Факундо Пельистри: «Мақсадимиз – биз ўйнаган барча ўйинларда ғалаба қозониш эди»

Факундо Пельистри: «Мақсадимиз – биз ўйнаган барча ўйинларда ғалаба қозониш эди»

Факундо Пельистри 2022|2023 йилги мавсумда ўз клубида 280 дақиқа ўйнаган бўлиши мумкин...

Аммо 21 ёшли уругвайлик футболчига шу дақиқалар ҳам бутун фаолияти давомида асқотадиган тажрибасини оширишга хизмат қилди. Манкунианликларнинг ўнг қанот ҳимоячиси Қатар мундиалида ўз мамлакати учун ўйнаганидан сўнг, январ ойида «Юнайтед» сафида ҳам расмий ўйинда дебют қилди. Аслида у Англияга кўчиб ўтиши биланоқ, кимсан «Ливерпуль» билан ўртоқлик ўйинида биринчи голини уриб, мухлису-мутахассислар эътиборини тортганди. Лекин бутун мавсум давомида асосан кубок ўйинларида майдонга тушди. «Қизил иблислар»­нинг 28-рақами клуб расмий сайтига берган интервьюсида ортда қолган мавсум ҳақида батафсил гапириб ўтди.

- Факундо, Англиядаги илк мавсумингизни қандай баҳолайсиз?

- Мавсум яхши ўтди. Яхшиямки, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритдик. Бу бизнинг мавсум олдидаги асосий мақсадимиз эди. Бундан ташқари, Англия Лига Кубогини ютдик. Албатта, бундай ўйинлар билан мавсум узоқ давом этди ва мен бу ерда катта тажрибага эга бўлдим. Мен ушбу клубда эканлигимдан ва тўлиқ биринчи мавсумимни «МЮ» футболчиси сифатида ўтказганимдан хурсандман.

- Бошига қайтсак, сиз мавсумолди саёҳатида - «Ливерпуль» билан ўтган ўртоқлик ўйинда гол урдингиз. Ўзингизга бўлган ишончнинг ортиши жамоа ва Эрик тен Хагнинг биринчи мавсумолди мавсумида унинг ёнида бўлганингиз учунми?

- Ҳа, албатта, ўша ўйин мавсумолди, бутун турнинг энг яхшиси бўлди ва унда гол уриш ақл бовар қилмас туйғудир. Чунки «Ливерпуль», албатта, яхши жамоа, шунингдек, ўша ўйинда қандай ғалаба қозонганимиз — 4:0. Ҳа, бу ўйин ва гол менга ишонч бағишлади.

- Афсуски, мавсум бошида жароҳат олдингиз ва қисқа вақт ўйиндан четда қолдингиз. Бу сизни қанчалик хафа қилдию, қанчалик мотивация берди?

- Ҳа, «Атлетико»га қарши ўйинда тўпиғимдан жароҳат олдим ва бу деярли мавсум бошида эди. Албатта, қийин, лекин бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Биз футбол ўйнаймиз, шунинг учун ҳар доим жароҳатлар ҳам бор. Физиотерапевт ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда тикланишимга жиддий эътибор қаратдик ва тезда формага кириб олдим.

- Сиз Уругвай билан жаҳонинг энг катта саҳнасига чиқдингиз: ёш ўйинчи сифатида бу тажриба сиз учун қанчалик қимматли эди?

- Ҳа, бунга ақл бовар қилмайди. Менинг ёшимда жаҳон чемпионатида ўйнаш дарҳақиқат ақл бовар қилмайдиган нарса. Тасаввур қилинг-а, сиз жаҳон чемпионатида ўз мамлакатингиз номидан ўйнаяпсиз. Мундиал мавсум ўртасида ўтказилди ва мен энди жароҳатдан тузалаётгандим. Яхшиямки, жаҳон чемпионатига боришга муваффақ бўлдим ва бу менга кўпроқ тажриба орттиришга ёрдам берди.

- Қатардан қайтгач, шубҳасиз, сиз ўйин вақтини олишни ва «Юнайтед» учун қанчалик керакли эканлигингизни исботлашни хоҳладингиз...

- Ҳа, албатта. «Юнайтед» каби клубга қайтиш ҳар доим ёқимли. Бу ўйинларга тўла узоқ мавсум эди. Мен эса уларнинг баъзиларида иштирок этдим. Ҳа, агар мен ушбу мавсумга назар ташласам, бу мен бошқа тажрибага эга бўлган ва турли хил шароитларда бўлган мавсум эканлигини тушунаман.

