КЕЧИНОВ «БАЙЕР»ДА ЎЙНАРДИ, АГАР...

КЕЧИНОВ «БАЙЕР»ДА ЎЙНАРДИ, АГАР...

«Пахтакор» тарбияланувчиси ва «Спартак» клуби собиқ ҳужумчиси Валерий Кечинов 1998 йили «Байер» сафига қўшилишга яқин келган экан.

Бу ҳақда унинг ўзи сўзлаб берди: «УЕФА кубогидаги муваффақиятли мавсумдан кейин менда «Байер»га ўтиш имкони туғилганди. Кўплаб клубдошларим ўша вақт хориждан таклиф олишди, лекин ҳамма қолишни маъқул кўрди. «Интер»га қарши ўйиндан кейин ўзимни Леверкузенда кўрдим. Фақат жамоа эмас, операция столида. Жарроҳлик амалиётидан сўнг жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Кристоф Даум олдимга кириб, далда бергани эсимда: «Агар шу жароҳатга йўлиқмаганингда, сени аниқ сотиб олардик». Даум шунинг баробарида менга «Байер» футболкасини совға сифатида берганди».

Маълумот учун, Валерий Кечинов 1992-1993 йиллар давомида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиб, 38та ўйинда 30та гол урган ва Ўзбекистон чемпиони бўлишдан ташқари, биринчи мавсумда бош тўпурарга айланган. 1993 йили эса «Спартак» билан шартнома тузган ҳужумчи бир неча мавсум Москва клуби етакчиларидан бири бўлган. Ҳар ҳолда, Кечинов «Спартак»нинг 157та ўйинида 44та гол ва 10та самарали узатма қайд этган, қолаверса, Россия чемпионатида 6 марта зафар қучган.