Йўқ, Кардашьянни чақирманг!

Йўқ, Кардашьянни чақирманг!

Таниқли телеюлдуз Ким Кардашьян аввалги пайшанба оқшоми Лондонда кўриниш берди ва ЕЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Арсенал» - «Спортинг» учрашувига ташриф буюрди.

 Ўйинга келсак, Португалиядаги дастлабки учрашувда дуранг қайд этган Микель Артета жамоаси ўз майдонида ҳам рақибни енголмади ва пенальтилар серияси натижасига кўра турнирдан чиқиб кетди. Якшанба куни эса Кардашьян Парижга йўл олиб, Лига 1 доирасидаги «ПСЖ» - «Реймс» ўйинини стадионда кузатди ва яна фаворит жамоа ютқазди. Боз устига, «ПСЖ» юлдузлари рақибнинг 2та голини жавобсиз қолдиришди.

Энди ижтимоий тармоқларда Ким Кардашьянни омадсизлик чақирувчи юлдузга чиқаришмоқда. Ахир қандайдир 4 кун оралиғида 2та фаворит жамоа унинг гувоҳлигида мағлубликни тан олди. Ўзи «Арсенал» ва «ПСЖ»нинг омадсизлигини Кардашьян ташрифига боғлаш тўғрими? Табиийки, ҳаммаси тасодиф ва мағлубиятларда телеюлдуз қадамининг таъсири йўқ. Лекин ижтимоий тармоқлар хулосаси бошқача. Кўпчилик бу борада ҳазиларалаш изоҳ қолдирмоқда:

- Ким, футболда нима қиласан, «Арсенал»да нима айб?

- «Арсенал» ва «ПСЖ»дан бошқа клубларга огоҳлантириш: Ким Кардашьянни асло стадионга таклиф қилиб бўлмайди!

- Мағлубият керакми, унда Кардашьянни чақиринг...

Ким Кардашьян Парижда шахсан Носир ал Хелайфидан «ПСЖ» либосини қабул қилиб олди. Унинг ўғли Сент-Уэст эса Лондон ва Париж сафарларида бир қатор футбол юлдузлари билан кўришди. Жумладан, Килиан Мбаппе ёнида суратга тушди. Кардашьяннинг ўзи «Инстаграм»да сафар таассуротларини қисқача баён этди: «Ишонч билан айтишим мумкинки, футболча саёҳат ўғилларимга ёқди. Оналар, футболда ғалаба сари олға!»