ЭЪТИРОФ: Кутилмаган кашфиёт

ЭЪТИРОФ: Кутилмаган кашфиёт

«Бавария» ҳужумчиси Эрик Шупо-Мотинг - жорий мавсумнинг энг кутилмаган кашфиётларидан бири.

У меҳнатсеварлик эвазига ҳатто 33 ёшда ҳам муваффақиятли тўп суриш мумкинлигини исботлади. Қизиғи шундаки, камерунлик фахрий шу пайтгача «топ» мақомига кўтарила олмаган, фаолиятининг юксак нуқтаси «ПСЖ»нинг захира ҳужумчиси роли бўлганди. Мюнхенда ҳам ижобий силжиш кузатилмади. Бироқ жорий мавсумда Эрик таниб бўлмас даражада ўзгариб, «Бавария»нинг асосий ҳужумкор кучига айланди. Жумладан, ЕЧЛ нимчорак финалининг жавоб учрашувида собиқ жамоаси («ПСЖ» - 2:0) дарвозасини ишғол этиб, ғалабага улкан ҳисса қўшди.

Плеймейкер, вингер, ҳужумчи

Германияда дунёга келган Камерун ўғлони футболчилик фаолиятини ўзи туғилган шаҳар жамоаси - «Гамбург»да бошлади. Ўсмирлик даврида Эрикни плеймейкер ва вингер позицияларида синаб кўришди, якунда у ҳужум чизиғи марказидан жой олди. 2007 йил августида Шупо-Мотинг Бундеслига доирасида «Ганновер»га қарши ўйинда дебютини нишонлади. «Гамбург»даги 4 йил ичида 23 марта майдонга тушди, асосий вақтини ўринбосарлар жамоаси ёки ижарада («Нюрнберг») ўтказди.

2011 йилда Эрик «Майнц» таркибига ўтди: ўйин амалиёти кўпайган бўлсада (81), сермаҳсуллик ҳужумчи учун мақтайдиган даражада эмасди - 22та гол. Шунга қарамасдан, ҳужумчи юқори ўринлар учун курашаётган «Шальке-04»дан таклиф олди. Бироқ Гелзенкирхенда ҳам «Майнц»дагидек натижаларни қайд этди - 106 учрашувда 22та гол. Бироқ Эрик сермаҳсуллик кўрсата олмаган бўлсада, фойдали жиҳатлари йўқ эмасди: салкам 2 метрли (191 см.) футболчи юқори тезлик, дриблинг ва аниқ узатмалар соҳиби эди, хавфли вазиятларда тўғри ечимни топа оларди.

«Шальке»даги шартнома муддати тугагач, Шупо-Мотинг АПЛга йўл олди ва эркин агент мақомида «Сток Сити» билан 3 йиллик шартномани имзолади. Бироқ мавсум якунига кўра, «Сток» Чемпионшипга тушиб кетди, Эрик эса 2017|2018 йиллар мавсумидаги қониқарсиз (32та ўйин, 5та гол) натижадан кейин ҳамкорликни тўхтатди. Таажжубки, мазкур омадсизлик камерунлик ҳужумчининг илк марта топ-клуб - «ПСЖ»дан таклиф олишига халал бермади. Парижликлар учун муҳитни бузмайдиган, захирада ўтириб, муайян вазиятларда жамоага ёрдам бера оладиган услубий ҳужумчи зарур эди. Лекин Францияда Эрик 2 йилда 51 марта майдонга тушди ва 9та гол урди. Ўша кам сонли голларнинг биттасини қаҳрамонимиз ЕЧЛнинг чорак финалида «Аталанта» дарвозасига урган, шу гол эвазига «ПСЖ» ярим финалга, кейин финалга чиққанди. Дарвоқе, ўша гол Шупо-Мотингнинг ЕЧЛ­даги парижликларга ҳадя этган дастлабки ва сўнгги голи бўлиб қолди.

«Бавария»нинг қизиқиши Эрикни Германияга қайтарди

Туғилган юртига қайтган ҳужумчи немис гранди билан бир йиллик шартномага имзо чекиб, икки мавсум Роберт Левандовскининг муқобил ўриндоши вазифасини адо этди: асосан захирадан майдонга тушган ҳолда ҳар йили 9тадан гол урди. Қўшимчасига, «профессионал захирачи» мақомида ички муҳитга кўтаринки кайфият бахш этди.

