АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«Қилаётган ишларинг ақл бовар қилмас даражада ажойиб», - деганди «Реймс» - «Ренн» (3:1) учрашувининг бош ҳаками Аҳмад Бин ал Ҳаж ўйиндан кейин у билан қўл олиш учун келган «Реймс» мураббийи Вилл Стиллга.
«Ренн»га қарши беллашув Стиллнинг мағлубиятсиз сериясидаги 7-ўйин бўлди. Ўтган йилнинг октябрида 9-турдан кейин 17 очко билан 17-ўринга тушиб қолган «Реймс» Оскар Гарсияни лавозимидан четлатиб, унинг ўрнига 30 ёшли ёрдамчиси Стиллни бош мураббий этиб тайинлаганди. Шу тариқа Вилл топ-чемпионатлардаги энг ёш мураббийга айланди.
Муваффақиятли серия «Ренн» билан ниҳоясига етмади. «Реймс» Лига1да навбатдаги ғалабага эришди, кейин 2та дурангга имзо чекди, Франция Кубогида ҳаваскорлар жамоасини маҳв этди, мағлубиятсиз ўйинлар сони 13тага етди. Натижада 11-ўринга кўтарилиб, аутсайдердан 11 очкога узоқлашиб олди.
Ҳа, Football Manager ишқибозига ростакам клубни берсангиз, шунақа бўлади. Ўз интервьюларидан бирида мураббий шундай деганди:
«Баъзан оқшомда компьютер қаршисида ўтирсам, соат 22:00га яқинлашиб қолган бўлар, ўзимча «ҳа, майли, бу охирги ўйин, кейин уйқуга ётаман», дердим. Бир оздан кейин қарасам, соат 4:00, «яна битта ўйинга улгураман». Уйда акам билан умумий компьютерда ўйнардик. Жамоани танлаш, таркибни шакллантириш, машғулотларни ташкил этиш - ҳаммаси жуда қизиқарли. «Сент-Труйден»да ишлаган пайтимда, компьютердан чинакам клуб учун ўйинчилар топишга уриниб кўрганман. «Реймс»да виртуал ўйинларга вақт етишмаяпти. Яқингача Football Manager ҳаётда мураббийга таъсир кўрсата олади, деб ўйламасдим. Бироқ ҳозир ишонч билан айта оламан: ўйин чиндан ҳам ўта ҳаётий!»
Стилл компьютерда кўпинча «Вест Хэм»ни танлаганини тан олди. Бу - оилавий анъана. Унинг отаси ҳам «болғачилар» мухлиси. Вилл мураббийликда аниқ режалари йўқлигини, ҳақиқий «Вест Хэм»ни бошқариш орзу эканлигини айтди.
Вилл Стилл - Бельгиянинг энг ёш мураббийларидан бири.
Стилл - Бельгияда улғайган инглиз йигити. Ота-онаси у туғилишидан аввал Англиядан кўчиб ўтишганди. Вилл катта футболга таянч ярим ҳимоячиси мақомида кириб келишга уриниб кўрди:
«Майдонда мен дунёдаги энг қўпол ўйинчи эдим. Доимо рақибларимнинг оёқларини босиб олардим, қўлларим билан зарбалар берардим. Шу сабабли ойим ўйинларни томоша қилиш учун стадионга келишга уяларди».
Мураббийлик хусусида Стилл Престондаги коллежда ўқиб юрган даврида ўйлай бошлади. У ерда «Престон» академиясида таҳсил олди. Табиийки, Вилл асосий жамоадан жуда олисда эди. Шу боис, болаларга устозлик қилди, машғулотлар жараёнида мураббийликка иштиёқи ортди ва тезроқ Бельгияга қайтиш истаги туғилди.
«Салом, мен ёш йигитчаман. «Престон»да олган озгина иш тажрибаси ва коллеж дипломига эгаман. Сизга қандайдир ёрдамим тегиши мумкинми?» мазмунидаги мурожаатни Стилл Бельгиядаги барча профессионал клубларга жўнатди.
