МУРАББИЙЛАР: Азалий мухлис суюкли жамоасига қарши

МУРАББИЙЛАР: Азалий мухлис суюкли жамоасига қарши

Яқинда «МЮ» Англия Лига Кубоги турнири чорак финали доирасида Антонининг голи ва Маркус Рэшфорднинг дубли эвазига «Чарльтон»ни маҳв этди

 (3:0) ва ўзи билмаган ҳолда ашаддий мухлисини ҳам нуфузли мусобақадан чиқариб юборди.

«Чарльтон» бош мураббийи Дин Холден болалик давридан бери «қизил иблислар» мухлиси. Мазкур учрашув мураббий Холден учун севимли жамоаси билан дастлабки дийдорлашув эмас.

Ўз вақтида ўнг қанот ҳимоячиси позициясида тўп сурган Дин Холден ҳозир 43 ёшда. У 2-3-лигаларда ўйнаган, 2 марта хорижга чиқиб, Исландияда «Валюр», Шотландияда «Фалкирк» жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Футболчиликдан кейин «Олдхем» ва «Бристоль Сити» жамоаларини бошқарди, 2022 йил декабрида «Чарльтон»ни қабул қилди.

Яқин ўтмишда бўлиб ўтган беллашувни балки унутмагандирсиз - 2017 йилда «Бристоль Сити» Лига Кубогининг чорак финалида «МЮ»ни маҳв этган, Златан Ибрагимовичнинг голи «қизил иблислар»ни мағлубиятдан қутқара олмаганди. Ғолиб жамоа бош мураббийи Ли Жонсон касбдоши Жозе Моуриньога шароб совға қилиш учун қизининг ақчадонини синдиришга мажбур бўлганлигини қистириб ўтганди.

Ўшанда Дин Холден Жонсоннинг ассистенти эди. У ҳаётининг катта қисмини «Олд Траффорд» абонементи билан ўтказгани, стадионга отаси билан қатнаганини гапириб берганди: «Отам кейинги босқичда «МЮ»га қарши биз майдонга тушишимизни орзу қилганди. У «қизил иблислар»нинг 60 йилдан кўпроқ стажга эга бўлган мухлиси».

Финал ҳуштаги янграганидан кейин Дин отаси ўтирган трибуна томон югуриб, уни қучоқлаб олди: « У ҳўнграб йиғларди. Билмайман, бу «МЮ»нинг мағлубияти туфайлими ёки бизнинг ғалабамиз шарафига. Менимча, ҳар иккиси учун бўлса керак!»

Тен Хаг Холденга шароб сов­ға қилди ва базага таклиф этди. Орадан 5 йил ўтгач, фанат ва клуб яна учрашишди. Энди Холден бош мураббий мақомида келди. У янги лавозимни эгаллаган куннинг эртасига, аммо унинг иштирокисиз «Чарльтон» «Брайтон»ни пенальтилар сериясида Лига Кубоги турниридан чиқариб юборди. Яна 2 кундан кейин «МЮ»га қарши майдонга тушиши маълум бўлди.

«МЮ»га қарши беллашувдан кейин Холден ўз шогирдлари билан фахрланишини эътироф этиб, касбдоши тен Хагнинг юксак баҳосини ҳам таъкидлаб ўтди: «У жамоамиз ёшлари сермазмун ўйин кўрсатишганини эътироф этди. Бу менга қўшимча фахр ҳиссини бахш этди».

Мураббий ўзаро мулоқотдан ҳам мамнун бўлди: «У билан 10-15 дақиқа суҳбатлашдим. Энди уни янада кўпроқ ҳурмат қиламан. Турнирда «МЮ» ғолиб чиқишини истайман».

ВВСнинг мавзуга оид қўшимчаси:

Тен Хаг Холденни «Каррингтон» клубига таклиф этиб, у ерда амалга оширилган ишлар билан таништирди. Учрашувдан кейин эса касбдошига ўзининг дастхати туширилган «МЮ» футболкасини совға қилди. Холден «МЮ» таркибида майдонга тушмаган, аммо «Болтон»нинг машғулотларига «МЮ» либосида келганди. Диннинг отаси ва амакиси узоқ йиллар давомида «Олд Траффорд»да стюард бўлиб ишлашган, отасининг амакиваччаси ҳозир ҳам ишламоқда. «МЮ» - «Чарльтон» учрашувига 28 нафар қариндошлари келишини олдиндан билган Холден улар учун 28та чиптани тайёрлаб қўйганди.

