Мирзоҳид Ғофуров: «Ғалабалар тасодиф эмаслигини исботламоқчимиз»

Мирзоҳид Ғофуров: «Ғалабалар тасодиф эмаслигини исботламоқчимиз»

Суперлига 2-тур доирасидан ўрин олган «Нефтчи» ва «Пахтакор» ўртасидаги «Ўзбек классикоси» кутилганидек қизиқарли тус олди.

Биринчи турда сафарда йирик ҳисобда ғалабани тантана қилган фарғоналиклар ўз мадонларидаги очилиш учрашувида ҳам мамлакатнинг амалдаги чемпионларини ҳам аяб ўтиришмади. Майдон эгаларининг ўйиндаги устунлиги ҳисобда ҳам акс этди - 2:1. Биз мазкур учрашув якулангач «Нефтчи» жамоасини сардор сифатида майдонга олиб тушган Мирзоҳид Ғофуров билан суҳбатлашдик.

- «Нефтчи» азалий ва кучли рақиб устидан қозонилган ғалаба эвазига турнир жадвали пешқадамларидан бири бўлиб қолди. Ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўйин кутилганидек қизиқарли ва томошабоп ўтди. Учрашув олдидан турли ОАВларида «Нефтчи»нинг дастлабки турдаги ғалабаси тасодиф ёки йўқлиги «Пахтакор»га қарши ўйинда билинади, қабилида мулоҳаза юритишганини ўқидик. Биз мазкур ўйин аҳамияти ва даражасини ҳис қилган ҳолда тайёргарлик кўрдик ва фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушдик. Ўйин катта темп остида ўтди. Худога шукур, вазиятларимиздан фойдаланиш эвазига ғалабани қўлга киритдик ва мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди.

- Ўйин «Ўзбек классикоси» номи остида ўтди. Аммо сўнгги йилларда бундай таъриф «Навбаҳор»-«Пахтакор» учрашуви учун ҳам ишлатилаётганди. Демак, пойтахтликларни кейинги турда «Навбаҳор»га қарши яна бир «классико» кутиб турибди. 

- Ўйлашимча, кетма-кет икки марта мағлубиятга учраганидан кейин «Пахтакор» бу ўйинга кўплаб жиҳатларни таҳлил қилган ҳолда чиқади. «Навбаҳор» эса ҳар қандай рақибга қарши ғалабани кўзлаган ҳолда майдонга тушадиган жамоага айланди. Бу ўйинда икки томонга ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Учрашув «классико» мақоми остида ўтиши учун ҳамма нарса мос тушади. Чунки, бу икки рақиб элитамизнинг мунтазам иштирокчилари саналишади. Демак бир-бири учун азалий рақиблар тўқнашуви бу эътирофга муносиб. Учрашувда эса она шаҳрим жамоаси «Навбаҳор»­нинг ғалабасини тахмин қиламан.

- Суперлигани ажойиб старт билан бошлаган жамоангиз олдига қандай вазифа қўйилган?

- Раҳбарият томонидан ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш вазифаси қўйилган. Мураббийлар ва биз футболчиларнинг мақсадимиз ҳам шундай. Қолаверса, мухлислар «Нефт-чи»нинг аввалги мавқеига қайтишини кутишмоқда. Демак, биз бунинг учун ҳам ҳаракат қиламиз. Мана омадимиз келиб мавсумни кетма-кет ғалабалар билан бошлаб олдик, лекин чемпионат ҳали узоқ давом этади. Келинг, ҳозирча ишимизни давом эттирайлик, шуниси маъқул.

- «Пахтакор»нинг бу қадар омадсиз старт олиши тарихда кузатилмаган экан...

- Менимча «Пахтакор»га қисман омад етишмаяпти. Мавсум эндигина бошланди, шу боис ҳозирдан қандайдир хулосага келиш эрта, назаримда. Дастлабки турларда жамоалар қарийиб бир хил савияда тўп суришади.

- Жамоангиз мавсумни максимал очко жамғариш билан давом эттирмоқда. Ке­йинги рақиб ўтган йилдан буён ўзига кела олмаётган «Сўғдиёна»...

- Фикрингизни тушундим. Футболда эйфорияга берилиш учраб туради. Ҳозиргина ки­йиниш хонасида бош мураббийимиз айнан шу хақда гапириб, эйфорияга берилмасликни, «Пахтакор» билан ўйин тарихга айлангани, бу натижани унутиб «Сўғдиёна»га қарши муносиб тайёргарлик кўриш кераклиги, ҳали қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлади. Биз футболчилар ҳам бир жамоа бўлиб ўйиндан-ўйинга кучайиб бориш орқали, қайд этилаётган натижалар тасодиф эмаслигини исботламоқчимиз.

ХУРШИДБЕК суҳбатлашди