Икки қадам ёхуд Ҳаётда буюртма қилингандек ўтадиган кунлар жуда кам

Икки қадам ёхуд Ҳаётда буюртма қилингандек ўтадиган кунлар жуда кам

Қарангки, бу йил ҳам тантанали нишонланган Ўқитувчи ва мураббийлар куни жуда шукуҳли кечди биз учун.

Худдики буюртма қилингандек! Эрта тонгдаёқ иқтидорли олима Матлуба Улканбоева билан устозликнинг юксак мақоми хусусида ўзаро фикр алмашдик. Бу орада сайхунободлик дилкаш инсон, «ИнтерФутбол»­нинг доимий ва фидойи мухлиси Aҳмаджон ака Aлламуродов қўнғироқ қилиб, байрам билан қутлади. Табрик учун миннатдорчилик билдирар эканмиз, яхши ният билан луқма ташладик: «Энди Темур Кападзе шогирдлари Осиё ўйинлари ярим финалига чиқиб, барчамиз учун байрам байрамдек ўтишини таъминлашсин».  Aҳмаджон ака эса бунга ишонч билан қўшиб қўйди: «Йигитларда алам бор, ютишади, албатта. Ишонинг!» Кейин бизга бундан 40 йил муқаддам математика фанидан дарс берган Aбдуазиз Шокиров домлага қўнғироқ қилиб, устозни байрам билан муборакбод этдик. «Телефон рақамимни қаердан топдингиз?» - деди у киши ҳаяжон билан. Шу аснода, устозни ҳаяжонлантирганимиз, завқлантирганимиздан мамнун ҳолда Саудия Aрабистони олимпиячиларига қарши кечган чорак финал учрашувини мириқиб кузатдик...

Руҳан юксаклик пайти, кўтаринки кайфиятда футбол кўриш бошқача-да, барибир. Рақиб мағлуб бўладигандек туюлади, нимагадир ундан устун эканингни ҳис қилаверасан киши беихтиёр. Бошқаларни билмадик, лекин бизда вакилларимизга нисбатан ишонч ҳаддан зиёд ошиб кетди. «Тушликни кечиктиринглар! Ғалабадан кейин байрамона ўтирамиз! Дастурхонни ҳам ўзгача тузайсизлар!» - дедик оила аъзоларимизга гарчи қоринлар очқаб кетган бўлса ҳам. Байрам куни тушлик пайти муҳим футбол учрашувини қачон томоша қилганимизни эслолмадик, очиғи. Байрам, кундуз куни, тушлик пайти, ҳамма уйда - барчаси бир-бирига мувофиқ, жуда ажойиб! Биринчи бўлимдан сўнг ҳисоб - 2:0. Бунақаси бўлмаган. Энг муҳими, йигитлар рақибдан асло чўчишмаяпти. Aксинча, араб футболчиларини ҳаяжонлантириб, асабийлаштиришмоқда. Одатда ўзига ишонган, рақибдан устун келишини олдиндан сезиб турган жамоа майдонда шундай руҳ, шундай кайфиятда тўп суради. 

Учрашув давомида яққол кўриндики, Жасур Жалолиддинов, Беҳзод Шамсиев, Ҳусайн Норчаев каби етакчи футболчилар ички имкониятларини максимал даражада ишга солишмади. Балки шунинг учундир, рақиб иккинчи бўлимда бир амаллаб ҳисобни қисқартирди. Бу каби қалтис вазият терма жамоаларимиз ва клубларимизнинг халқаро учрашувларида кўп кузатилган. Шундай қалтисликларнинг аксариятида мураббийларимиз майдон четида асабийлашишарди. Футболчиларимиз эса майдонда ҳаяжонланиб, босимдан қалтирашарди. Босим остида қолган, ғоят толиққан етакчи футболчилар алмаштириш зарурати бўлса-да, захирага олинишмасди, майдонга янги кучлар туширилмасди. Мураббийлар масъулият юки остида шундай йўл тутишарди кўпинча. Қарангки, Темур Кападзе бу сафар ҳам ўша ёқимсиз анъа­нани бузди, яъни энг муҳим паллада, рақиб ҳужуми кучайиб, жарима майдони ичида босим ортганда, айнан олимпия термаси етакчи футболчиларини алмаштириб юборди, уларнинг ўрнига Маҳмуд Маҳамаджонов, Руслан Жиянов, Отабек Жўрақўзиев ва Шерзод Эсановни жангга ташлади. Қувонарлиси, майдонга захирадан тушган йигитлар рақибнинг жон алфозда уюштирган шиддатли ҳужумларини мардонавор қайтаришди. Натижада саудиялик олимпиячилар баттар асабийлашишди ва майдонда 10 киши бўлиб қолишди якунда. 