The Athletic ва «МЮ»нинг расмий сайти маълумотлари:

• Холден «МЮ»ни 5 ёшли пайтида, жамоа Англия Кубоги-1985 турнири финалида Норман Уайтсайднинг 110-дақиқадаги голи эвазига «Эвертон»ни маҳв этганида севиб қолганди. Кевин Моран майдондан четлатилганда болакай йиғлаган, бироқ «МЮ» 10 нафар ўйинчи билан ғалабага эриша олганди. Холденнинг отаси эса тотализаторда каттагина маблағни ютиб олганди. Холден ўша пайтда «МЮ»ни беш йил еврокубок мусобақаларида кўра олмаслигини билмасди - икки ҳафтадан кейин «Эйзел»да юз берган фожиа туфайли инглиз клубларини халқаро турнирлардан четлатишганди.

• Дин «МЮ»нинг сафар учрашувларини томоша қилиш учун бир неча марта мактабга бора олмагани, «Олд Траффорд» чиптасини харид қилиш учун тунда навбатда турганлигини, 1994|2095 йиллар мавсумида ЕЧЛ доирасидаги «Барселона»га қарши баҳсда Ли Шарп оёғининг товони билан урган нафис голини боллбой сифатида майдон четидан томоша қилганини ҳикоя қилганди. Ўшанда Шарп мувозанатни тиклаб (2:2), «МЮ»ни мағлубиятдан қутқариб қолганди.

• «Стретфорд Энд»даги Холденнинг жойига унинг номи ёзиб қўйилган. Бунинг сабаби шуки, Дин 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери абонемент билан юради. «25 йиллик маррадан ўтган мухлиснинг номини у ўтирган ўриндиққа ёзиб қўйишади. Мен «Болтон» ўйинчисига айланганимда, отам мени огоҳлантирганди: «агар абонементни олмай қўйсанг, кейин уни қайтариб олишнинг иложи бўлмайди» Шу сабабли абонемент билан ҳамкорликни давом эттирдим. Вақти келганда, ундан акам ёки амаким фойдаланишган», - дейди Холден.

Учрашув бошланиши арафасида мураббий кучли ҳаяжонда эди: «Ер ости йўлидан чиқиб, «Стретфорд Эдн»ни кўриш, ён йўлакдан ўтиш - ўта ҳайратланарли лаҳзалар. Мухлис сифатида уларни бир неча юзлаб маротаба қўллаб-қувватлаганман, бутун мамлакатни кезиб чиққанман». Яна бир бошқа мақсад ҳам йўқ эмасди: «Сэр Алексга дуч келишдан умидворман. У билан ҳеч бўлмаганда бир дақиқа кўришсам, биргаликда суратга тушсам, армоним қолмасди».

Журналист Эдди Миттеннинг твиттердаги хабарига биноан, бундан сал аввалроқ Холденни отаси автобус ёнида кутиб олган, қўлида 3 йил аввал вафот этган онасининг сурати бор эди.

Холденнинг келажакдаги режаси - жон сақлаб қолиш учун кураш

«Чарльтон» ҳозир Англиянинг 1-дивизионида тўп сурмоқда. Холден келганидан кейин жамоа анча ўзини ўнглаб олди, ҳозир 12-ўринда бормоқда. Лекин аутсайдерлар гуруҳидан 9 очкога ўзиб кетган бўлсада, уларга нисбатан 2та ўйинни кўп ўтказган. Олдинда эса 2-давра ўйинлари кутмоқда.

Чемпионатдаги баҳсларга бошқа турнирлар халал бермайди, «Чарльтон» декабрь ойида Англия Кубоги турнирини ҳам тарк этди - 2-лига вакили «Стокпорт»га имкониятни бой берди. Бу ҳафтадаги ёрқин воқеалар мавсумнинг ҳал қилувчи босқичи учун жамоага қўшимча куч-қувват бахш этса, ажабмас.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади