АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
2022|2023 йиллар мавсумида «Севилья» ЕЛда ғолиб чиқди - кимдир бошқача ечимни кутганмиди?
Албатта, ҳа. Ахир 3 ой муқаддам жамоа Ла Лигада 13-ўринни банд этган, суюкли турнири бўлган ЕЛнинг 1|8 финалида «Фенербахче»дан енгилишига бир баҳя қолганди. Якунда мавсум давомида Хулен Лопетеги ўрнини эгаллаган Хорхе Сампаолига чиқиш эшиклари кўрсатилди. Жамоа аянчли ҳолатга тушиб қолган, Сусо ўйинчилар майдонда нима қилиш кераклигини билмай қолишганидан нолиганди. Кейин Хосе Луис Мендилибар ташриф буюрди.
Мендилибар - ажойиб мураббий. Унинг «Эйбар»и ёдингиздами?
«Севилья» - Хосе Луиснинг топ-даражадаги дебюти, футбол оламига камтарин жамоалардаги фаолияти билан танилди. Унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати доноликка йўғрилган. Хосе футбол тажрибасига эга бўлмаган мутахассис эмас. «Атлетик» академиясида таҳсил олган, рисоладагидек хавбек эди. Лекин асосий жамоага кўтарила олмади, аммо камтарин «Сестао»да афсона мақомига эришди:
«Сестао»га курашиш учун келгандим. Кунни тезроқ ўтиши учун ҳолдан тойгунча ишлардим. Уни ўтказиш осон эмасди. Кийим-кечаклар, спорт формалари, дарсликлар - барчаси авлоддан авлодга тортиқ этиларди. Ҳозир ишониш қийин, лекин ихтиёримизда бор-йўғи 2та бутса бор эди. Мавсумни шу аснода ўтказардик, бутсани ямоқчи устада яматиб олардик. Ҳозир ҳар қайси футболчининг 8-10 жуфтдан бутсалари бор».
Мендилибар 33 ёшгача тўп сурди, фаолиятини якунлаш арафасида футболсиз яшай олмаслигига амин бўлди ва мураббийликка йўл олди. Эски танишлари орқали Хосе «Атлетик» тизимида иш бошлади ва ёшлар жамоаларида синовдан ўтди. 2004 йилда Мендилибар «Эйбар»дан таклиф олди. «Атлетик» эса 13 учрашувдаги 7 ғалабадан кейин қатъий қарорга келди - Эрнесто Вальверде кетадиган бўлса, Мендилибарни синаб кўрамиз. Дарвоқе, Давид Сильвани «Эйбар»да айнан Хосе Луис кашф этганди. Ўшанда навқирон йигитча бир мавсум ижарада тўп сурганди. Ҳозир улар доимий алоқадалар, Мендилибар «Иттиҳод»даги VIP-ложада кўриниш беришга ҳам улгурганди. Давид Хосе билан ўтган ҳамкорлик дамларини мамнуният билан эслайди: «Тактик ва техник маҳорати билан биргаликда, Хосе кишилар кўнглига йўл топишга ҳам уста. У ажойиб руҳшунос».
Афсуски, «Атлетик»да бу малакалар самара бермади. Мендилибарни омадсизлик кутиб турарди: 13та ўйинда ягона ғалаба, Интертото Кубоги турнири саралашида Руминиянинг «Клуж»ига бой берилган имконият. Эндигина иш бошлаган мураббий истеъфога йўл олди. Кейин у «Осасуна» ва «Вальядолид»да ишлади. Бу клублар уни натижага эриша олмаган ҳужумкор футбол мутахассиси сифатида эътироф этади.
Лекин Хосе Луис ажойиб инсон мақомини сақлаб қолди. «Осасуна»ни тарк этар чоғида футболчилар кўз ёшлари билан кузатиб қолгандилар. «Мендилибар - тенги йўқ инсон, етук мураббий. Омадсизлигимизда унинг айби йўқ. Афсуски, унга имконият беришмади», деганди жамоа сардори Пуньяль.
«Ўзимни зиқна, деб ҳисобламайман, лекин пул шунчаки, осмондан тушмаслигини яхши биламан. Уни ишлаб топиш лозим. Болаларни шундай руҳда тарбияладим, улар ўз жойларини топиб олишди. Бахтимизга, молиявий муаммолар йўқ. Агар лаёқатим бўлмаганида, вазият янада мушкулроқ бўларди», - дея хотирлайди мураббий.
«Леванте»даги қисқа фаолиятдан кейин 2014 йилда Мендилибар танаффус қилишни лозим топди ва қарийб 1 йил суюкли «Эйбар»ни кутди. Бу пайтда жамоа 9 йил ичида 3-дивизиондан элитага кўтарилганди. Кейин Хосе Луис билан еврокубоклар йўлланмаси учун кураша бошлади, ҳатто «Реал»ни маҳв этишни ҳам уддалади.
«Эйбар»нинг ёрқин ўйинини «Севилья» собиқ мураббийи Эдуардо Бериссо қуйидагича эътироф этганди: «Унинг услуби тўп назоратини талаб этмайди. Жамоа қандайдир сирли тарзда рақиби жарима майдончасида пайдо бўлади ва бўшлиқдан самарали фойдаланади бу вертикал ва горизонтал футболнинг қоришмаси. Ўйинчилар доимо тезкор ҳаракатдалар. Уларнинг режаларини тушуниш қийин».
Хосе бир қатор моҳир ўйинчиларни шакллантирди. Масалан, бошқа академиялардан келган Жоан Жордан ва Брайан Хиль айнан «Эйбар»да Ла Лигага тўлиқ мослашиб олдилар. Кукурелья «Челси»да тўп сурмоқда, лекин доимо Мендилибарни мақтайди. Япониялик Инуи учун Мендилибар - бир умрлик устоз.
Албатта, бахт - абадий эмас. Футбол ўзгарди, Мендилибар эса ҳатто уриниб ҳам кўрмади: «Сунъий қопламалар пайдо бўлиши билан ҳаммаси ўзгариб кетди. Бу ўзгача футбол - болалар мактабларида бош билан ўйнаш йўқолди, олис узатмаларнинг аҳамияти қолмади. Ҳозир тўпни оёқда ушлаб туриш етарли. Менимча, бу жуда кам, футбол , серқирра ўйин. Ахир ҳимоя ҳам бор. Ҳозир фақат ҳужум ҳақида гапиришади. Тўпни тортиб олиш, «подкат», ҳимоя ҳақида жимжитлик. Бирорта футболчининг тўп билан 2 дақиқадан кўпроқ муомалада бўлганини кўрмайсиз. Ҳимоявий ҳаракатлар футболнинг муҳим бўлаги эканлигини шарҳловчилар мухлисларга кўпроқ эслатиб туришлари лозим. Акс ҳолда, замонавий футбол фақат финтлар, тўп узатишлар ва назоратга айланиб қолгандек туюлади. Марказий ҳимоячиларнинг ўзаро узатмалари, дейсизми? Эҳ-ҳ, бунда қандай тўп назорати бўлиши мумкин? Тўпни эгалладингми, вазият яратишинг лозим. Тўпга неча марта тегинганинг билан эмас, неча марта дарвозага хавф солганинг билан мақтан».
2021 йилда «Эйбар» деярли барча етакчи ўйинчиларини сотиб юборди, ҳатто Мендилибар ҳам уни қуйи лигага тушиб кетишдан қутқара олмади. Хосе клубни афсона мақомида тарк этди, лекин фаолиятини давом эттирди. Декабрь ойида унинг «Алавес»даги уринишлари ҳам самара бермади: «Шунга қарамасдан, ишлашда давом этяпман. Чунки ишимни яхши кўраман ва футболсиз яшай олмайман. Мураббийлик билан футболдаги ҳаётимни узайтирмоқдаман. Бундан ташқари, кўп нарсаларни ўрганяпман. Нафақага ошиқмаяпман. Рафиқам ҳам шундай - инглиз тилидан сабоқ беради, у ҳам нафақага ошиқмаяпти. Тўғри, баъзан уйга чарчоқ билан, асабий ҳолатда қайтади. Лекин барибир, келажакка умид билан боқади. Менинг фалсафам ҳам шундай».
Мендилибар 1 йилдан кўпроқ вақт ишсиз юрди, 62га чиққанида «Севилья»да навбатдаги имкониятга эга бўлди. Кейин ЕЛда зафар қучди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789