҳам, мамлакат миллий жамоаси расмий ўйинларни ўз майдонида ўтказолмайди токи МОҚ санкциялари амалда бўлар экан.

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги сайтида шу ҳақда ёзди.

*** 

- РФИнинг ОФКга ўтиши эҳтимоли мавзусига қайтиб, ХОҚ сайтида эълон қилинган баёнотга эътибор қаратмоқчиман. Унда жумладан, Россия ва Беларусга нисбатан жорий қилинган санкциялар амалда экан, ушбу мамлакатлар ҳудудида халқаро мусобақалар ўтказилмаслиги айтилган. Демакки, агар Россия термаси ОФК миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаш турнирига қўйилган тақдирда ҳам, ХОҚ санкциялари бекор қилинмаса, жамоанинг уй учрашувлари мамлакатда ўтказилмайди. Назарий жиҳатдан бу омил ОФК аъзоларига овоз беришда ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Ахир бундай ҳолатда Осиё жамоаларининг Москва ёки Санкт-Петербургга учишига тўғри келмайди. Агар РФИ уй стадиони сифатида Тошкент, Душанбе ёки Бишкек (эҳтимол, Дубай)даги аренани танласа, унда ОФК жамоалари учун сафар унча узоқ саналмайди. Айтганча, Россиянинг баъзи манбалари хабарига кўра, РФИ гўёки, УЕФАдан чиқмай туриб, Осиё ҳудудидаги ЖЧ саралашида иштирок этиш вариантини кўриб чиқмоқда. Тарихда бунақасини бўлмаган, бундай ҳолат ФИФА ва ОФК Низомида ҳам кўзда тутилмаган. Шундай экан, бу нечоғли реаллик эканлиги аниқ эмас. Исроил тажрибасига ёпишиб олиш ўзини тўлиқ оқламайди. Исроил футбол ассоциацияси 1974 йили ОФКдан чиқариб юборилган ва 1994 йили УЕФАга аъзо бўлишига қадар ҳеч қандай конфедерацияга кирмаган. Исроил миллий жамоаси бу орада Европа, Океания ва Жанубий Америкадаги саралаш турнирларида қатнашган. Бироқ такрор айтаман, мамлакат футбол ассоциацияси ҳеч қайси конфедерацияга аъзо бўлмаган. Асосий фарқ шу. Агар РФИ чиндан ҳам, УЕФАдан чиқмай туриб, Осиёда ўйнашни истаётган бўлса, мақом бўйича фарқ яққол кўриниб турибди...