Мурожаатга «Сент-Труйден» жавоб қайтарди. Айнан шу клубнинг ёшлар жамоасида Вилл онасини хижолат чекишга мажбур этган қўполликларни амалга оширганди. Стилл билан академияда бирга ишлаган Янник Феррера уни жамоанинг навбатдаги учрашувига таклиф этди ва ўйинни ёзиб олиш, такроран томоша қилиш ва ҳисобот ёзишни топширди.
Видеолавҳани неча марта томоша қилганини Вилл ҳозир эслай олмайди, лекин ҳар бир икир-чикирни диққат билан кўриб чиққани аниқ. Ҳисоботнинг мазмуни ва ҳажми Феррерани лол қолдирди. Стилл эса «Сент-Труйден»нинг видеотаҳлилчисига айланди.
Шундан кейин мураббий Виллни аста-секин машғулот сессияларига жалб этиб, турли топшириқларни бера бошлади.
Феррера «Стандард»дан таклиф олгач, Стиллни ўзи билан олиб кетди. Ферреранинг истеъфога чиқиши билан ҳамкорлик интиҳо топди, Вилл «Льерс»дан ўзига иш топди: унга видеотаҳлил ва скаутлар бўлимларини топширишди. Тез орада ёрдамчи мураббий мақомига эришиб, 2017 йил октябрида бош мураббийликни қабул қилди. Шу тариқа қаҳрамонимиз Бельгия 2-лигаси тарихидаги энг ёш мураббий мақомига эга бўлди. 56 кунда 7та ғалаба ва 2та дурангга эришиб, яна ёрдамчи мураббий лавозимига қайтди. Чунки унда УЕФАнинг «А» тоифасидаги лицензияси йўқ эди. Шу боис, жамоани 60 кундан ортиқ бошқариши мумкин эмасди.
2017|2018 йиллар мавсуми якунида «Льерс» банкротга учради, Стилл «Берсхот»га ўтди. Янги жамоада у 2,5 йил ассистент вазифасида ишлади ва илк марта элитага кўтарилди. 2020|2021 йиллар мавсумининг ярмида бош мураббий Эрнан Лосада МЛСга йўл олди, олий лигада 6-ўринда бораётган жамоа 28 ёшли Стиллни унинг ўрнига таклиф этди. Ўша паллада Бельгия чемпионатида Виллдан кичикроқ бўлган 2 нафар мураббий бор эди.
Мавсумни 9-ўринда якунлаган «Берсхот» Стиллга ассистент ролига қайтишни таклиф этди. Вилл буни ортга қайтиш деб ҳисоблади, «Берсхот» эса охирги ўринни банд этиб, элита билан хайрлашди.
Стиллни «Реймс» ўзига чорлади, бош директор Матьё Лакурнинг қўнғироғидан кейин Вилл ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Чунки Лакур уни анчадан бери кузатиб юрганини, «Берсхот»нинг ўйинларида унинг майдон четидаги ҳаракатлари ёқиб қолганини айтганди.
Табиийки, Стилл таклифни мамнуният билан қабул қилди. Клубдаги 3 ойлик фаолиятдан кейин «А» лицензиясини олиш учун Бельгияга отланди, 2021|2022 йиллар мавсуми якунигача «Стандард»да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлади ва «Реймс»га қайтди. Ўтган йилнинг октябрида «Реймс» Оскар Гарсия билан ҳамкорликни тўхтатиб, Виллга ҳеч бўлмаганда ЖЧ бошлангунга қадар бўш қолган бош мураббий ўрнини тўлдиришни таклиф этди. Стилл рози бўлди.
Қизиғи шундаки, Вилл ҳанузгача Pro лицензиясисиз ишламоқда, уни шу йилнинг ёзида олади. Шу сабабли Лига1даги ҳар бир учрашув учун «Реймс» 25 000 евродан жарима тўлайди. Бельгияда лицензия учун таҳсил олиш билан биргаликда мураббийлик фаолиятини давом эттириш мумкин, Францияда эса жарима олинади.
