Суперлига клублари орасида «Сўғдиёна» жамоасининг Жиззахдаги уй стадиони ҳам мавсум стартига қадар тайёр бўлмаслиги маълум бўлди.
«Лига мутахассислари 26 январь куни Жиззах шаҳрида бўлди. Бундан мақсад «Сўғдиёна» стадиони ва клуб қароргоҳининг мавсумга тайёрланиш жараёнини ўрганиш эди.
2022 йилги мавсумга келиб Жиззахдаги асосий стадион майсаси ҳолатида салбий ўзгаришлар кўзга ташланди. Шундан келиб чиқиб, ўтган йилнинг июнь ойида Лига 2023 йилги мавсум Суперлига учрашувлари мазкур майдонда ўтказилмаслигини клубга расман маълум қилди. Йил якунига қадар «Сўғдиёна» ОФК кубоги беллашувларини Жиззахда қабул қилиши кўзда тутилганди. Клуб илк бор халқаро майдонда иштирок этаётгани бунда инобатга олинди.
2022 йил баҳорида вилоят футбол маҳорат мактаби майдонига янги чим ётқизилган бўлиб, мазкур чим 1 йил давомида вилоятдаги асосий майдон учун парвариш қилиниши кўзда тутилганди. Лига ва клуб ўртасидаги келишув асосида 2022 йилги мавсум сўнгида «Сўғдиёна» стадионида таъмирлаш ишлари бошланди ва ҳозирга қадар у фаол давом этмоқда. Бугун Лига стадион ва клуб қароргоҳида мавжуд камчиликлар юзасидан тузилган баённомани «Сўғдиёна»га тақдим этди. Улар шу йилнинг февраль ойи якунига қадар бартараф этилиши талаб этилади», - дейилади ПФЛ хабарида.
Мутахассислар тахминига кўра, «Сўғдиёна» майдони Суперлига учрашувлари учун 1 май санасида тайёр бўлади. Унгача клуб ўз уй учрашувларини вақтинча ўтказиб турувчи стадион номини 1 февралга қадар ПФЛга тақдим этиши лозим. Бунгача Суперлига клублари орасида майдонидаги таъмирлаш ишлари сабабли «Андижон», ОКМК, «Сурхон» клублари мавсум стартини ўз майдонида бошламаслиги маълум бўлганди.
Шунингдек, ПФЛ «Бухоро» стадиони чимининг ҳозирги ҳолатидан хавотирда эканини билдирганди. Бу клуб ҳам мавсум стартини бошқа майдонда бошлаши мумкин.
Аввалроқ, «Бунёдкор» стадиони март ойида старт оладиган Осиё чемпионати U20га қадар тайёр ҳолатда бўлиши ваъда қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ҳам «Сурхон», «Қизилқум», «Нефтчи», «Қўқон-1912», «Бухоро» клублари аксарият уй ўйинларини бошқа майдонларда ўтказган эди.