Сречко Катанец: "Биз ўзимизнинг ақлли ўйинимизни намойиш эта оламиз"

Сречко Катанец: "Биз ўзимизнинг ақлли ўйинимизни намойиш эта оламиз"

Анжуманнинг 2-қисмида эса вакилларимиз- бош мураббий Сречко катанец ва марказий ярим ҳимоячимиз Одил Ҳамробековлар журналистлар қаршисида ҳозир бўлишди.

С.Катанец:  Ҳаммага ассалому алайкум. Эртанги ўйин ҳам ҳар доимги каби ўртоқлик учрашуви ҳисобланади. Бугунга келиб тўлиқ таркиб йиғилди. Лекин ўйлайманки, биз эртанги учрашувда ҳам ўз ўйинимизни намойиш эта оламиз.

Ушбу назорат баҳслари Осиё кубогига доир режаларга катта таъсир қилди, дея олмайман. Биз ҳар қандай вазиятга мослашишимиз талаб этилади. Бунинг ижобий томони ҳам бор. Биз кўпроқ ўйинлар ўтказиб, тайёргарликни мустаҳкамлашимиз мумкин. Яна бир яхши томони, бизда чемпионат ноябрда тугайди. Биз Осиё кубогига тайёргарлик кўриб, яхши формада етиб борамиз.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларидаги "ҳолатлар" барча жамоалар билан содир бўладиган муаммо. Дунёнинг энг яхши жамоалари ҳам охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбориши мумкин. Футбол ўзгариб бормоқда. Футболчилар охирги дақиқаларда чарчаб қолиши мумкин. Шу сабабли концентрация йўқололади. Умуман олганда, биз ўша ўйинда ҳимоядаги хатоларимиз туфайли ўйин сўнгида гол ўтказиб юбордик.

Эртанги рақибимиз Қозоғистон термасини ҳурмат қилган ҳолда, биз уларнинг ўйинларини таҳлил қилдик. Менга уларнинг ўйини ёқди. Эртага осон бўлмайди. Биз учун бу оддий ўртоқлик учрашуви, биз ўз ўйинимизни намойиш этамиз. Ўйлайманки, рақибларимизнинг агрессив ўйинига қарши ўзимизнинг ақлли ўйинимизни намойиш эта оламиз.

О. Ҳамробеков: Бу ҳеч қандай ажратиб ўтадиган ўйин эмас. Бу навбатдаги ўртоқлик учрашуви. Олдимизда турган йўлимиздаги галдаги ўйин, дея оламан. Мақсад — хатоларни кўриб чиқиб, уларни тўғрилашдан иборат.
Миллий термадаги энг кучли  ярим ҳимоямиз Аҳмедов, Ҳайдаров, Жепаров ва Кападзелар ҳаракат қилган давр энг кучли чизиқ бўлган, деб ҳисоблайман. Ҳозирга келиб, мураббий ва футболчилар билан бу позицияни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қиляпмиз.

***
Айтганча,  Ўзбекистон Қозоғистонга қарши тўлиқ кўк либосда майдонга тушади.  Мазкур баҳс олдидан  ташкилий қўмита аъзолари ҳамда  жамоалар вакиллари иштирокида учрашув  бўлиб ўтди. Унда эртанги  ўйиннинг бир қатор масалалари, хусусан, медиа, маркетинг ва тиббий йўналишлари муҳокама қилинди.

Келишувга кўра, учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўлиқ кўк рангда, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракатланади. Учрашув соат 18:00 да “Пахтакор” стадионида старт олади.