Натижа: Ҳар 25 ўйинга бир соврин!

Натижа: Ҳар 25 ўйинга бир соврин!

БУЮК КАРЛО АНЧЕЛОТТИНИНГ «РЕАЛ» БОШҚАРУВИДАГИ 200та ЎЙИ­НИ.

Италиялик чин афсона Карло Анчелотти учун «Реал» бошқарувидаги 201-ўйин омадсизлик келтирди - «Қироллик клуби» Саудия Арабистонида «Барселона»га қарши Испания суперкубоги финалида хира кўринди ва мағлубиятни тан олди - 1:3. Лекин шу биргина омадсизлик дон Карлонинг аввалги 200та ўйини статистикасига доғ бўлолмаслиги аниқ. Ҳа, футбол мэтри Испания суперкубоги ярим финалида («Валенсия»га қарши) «Мадрид» бошқаруви ролида юбилей - 200-ўйинини нишонлаганди. Хўш, уларнинг умумий ҳосиласи қандай?

*** Карло Анчелотти - «Реал» бош мураббийи сифатида 200та ўйин довонига етган 4-мутахассис. «Мадрид» тарихида фақат Мигель Муньос (605та ўйин), Зайниддин Зидан (263та ўйин) ва Висенте Дель Боске (246та ўйин) бундан кўпроқ ўйинда раҳбарлик қилган. 

*** Карло Анчелотти «Реал»даги икки даврида тенг миқдорда - 4тадан соврин ютди. Италиялик мутахассис биринчи уринишида Испания кубоги, Европа ЧЛ, Клублар ўртасидаги ЖЧ ва Европа суперкубогида зафар қучганди. Мана, у қайтишидан сўнг клуб билан ҳозиргача яна 4та турнирда ғалаба қозонди - ЕЧЛ, Ла Лига, Европа ва Испания суперкубоги. 

*** Карло Анчелотти февраль ойида «Реал»­даги совринлари сонини 9тага етказиш имкониятига эга - «Мадрид» Марокашда ўтадиган Клублар ўртасидаги ЖЧнинг бош фаворитидир. 

Энди Карло Анчелоттининг «Реал» тарихидаги бошқа етук бош мураббийлар билан таққослаш учун ҳар бирининг дастлабки 200та ўйинига назар соламиз. 

*** Карло Анчелотти - ғалабалар нисбати, шунингдек, қўйиб юборилган голар сони бў­йича энг яхши кўрсаткичга эга. Қолаверса, «Реал» фақат Муньос раҳбарлигида 200та ўйинда Анчелотти давридагидан кўпроқ гол урган.

*** Зайниддин Зидан «Реал»да дастлабки 200та ўйинда энг кўп соврин ютган мураббийдир. Франциялик мутахассис ўртача ҳисобда ҳар 18та ўйинда 1та соврин таъминлаган. Анчелотти ва Муньос эса бу оралиқда 8тадан турнир ғолибига айланишган. Оддий айтганда, ўртача ҳисобда ҳар 25та ўйинга 1та сов­рин! 

*** «Реал»га Висенте Дель Боске бошқарувида қийинроқ бўлган, лекин «жаноб картошка» совринлар сони бўйича бошқа ҳамкасбларидан унча қолишган эмас.

Яна бир факт шуки, Карло Анчелотти 13 йил бадалига илк марта финалда мағлубликни тан олди. Бошқача айтганда, «Барселона Саудияда италияликнинг даҳшатли сериясига нуқта қўйди. Диққат қилинг, Анчелотти 2010 йилдан буён «Реал» ва «Бавария» бошқарувида қаторасига 9та финални ўз фойдасига ҳал қилганди. Дон Карло бу орада жамоалари билан Германия суперкубоги (2 марта), ЧЛ (2 марта), Испания кубоги ва суперкубоги, Европа суперкубоги (2 марта) ва Клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба нашидасини сурганди. Анчелотти ушбу серия бошланишидан олдин финалда охирги марта «Челси» бошқарувида мағлубиятга учраганди - Англия суперкубоги учун баҳсда «МЮ»га қарши ўйинда. Тўғри, «Реал» 2014 йили ҳам Испания суперкубогини бой берган, лекин буни финал сифатида ҳисобга киритмаймиз, чунки соврин тақдирига 2та ўйин орқали ойдинлик киритилганди.

И.ЮСУФЖОНОВ тайёрлади