Лауреатлар: Қўлтиқтаёқ билан чалқанча зарба!

Лауреатлар: Қўлтиқтаёқ билан чалқанча зарба!

2022 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЧИРОЙЛИ ГОЛИ МУАЛЛИФИ - МАРЧИН ОЛЕКСИ ТАҚДИРИ.

ФИФА The Best тақдирлаш маросимида мавсум-2022нинг энг чиройли голи муаллифига аталган совринни польшалик ампутант футболчи Марчин Олексига муносиб кўрди. Қўлтиқтаёқ билан чалқанча усулда зарба йўллаш асносида рақиб дарвозасини нишонга олган ногирон йигит Ференц Пушкаш номидаги соврин сўровида Ришарлисон (Бразилия термаси) ва Димитри Пайет («Марсель») каби топ-даражали футболчилардан устун келди. Қойил!

*** 

Албатта, Марчин кўпчилик учун нотаниш қаҳрамон саналади. Олекси - ампутантлар ўртасидаги ўйинда чалқанча усулда зарба йўллаш асносида ўта чиройли гол урган ногирон футболчи. Унинг ўша зарбаси Ришарлисон ижросида ЖЧ-2022да кузатилган «парвоз»ни эслатади. Фақат фарқи шуки, Олекси барчасини қўлтиқтаёқ ёрдамида амалга оширган. Зеро, у оёғининг пастки қисмидан айрилган. Олекси йўлсозлик қурилишида юз берган бахтсиз ҳодиса ортидан ногирон бўлиб қолган. Охир-оқибат, унинг оёғидан бир қисмини кесиб ташлашга тўғри келган. Марчин Познаннинг «Варта» клубида ўйнайди. 2022 йилнинг 7 ноябрь куни унинг жамоаси «Стал»ни 4:0 ҳисобида доғда қолдирди. Олекси ўзининг энг ажойиб голини шу учрашувда нишонлади. Қўлтиқтаёқда ҳам «қайси» усулида зарба йўллаш мумкинми? Марчин буни қандай уддалади? «Жамоадошим тўпга яқинлашаётганидаёқ мени зарба йўлига чиқаришини тушундим, - дейди Олекси. - Худди шундай бўлди, аммо вазият бошқача зарба йўллашимни тақозо этди. Шунда таваккалига тўпни ўз устимдан ошириб ташлашга қарор қилдим. Кейин унинг дарвоза бурчагига қандай учиб борганини кузатиб турдим. Ўзи ҳамиша чиройли гол уришга интилганман. Ўша голдан нақадар ғурурланганимни кўргандирсиз? Қаддимни ростлаб, кўкрагимга уриб қўйдим. Чунки чексиз қониқиш ва хурсандчиликни туйдим!»

***

Футболчи ўша ўйиндан ке­йин Sport.pl нашрига берган интервьюсида бу голи ногиронлар футболининг тор чегарасидан чиқишини ҳис қилаётганини яширмаганди. Аммо шундай катта эффект келтириб чиқаришини кутмаган бўлса керак. Умуман, Олекси бунга қадар ҳам ҳавода учаётган тўп билан қандайдир ғайритабиий «трюк» кўрсатишга кўп бора уринган. Демак, ҳаракатларига яраша мукофотланганини айтиш мумкин. Марчин апрель ойида 36 ёшга тўлади. Унинг ҳаёти 2010 йилнинг ноябрида, яъни 23 ёшида мутлақо ўзгариб кетди. Олекси ўша вақт Польша чемпионати Тўртинчи дивизиони клубида ўйнарди, аниқроғи, дарвозабон эди. Кўплаб турнирларда индивидуал совринларни қўлга киритган, лекин футбол эмас, балки йўлсозлик соҳасидаги иши ортидан пул топарди. Хуллас, Олекси бир марта йўлдаги катта чуқурликни ямаш учун боради ва бахтсиз ҳодисага учрайди: 150 килограммли жиҳоз йигитнинг оёқларини босиб қолади. «Аввалига ҳеч нарсани сезмадим. Ҳаммаси жуда аянчли эканлигини кейинроқ англадим, - дея эслайди Марчин ўша воқеани. - Умуман, ўшанда на оёғим ва на ҳаётим борасида ташвишландим». Олекси шифохонага олиб борувчи йўлда ҳушини йўқотади. Операциядан ке­йин эса ўзига келгач, мудҳиш фалокатга юз тутганини англайди. Зеро, оёғининг мажоқланган қисми диагоналига кесилганди. Поляк йигити кейинчалик тирик қолганига шурк қилганини тан олади.

*** 

Марчин аввалига кичкинтой ўғли билан ўйнаш учунгина майдонга қайтади. Энди эса у Польша ампутантлар терма жамоасида. Олек-си тунд кўриниши ва кайфиятсизлиги яқинлари руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкинлигини ўйлаб, шифохонадаёқ кесилган оёғи ҳақида ҳазиллашишни бошлайди. Лекин ўша вақт Марчин ҳаё­тидаги энг қийин давр эди, барибир. Ахир 2 йил ногиронлар аравачасига «михланиб» қолади, бу орада ўғли туғилади ва ўз-ўзидан оиласини қандай таъминлашни кўп ўйлайди. Қарангки, қайсидир маънода айнан ўғли туфайли майдонга қайтади: «Вақтида ўғилчали бўлсам, у билан мириқиб тўп тепишни ўйлаган ва бу борада ўзимга сўз бергандим. Фарзандим бироз ул­ғайгач, уни болалар майдончасига олиб бордим. Шунда хотиралар жунбушга келди. Шу тариқа футболга дахлдор иш қидира бошладим»

*** 

Маҳаллий академиялардан бири Олексини ёш дарвозабонларни шуғуллантиришга таклиф қилгач, у дарҳол катта иштиёқ билан ишга киришади. Бора-бора Марчиннинг ўзи ҳам ўйинга қайтади: 2019 йили Поз­нань ампутантлар клуби маш­ғулотига қатнай бошлайди. Ке­йинги йили эса янги йўналишда дебютини нишонлайди ва дарҳол гол ҳам уради, аммо 20 дақиқа ўтгач, жароҳатга йўлиқади. Муҳими, шунда ҳам танлаган йўлидан қайтмайди ва жароҳатдан тикланиб, кўпчиликни ҳайратга сола бошлайди. Якунда ҳаттоки, Польша терма жамоаси таркибига қўшилади. Энди эса Марчин мамлакатнинг энг илғор клубларидан бири етакчиси ҳисобланади. Мана, ажойиб голи туфайли жаҳон миқёсида ҳам танилди. Олекси ногиронликдан олдин дарвозани қўриқлаган, ҳозир эса ҳужумчи. «Кўп йиллар давомида дарвозабон сифатида ҳужумчилар билан тўқнаш келдим. Шунинг учун кипернинг қандай ҳаракатланишини яхши биламан, муайян вазиятларга реакциясини олдиндан сезаман. Албатта, бу ҳужумларни самарали якунлашимда қўл келмоқда», - дейди қаҳрамонимиз.

*** 

Табиийки, ногиронликни тан олиш ва қўлтиқтаёқда юришга мослашиш осон эмас. Олекси ҳам аввалига роса қийналган, албатта. «Бошида миянгда фақат салбий жиҳатлар чарх уради. Аммо вақт ўтиши билан тақдирга тан берасан ва секин-аста ижобий ҳолатларни топасан. Руҳий таназзулдан вақтида чиқиб кетганимда турмуш ўртоғим, фарзандларим ва яқинларимнинг ҳиссалари катта, - деганди Олекси TVP каналига берган интервьюсида. - Эҳтимол, ҳаётим ёмон бўлганида, шикоят қилармидим... Аммо энди нолишга ҳожат йўқ. Чунки ҳаммаси яхши томонга ўзгарди».

** Ампутантлар футболида майдон ўлчами - 60х40 метр. Жамоалар таркибида эса 6 нафар ўйинчи ва дарвозабон ўйнайди.

** УЕФА аллақачон ампутантлар ўртасида ҳам ЧЛ турнирини йўлга қўйган. 2022 йили 3-мавсумнинг финалига айнан Польшанинг Краков шаҳри мезбонлик қилди ва «Этимесгут» (Туркия) клуби ғалаба қозонди. 

** Ампутантлар ўртасидаги ЖЧда Россия, Бразилия ва Ўзбекистон терма жамоалари катта мавқега эга.

** ЖЧ-2022да Туркия термаси чемпионликка эришди. Олекси Марчин ҳам бу турнирда қатнашди, тўғри, поляклар 1|8 финалда Бразилия термасига ютқазишди.

** Ампутантлар футболи ҳали Паралимпия спорт турларига киритилган эмас, лекин бу масала халқаро доирада бир неча марта кўтарилган. Ҳозирда ампутантлар футболи дунёнинг чамаси 30та мамлакатида тобора ривожланмоқда.

** Олекси Марчин - Ференц Пушкаш номидаги совриннинг 14-лауреати. Энг чиройли голга аталган мукофотни Криштиану Роналду, Неймар, Златан Ибрагимович, Хамес Родригес, Муҳаммад Салоҳ ва Сон Хюн Мин каби юлдузлар ҳам қўлга киритишган. 

** Йилнинг энг чиройли голи сўровида 13та мамлакат вакили ғалаба қозонган. Фақат Бразилия ҳисобида 2та соврин бор - Неймардан ташқари, Венделл Лира (2015 йил) ғалаба қозонган. Марчин Олекси эса польшалик биринчи лауреатдир.