Қайси жамоа чин фаворит?

Қайси жамоа чин фаворит?

ЖЧ-2022 СТАРТИ ОЛДИДАН СУПЕРКОМПЬЮТЕР ТАҲЛИЛИ: АСЛИДА ҚАЙСИ ЖАМОА ЧИН ФАВОРИТ?

«Сюрприз»лар етарли! Opta - дунёда футбол статистикаси билан шуғулланувчи энг машҳур таҳлил компанияларидан бири. Бу гуруҳ навбатдаги жаҳон чемпионати бошланишига 11 кун қолган паллада Қатарда футбол тожи учун курашувчи 32та иштирокчи жамоа имкониятларини таҳлил қилиб, тадқиқот натижаларини эълон қилганди. Таъкидланишича, барчасини ҳисоблашда суперкомпьютер хизматидан фойдаланилган. Табиийки, бунда қатор омиллар баробарида турнирнинг «плей-офф» босқичлари йўли ҳам инобатга олинган. Мисол учун, дейлик, Бразилия миллий жамоасининг «G» гуруҳи ғолибига айланиши эҳтимоли баланд (квартетда Сербия, Швейцария ва Камерун термалари бор). Бу «пентакампеонлар» 1|8 финалга 1-ўрин орқали чиқишса, «Н» гуруҳи иккинчи жамоасига қарши ўйнашларини англатади. Бу квартетда эса 2-ўринни эгаллайдиган жамоа бошқалариникидан мураккаброқ бўлиши мумкин.

Айнан турнир «сеткаси»га хос нюанслар ва гуруҳдаги рақибларнинг хилма-хил устун жиҳатлари туфайли тадқи­қот натижаси бир қарашда, ҳайратланарли чиқди. Мисол учун, Испания термасида Қатар мундиали ғолибига айланиш имконияти Англия миллий жамоасиникига нисбатан бироз баланд. Шунинг баробарида испанларнинг 1|4 ва 1|2 финал, ҳаттоки, финалга чиқишлари эҳтимоли Гарет Саутгейт жамоасиникидан пастроқ. Бу ҳолат оддий изоҳланади: Opta таҳлилчилари ўз-ўзидан Испания термасини кучлироқ жамоа сифатида кўришади. Бироқ «қизил фурия»нинг гуруҳдаги рақиблари жиддийроқ, унинг «плей-офф»даги эҳтимолий йўли ҳам нисбатан оғир. 

Умуман, таҳлил жадвалига қараб, баъзи жамоалар позициясидан яққол ажабланиш мумкин. Дейлик, Қатарда кубок ютиш фоизи бўйича тузилган рейтингнинг 2-қаторига Аргентина термаси қўйилди. Рейтингга илова қилинган мақолада Лионель Месси ва шерикларининг ғалаба қозониш имкониятлари 35та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия ортидан ошгани таъкидланган. Шунингдек, барча 32та иштирокчи жамоа аниқланган июнь ойида Бразилия термаси эмас, балки Франция миллий жамоа­си бош фаворит бўлгани қайд этилган. Ўшанда Дидье Дешам жамоасининг ЖЧ-2022 ғолибига айланиш эҳтимоли деярли 18 фоизга баҳоланган эди. Эътиборли томони, бу кўрсаткич Бразилия термасининг ҳозирги натижасидан ҳам баланд. Бироқ амалдаги чемпионнинг охирги бир неча ишончсиз ўйини оқибатида унинг 18 фоизлик кўрсаткичи 12 фоиз даражасига тушиб қолди. Жумладан, данияликлардан қабул қилинган мағлубият ҳам Франция миллий жамоаси натижасига кескин таъсир кўрсатди.

Шуни эсда тутиш керакки, бу каби рейтинглар ҳеч вақони кафолатламайди, шунчаки, «ЖЧ-2022да ғалаба қозониш имконияти қайси жамоаларда кўпроқ?», «Қайси терма мундиалнинг бош фаворити?» каби саволларга маълум мезонлар асосида жавоб беради. Opta таҳлили шунингдек, терма жамоалар имкониятини таққослашда фақат ФИФА рейтинги билан чекланиб қолмаслик кераклигини англатади. Бунда жумладан, гуруҳдаги рақиблар кучи алоҳида ҳисобга олинган. Ҳар ҳолда, ФИФА ва таҳлил гуруҳининг жадваллари ўртасида катта фарқ бор. Масалан, Opta таҳлилчилари Бельгия термасини 8-ўринга қўйганлар, ваҳоланки, бу жамоа ФИФА рейтингида 2-поғонада бормоқда. Яна бир катта фарқни Германия терма жамоаси мисолида кўриш мумкин: бундестим ФИФА рейтингида кучли 10таликда ҳам эмас, Opta рўйхатида эса фаворитлардан бири (6-ўрин)­дир. Лекин икки рейтингда ўхшаш томонлари ҳам бор. Аввало, чемпионлик учун асосий даъвогар масаласида - ФИФА рейтинги етакчиси Бразилия термаси бунисида ҳам пешқадам. Дарвоқе, букмекерлик гуруҳлари мезони бўйича ҳам Тите жамоаси бўлажак турнирнинг энг кучли иштирокчиси мақомида.

Айтганча...  
Германиянинг transfermarkt портали ҳам ЖЧ-2022 иштирокчилари имкониятини баҳолаб, уларни 5та гуруҳга ажратди: фаворитлар (3та жамоа), даъвогарлар (5та жамоа), андердоглар (5та жамоа), мўъжизага муҳтожлар (9та жамоа) ва реал имкони йўқлар (10та жамоа). Фаворитлар - Аргентина, Бразилия ва Франция термалари.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади