Натижа: Баъзан 0:4 ҳам ҳукм эмас!

Натижа: Баъзан 0:4 ҳам ҳукм эмас!

Англия футболи «ертўласи»да сеҳрли «камбэк» ёхуд Чемпионшип йўлланмаси учун жанг.

Европанинг кўплаб лигаларида юқории дивизионга кўтарилиш учун «плей-офф» ўйинлари давом этмоқда. Жумладан, 18 май куни Англияда Чемпионшип (АПЛ ортидаги турнир)га чиқиш учун «плей-офф» босқичидан ўрин олган баҳсда чинакам шоу кузатилди. «Шеффилд Уэнсдей» ва «Петерборо» ўртасидаги ўйинда ҳаммаси саҳналаштирилгандек туюлди ҳатто. Бунақаси еврокубокларда ҳам кузатилмайди ҳисоб.

Англия чемпионати Биринчи дивизиони якунига кўра, Чемпионшип йўлланмаси учун қўшимча курашга киришган «Питерборо» «плей-офф» раунди ярим финали биринчи ўйинида «Шеффилд Уэнсдей» дарвозасига жавобсиз 4та гол урганди. «Камбэк» учун имконият борми? «Уэнсдей» бунга қадар Чемпионшипга тўғридан-тўғри чиқиш ҳуқуқини берувчи позицияни «Ипсвич»га аламли тарзда бериб қўйганди. Айтиш жоиз, Футбол лигаси (Чемпионшип, Биринчи ва Иккинчи лига)нинг бутун тарихида бирор клуб давомида 96 очко жамғарган ҳолда тўғридан-тўғри йўлланмадан қуруқ қолмаганди - чинакам омадсизлик..

Энди майдонга тушишдан олдин ўзини финалда кўрган «Петерборо» учун фалокат мисоли тус олган жавоб ўйини сценарийсига қаранг:

9-дақиқа - «Шеффилд» пенальтидан ҳисобни очди. 

25-дақиқа - мезбонлар иккинчи голни уриб, мухлисларда туғилган умид учқунини алангага айлантиришди. Олдинда яна 1 соатдан кўпроқ вақт бор эди. 71-дақиқа - «Уинсдей» ўйинни қўшимча бўлимларга чўзиш имкониятини кескин оширди - 3:0.

90}8 дақиқа - «Шеффилд» ҳакам томонидан қўшиб берилган 8-дақиқада ҳисобни 4:0га айлантирди. Умумий натижа - 4:4. Шунчаки, фантастика!

105-дақиқа - «Питерборо» автогол эвазига ҳисобни қисқартирди ва финалга яна яқинлашди.

112-дақиқа - «Шеффилд» чекинмади, икки ўйин натижасида тенгликни қайта тиклади - 5:5.

Якунда мезбон жамоа пенальтилар сериясида аниқроқ зарба йўллаб, финал чиптасини ўз томонига оғдирди - 5:3. Бунда жамоага уй деворлари ҳам ёрдам берди, албатта. 

Сўз

- Футбол ўта шафқатсиз. Бир неча хатоларга йўл қўйдик, сўнгги дақиқада гол қўйиб юбордик... Боз устига, ҳакам 6 дақиқа қўшиб берди, амалда яна 8 дақиқа ўйнадик. Бу тўғри эмас. Лекин «Шеффилд»ни ғалаба билан табриклайман, барибир. Даррен Фергюсон («Питерборо» бош мураббийи).

«Шеффилд Уэнсдей» - «Питерборо» - 5:1 (2:0, 2:0, 0:1, 1:0)  Пенальтилар серияси - 5:3
Голлар: Смит (9-пен.), Грегори (25), Жеймс (71), Палмер (90}8), Паттерсон (112) - \Грегори (105-авт.). 
Биринчи ўйин - 0:4