Вилл Стилл «Реймс» тактик инқилобни амалга оширмаса керак. Унинг пировард мўлжали - сэр Алекс. Виллнинг фикрича, асосий куч бирон-бир жабҳада зиддиятга дуч келмайдиган яхлит ва ҳамжиҳат жамоада бўлади. Шу боис, машғулотларни ҳам ўзига хос мусобақа тарзида ўтказади, машқлар учун очколар беради. Мағлуб бўлганлар ниманидир қурбон қилишга мажбурлар. Масалан, ойнинг охирида жамоани ўз ҳисобларидан кечки таомга таклиф этишлари мумкин.
«Реймс» ҳимоячиси Тома Фоке устозининг фикрини тасдиқлади: «Деярли ҳар бир позицияда кучли рақобат мавжуд, аммо ҳеч қандай норозилик ва хафагарчилик йўқ. Захирадаги ўйинчилар доимо шай ҳолда турадилар».
Мураббий Вилл Стиллнинг энг муҳим жиҳати - турли тилларни билиши. «Реймс» президенти Жан-Пьер Кюйо ўз интервьюларида унинг исм-шарифини айтиб ўтирмасдан, қисқагина полиглот деб қўя қолади. Худди тахаллус каби.
Вилл инглиз тилини ота-онасидан ўрганди. Бельгиянинг Валлон Брабант провинциясида асосан француз тилида гаплашишгани боис, бу тилни ҳам, қўшни ҳудуддаги нидерланд тилини ҳам ўзлаштирди. Шу туфайли мураббий барча шогирдлари билан бемалол мулоқот қилади.
Стиллнинг бу хислати «Реймс» учун жуда қўл келмоқда. «Арсенал»дан ижарага олинган инглиз Фоларин Балогун билан она тилида сўзлашиш билан кифояланмай, уни ҳам француз тилини ўрганаётган футболчилар гуруҳига жалб этди. Ажойиб атмосфера. Бироқ ҳамжиҳат «Реймс»нинг ажабтовур жиҳати ҳам йўқ эмас. «Рақиб ўйинчиларига эркинлик берманг, босим ўтказинг, фитна уюштиринг, тезкор комбинациялар уюштиришига имкон берманг, Мбаппега бўшлиқ берманг, қоидани бузганингизда, ўйин суръатини тушириш учун ҳакам ёнига чопинг» - бош мураббийнинг дебюти бўлмиш «ПСЖ»га қарши баҳс арафасида Вилл ўз шогирдларига шундай кўрсатмалар берди.
Албатта, виждонли киши бунақа усул билан фахрланмайди. Лекин гап Лига1ни тарк этиш хавфи остидаги жамоа ҳақида бормоқда. Якдиллик фақат бунёдкорликка эмас, кези келганда, бузғунчиликда ҳам асқотади. Гегемонга қарши баҳсни «Реймс» 0:0 ҳисобида якунлади, Серхио Рамос ҳакам билан баҳслашгани учун 41-дақиқада майдондан четлатилди. Айтганча, куни-кеча жамоа Франция гегемони билан яна бир бора, лекин энди Парижда учрашди ва бу гал ҳам дуранг қайд этилди - 1:1!
Бугунги «Реймс» таркибида 2 нафар футболчи бошқалардан яққол ажралиб туради. Бош қаҳрамон - мавсумда жамоаси голларининг 50 фоизини (11та) ўз ҳисобига ёздириб қўйган 21 ёшли ҳужумчи Фоларин Балогун. Лига1да ундан юқорироқ натижага эришган мерган йўқ.
Иккинчи ёрқин юлдуз - япониялик ўнг қанот вингери Зюня Ито, жамоанинг энг қиммат (10 млн. евро) ўйинчиси. Лекин кўрсатаётган ўйинлари рекорд ҳаражат зое кетмаганлигини исботламоқда. Ито ҳисобида 4та гол бор (2-тўпурар). Бу йигитлар Гарсия даврида ҳам «Реймс»да эдилар, Стилл шунчаки, яширин салоҳиятни юзага чиқарди. Қаловини топсангиз, қор ҳам ёнадику, ахир.
Қисқаси, «Реймс» 2-даврани хотиржам ўтказиш имкониятига эга бўлди. Олдиндан бир нарса дейиш қийин, албатта. Лекин Вилл Стиллдек изланувчан мураббий бор жойда, муваффақият ҳам бўлади.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789