2022 йилда польшалик снайпер жамоани тарк этгач, мураббийлар ҳужум марказини Садио Манега топширишди. Бироқ бу роль сенегаллик ҳужумчига бегона бўлгани сабабли, у талаб даражасидаги ўйинни кўрсата олмади. Боз устига, ноябрда жиддий жароҳат олиб, сафдан чиқди. Шу тариқа Шупо-Мотинг учун имконият пайдо бўлди. Маненинг жароҳатидан ташқари, Юлиан Нагельсманнинг жамоа учун ўйнайдиган услубий ҳужумчиларга («Хоффенхайм»да Сандро Вагнер, «РБ Лейпциг»да Юссуф Поульсен) бефарқ эмаслиги ҳам Эрикнинг фойдасига ишлади. Қолаверса, мюнхенликлар услубий ҳужумчиси рақобатчи касбдошларига нисбатан ақллироқ тўп суради: қачон ортга қайтиш ва қачон рақибдан ўзиб кетишни, тўпни жамоадошига ошириш ёки жарима майдончасига йўллашни аниқ ҳис этади. Шунингдек, Эрик жамоадошлари билан девор усулида ўйнаш илмини ҳам пухта ўзлаштирган.

Юлиан Нагельманн, «Бавария бош мураббийи: «Эрик классик тўққизлик эмас, чунки у чизиқлар оралиғида ўзини кўпроқ таклиф этади. Шу сабабли олдинги чизиқ етакчисини эслатади. Уни камёб ҳужумчи сифатида ҳурмат қиламиз».

Жорий мавсумда Шупо-Мотинг фаолиятида ҳеч ким кутмаган ўзгариш рўй берди: у мунтазам равишда гол ура бошлади. Бундеслиганинг 17 учрашувида 10та голни расмийлаштирди ва фаолиятидаги энг яхши натижани такрорлади. Маълумотларга кўра, ўтган йил октябридан шу пайтгача Эрик Германия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Айниқса, у октябрь-ноябрь ойларини сермаҳсул ўтказди: 10та ўйинда 10та гол. Жорий мавсум Шупо-Мотинг учун нафақат сермаҳсул, балки вазиятлардан фойдаланиш борасида ҳам аъло даражада ўтмоқда. Шубҳа йўқки, Эрик аввалги барча кўрсаткичлардан ўзиб кетади.

Роберт Левандовски, «Барселона» ҳужумчиси: «Жамоа қанчалик яхши ўйнаса, ҳужумчи учун гол уриш шунчалик осон бўлади. Эрик яхши спорт формасида, кўп гол урмоқда. У ажойиб йигит. Унга омад тилайман ва мавсум охиригача сермаҳсул ўйин кўрсатишига умид қиламан».

Футболчининг ўзи эса камтарлик билан муваффақиятли мавсумнинг бирон-бир сири йўқлигини, ҳозир ҳам аввалгидек тўп сураётганлигини таъкидлади: «Ўйин услубини ўзгартирган эмасман. Шунчаки, яхши тайёргарлик кўриб, имконият беришларини сабр билан кутаман. Бор гап шу. «Бавария»нинг бир қисми бўлганим ва етарли ўйин амалиётига эга бўлганимдан бахтиёрман».

Голеадорлик ва ажойиб ўйин шартнома муддатини узайтирди

«Бавария» мутассиддилари сермаҳсул ва сермазмун ўйинни намойиш этаётган камерунлик ҳужумчи билан 2024 йилнинг ёзигача ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилишди. Касбдошимиз Флориан Плеттенберг берган маълумотга кўра, Эрикнинг Мюнхенда оладиган иш ҳақи бонусларни қўшиб ҳисоблаганда, 3 млн. евродан 10 млн. еврога кўтарилди. Март ойида Шупо-Мотинг 34га чиқишининг аҳамияти йўқ, ёзда «Бавария» барибир янги ҳужумчи топиш учун бозорга чиқади. Ҳозир Гарри Кейн («Тоттенхэм») ва Рандаль Коло Муани («Айнтрахт») номзодлари кўриб чиқилмоқда.

Яна «профессионал захирачи» ролига рози бўладими? Ахир у ҳеч қачон салбий персонажлар ролини ўйнаган эмас, жамоага фақат манфаат келтирган. Бунга «Бавария» рисоладагидек контракт билан жавоб қайтарди. Энди футболчи жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири ва Бундеслига тўпурарлари сафида эканлиги билан завқланиб тўп суриши мумкин.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади