«Нефтчи»га қўшимча имконият

«Нефтчи»га қўшимча имконият

Биласизми, «Навбаҳор» ва ОКМКнинг ОЧЛ гуруҳ босқичига чиққанидан Ўзбекистоннинг қайси шаҳрида кўпроқ қувонишлари керак?

 Фарғонада. Энди «Нефтчи»нинг Ўзбекистон чемпионатидаги 4та асосий рақибатчиси ҳам камида 2та фронтда ўйнайди. Бу эса Фарғона клубининг чемпионлик учун курашдаги имкониятини оширади. Гап фақат эътиборни 2-3та турнирга тақсимлаш эмас, балки яна охирги йиллар Ўзбекистон клубларининг «заявка»га атиги 20 нафар футболчи киритишига рухсат берилганида ҳам (масалан, Қатарда бу кўрсаткич 28 нафар). Ҳа, ёш футболчиларни чекловсиз киритиш мумкин. Аммо муаммо шундаки, 19-20 ёшли ҳар бир футболчи қўшимча омилларсиз асосий таркибдаги ўрин учун рақобатда ғалаба қозонолмайди дейлик, Аббос Файзуллаев каби. Аммо энди «Пахтакор»да у ҳам йўқ. Мавсум бошида журналистлар Максим Шацкихни захира кучлари етишмаётгани ҳақидаги сўзлари учун танқид қилишганида, аслида муаммо моҳиятини тушунмагандилар. Куни кеча Миржалол Қосимов ҳам «Пахтакор» бош мураббийи ҳолатига тушиб қолди: «Бугун жароҳатлар, хасталик ва дисквалификациялар туфайли ихтиёримда захирадан майдонга тушиб, ўйинни яхшилай оладиган атиги 3 нафар футболчи бор эди». 

Бир ўйланг, 4та клуб ҳафтасига 2тадан ўйин ўтказа бошласа, нима бўлади? Яна ҳар бир ўйин аҳамиятли. Тушунарлики, ёш футболчиларга имкон бериш керак. Аммо 4та клуб мураббийлари мажбуран имконият беришади. Бошқача айтганда, ёш футболчиларнинг ўзлари ҳали бундай имкониятга тайёр эмаслар. Бундай имкониятдан эса ҳеч томонга наф йўқ. На клуб ва на футболчига, терма жамоа хусусида гапириш ҳам ортиқча. Лекин пировардида Ўзбекистонда регламент ҳамманинг фикри инобатга олинмасдан, профессионал экспертизасиз қабул қилинганида клубларнинг ўзи айбдор. Футбол вертикали тўғри қурилган мамлакатларда бундай қарорлар Лига аъзоларининг умумий овози билан қабул қилинади. Фақат 2-3та клубгина овоз беришга журъат этса, буни қанақасига умумий фикр сифатида қабул қилиш мумкин? «Нефтчи»га келсак, чемпионлик учун курашда ҳозир юзага келган имкониятидан унумли фойдаланмаса, кейингисини анча кутади...