- Адашмасам «Чарльтон»га қарши кубок баҳсида деб­ют қилдингиз. Бу сиз учун қанчалик мағрур лаҳза бўлди?

- Ҳа, бу ақл бовар қилмас онлар эди. Дебют қилиш ажойиб. Лекин баъзида, сиз фақатгина 8 ёки 10 дақиқа ўйнашингиз мумкин, баъзан эса ҳатто тўпга тегинишга ҳам улгурмаслигингиз мумкин, лекин мен тўпга тегдим ва Маркус (Рашфорд)га голли узатма тақдим этишга улгурдим. Шундай қилиб, бу мукаммал кеча эди. Ва мен буни доимо эслаб қоламан. Мен ва оилам ўша кечани асло унутмаймиз.

- Якунда клубнинг ғалабаси билан тугаган Лига Кубогида - «Ноттингем Фо­рест»га қарши ярим финалда ҳам ўйнагансиз. Биринчи мавсумда ушбу муваффақиятда кичик рол ўйнаганингиздан қанчалик фахрланасиз?

- Ажабланарлиси шундаки, бу биз ютган мусобақа эди ва менинг медалим уйда турибди. Шундай экан, бу лаҳзалардан фахрланаман. Ва биз кейинги совринларни сабрсизлик кутмоқдамиз.

- Европа Лигасида «Бетис»га қарши биринчи марта асосий таркибда майдонга тушдингиз. 

- Ҳа, албатта. Бошланғич таркибда ўйнаш ҳар доим захирадан фарқ қилади, чунки сиз ўйинни бошлаганингизда, бошқа барча ўйинчилар билан бир хил ритмда бўласиз. Захирадан чиққанингизда эса бироз бошқача бўлади, чунки сиз ўйин қандай ўтишига мослашишингиз керак. Ҳа, бу ақл бовар қилмайдиган тажриба эди. «Бетис» - ажойиб жамоа, улар жуда яхши стадионга эга, лекин биз бу ўйинда ғалаба қозонишимиз мумкинлигини билардим. Умуман олганда, асосий мақсадимиз - биз ўйнаган барча ўйинларда ғалаба қозониш эди.

- Премьер-лигада ҳам бир неча дақиқа вақт олишга муваффақ бўлдингиз. Бу сиз учун катта чақириқ эдими?

- Ҳа. Премьер-лига, шубҳасиз, дунёдаги энг зўр лигалардан биридир. Албатта, бу ерда Каррингтонда машқ қилиш услубимиз Премьер-лигадаги каби деярли бир хил. Таркибимизда топ-ўйинчилар бор ва машғулот сифати ҳам жуда кучли. Тўғри, сиз айтганингиздек, ўйинда ўйнаш, албатта, баъзида машқ қилишдан фарқ қилади, аммо ритм ва ҳамма нарса ўз жойида.

- Бу мавсумда Эрик тен Хаг қўл остида ўйнаб нимани ўргандингиз?

- Эрик ажойиб менежер. У бизга кўп нарсаларни, турли хил ўйин усулларини ўргатди. Биз ҳар бир ўйинга ҳар хил тайёргарлик кўрамиз. Албатта, бизда бир хил услуб бор, лекин рақибга қараб бирор нарсани ўзгартириш керак. 

- Кийиниш хонасида ҳам кўплаб фахрий ўйинчилар бор. Улардан ўрганяпсизми? Маслаҳат сўраяпсизми ва улар сизга маслаҳат берадими? Одатда ким билан кўп вақт ўтказасиз?

- Бизда жуда яхши гуруҳ бор. Уларнинг барчаси турли йўллар билан ёрдам беришади. Ва, албатта, мен тил туфайли испан тилида гаплашадиган болалар билан биргаман. Ҳа, улар менга катта ёрдам беришади: Бруно (Фернандеш), Каземиро, Де Хеа (Давид) ва Лича (Лисандро Мартинес). Гарна (Алехандро Гарначо) билан бирга барча тажрибали футболчилардан кўп нарсаларни ўрганамиз. Сизга айтганимдек, гуруҳимиз жуда яхши. Ва менимча, бу мавсумдаги барча ютуқларимизнинг сабаби ҳам шу.

МУҲАММАДХОН тайёрлади