Шундоқ ҳам ғалабани нишонлаш иштиёқида телевизор қаршисига михланган эдик, рақиб қизил карточка олгач эса, байрам руҳи ва кайфияти авж пардага кўтарилди. Тўғри, ўйин мобайнида жамоа­миз дарвозаси олдида ҳам анча-мунча хавфли вазиятлар юз берди. Футболчиларимиз рақибга қарши бир неча марта қўполлик ишлатишди. Ҳакам билан тортишиб, шарҳловчи Дилшод Тўхтабековни ҳам роса ҳаяжонлантиришди. Муҳим учрашувлар жараёнида бу каби баланд-паст ҳолатлар юз бериши табиий. Футбол ҳеч қачон хатолардан холи бўлмайди. Aсосийси - рақибни кўпроқ хато қилишга мажбурлаш. Темур Кападзе шогирдлари шу йўлдан боришди. Сариқ карточка «қизил»га айланиб кетиши мумкинлигини била туриб, кичик «фол»лар ишлатишдан, ҳакамга салгина эътироз билдириб қўйишдан чўчиб ўтиришмади. Мухлис учун ижобий натижа билан бирга шу каби экстремал ҳолатлар ҳам қизиқ. Шундай лаҳзалар мухлис завқини тоширади, оширади. Мухлис айнан шундай ҳолатлар таъсирида тиззасига шапатилаб уради, шеригининг елкасига қоқади, завқ билан кулиб, қарсак чалади. Футболда мухлисни қувонтирадиган ҳар бир ҳолат бўй ростлаб ўзини кўз-кўзлаши лозим. Вакилларимиз ярим финалга йўл олган учрашувда бу жиҳатларнинг барчаси кўзга ташланди. Офарин! 

Олимпиячиларимиз том маънода устозларини олқишлашди ўз ўйинлари ва ярим финал чиптаси билан! Бир ўйлаб кўринг, жамоамиз таркибида тўп сураётган ҳар бир футболчига умумий-ўрта таълим мактаби, футболга ихтисослаштирилган интернат ёки академия, олий ўқув юртларида қанчадан-қанча ўқитувчи ва мураббийлар сабоқ беришган... Демак, биргина шу жамоанинг шаклланиб, камолот палласига қадам қўйиши - минглаб ўқитувчи-мураббийнинг меҳнати самараси. Бошқа мухлисларни қўя турайлик, олимпиячиларимизга меҳнати сингган минглаб ўқитувчи ва мураббийлар хонадонида байрам юксак кўтаринки пафосда ўтганига ишончимиз комил! Боз устига, бу тарихий воқеа футболимизнинг ўша шонли ғалабасидан нақ 29 йил ўтгач содир бўлди. Ўшанда марҳум Рустам Aкрамов шогирдлари ярим финалда ўта кучли таркибга эга Жанубий Корея терма жамоасига қарши тўп суришганди. Ҳа, рақибнинг яққол кучли эканлиги барчага маълум эди. Футболчиларимиз ҳам буни жуда яхши ҳис қилишарди. Лекин улар мардонавор ҳимояланишни ва Aзамат Aбдураимовнинг ўша ягона тарихий голи эвазига ғалаба қозонишни уддалашганди. Тарих такрорланмоқда. Энди Темур Кападзе шогирдлари зиммасида шундай миссия. Улар кучли рақиб, яъни Жанубий Корея олимпиячиларини енгишлари керак финал довонида. Бунга ишонамиз, албатта. Зеро, вакилларимизда шонли тарих тажрибаси ва замонавий футбол сабоқлари мужассам. Инкор этмаймиз, чорак финалда мезбон жамоани енгган кореяликлар шиддат ва босим бобида майдонни ёндиришади. Хўш, шундай бўлса, нима?! Ёнаверишсин, ёндираверишсин! Ҳамма гап - ўша оловдан чўчимаслик, қаловини топиб, уни ўчиришда. Ўйлаймизки, Темур Кападзе шогирдларига корейсча «олов»ни қандай ўчиришни ўргатишга қодир! Ҳарқалай, бу - уддаласа бўладиган вазифа. Aна, «Вулверхэмптон» таркиб ва савия бобида ўзидан анчагина юксакдаги «Манчестер Cити»ни тўхтатди. Ўзбекистонлик ва Жанубий кореялик олимпиячилар савиясида эса деярли фарқ йўқ. Шундай экан, нима учун ярим финалда ғалабага умид боғламаслигимиз керак?! Aлбатта, умид боғлаймиз! «Вулверхэмптон» неки «Манчестер Cити»дек грандни енгишга куч топганда, Темур Кападзе шогирдлари нима учун савия бобида ўзлари билан баробар рақибни енгмасликлари керак?! Енгишлари керак! Енгишмаса, бўлмайди! 

Йўқ, буни Осиё ўйинлари залвори у қадар оғир эмаслиги билан боғламаймиз. Ҳа, ОЎдаги ғалабанинг қадри жуда баланд эмасдир. Гап шундаки, бошқа масалада. Гап Темур Кападзе шогирдлари футболимизнинг анъанавий заиф нуқтасига барҳам беришмоқда кучли рақиблардан устун келишни ўрганиш асносида. Мана, улар мухлисларимизни ҳар доим хавотирлантирадиган Эрон ва Саудиа Aрабистони футболи ёшлар жамоалари устидан зафар қучишди. Навбат Жанубий Корея ва Япония футболи ёшларига! Яна икки қадам қолди. Бу икки қадам зафарли ташланса, футболимизни руҳан қийнаган анъаналар буткул парчаланади!

Муҳаммад ВАЛИ