Термамизга гол урган суриялик собиқ футболчи ҳам зилзилада ҳалок бўлди, "Ҳатайспор" эса...

Термамизга гол урган суриялик собиқ футболчи ҳам зилзилада ҳалок бўлди, "Ҳатайспор" эса...

Сурия футбол федерацияси зилзилалардан сўнг собиқ футболчи Нодир Жаҳодарнинг жасади топилганини маълум қилди.

6 феврал кунги кучли ер қимирлаши вақтида Жаҳодар Жабладаги уйида бўлган ва у билан бирга ўғли ҳам харобалар остида жон берган. 
45 ёшли собиқ ҳужумчи фаолияти давомида мамлакатнинг «Ал Ватба», «Ал Файсали» ва «Ал Виҳдат» клубларида ўйнаган. Миллий жамоада 14та баҳсда 9та гол урган. 
Жаҳодар ўзбекистонлик футбол мухлисларига 1996 йилги Осиё Кубоги орқали маълум. БААда бўлиб ўтган қитъа чемпионатида Ўзбекистон Хитой, Япония ва Сурия билан бир гуруҳдан ўрин олганди. Жамоа Хитойни ютиб (2:0), Японияга (1:2) ютқазгач, кейинги босқичга чиқиш учун Сурия билан дуранг ҳам кифоя қиларди. Аммо 19 ёшли Жаҳодар ҳисобни очган баҳсда Ўзбекистон 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрайди ва сўнгги ўрин билан гуруҳда қолиб кетади.

***
Айтганча, «Ҳатайспор» Туркия Суперлигаси жорий мавсумидаги иштирокини давом эттирмайдиган бўлди. 
Ҳатайдаги кучли зилзила сабабли жамоанинг бир қатор футболчилари ва ходимлари вайроналар остида қолган. Жамоа ўйинчиларидан Бурак Оксюз, Бертуг Йилдирим, Карим Алижи ва мураббийлар штабидаги Акрам Экшиоғлу ҳамда Усмон Оташ қутқариб олинган. Ганалик хавбек Кристиан Атсу ва спорт директори Танер Савут эса ҳамон харобалар остида қолмоқда.

Tribuna.uz сайтида ёзилишича, Туркия футбол федерацияси президенти Мехмет Буюкекши бу борада баёнот билан чиқди.

«Ҳатайспор» президенти билан учрашувда Кристиан Атсу ҳақида сўрадим. У вайроналар остида қора танли футболчи қутқариб олинганини, аммо бу Атсу ёки йўқлигини билмаслигини айтди. Ҳалигача аниқ маълумот йўқ. Умид қиламанки, Кристиан қутқарилган одамлар орасида.

«Ҳатайспор» бугун федерацияга хат йўллади. Унда клуб мавсумдаги ўйинларини давом эттирмаслигини маълум қилган. «Газиантеп» клуби ҳам турнирни тарк этмоқчи. Агар бу рўй берса, мусобақани 17 жамоа иштирокида давом эттиришга тўғри келади», - дейди Туркия футбол федерацияси раҳбари.

Маълумот учун, «Ҳатайспор» 23 очко билан Туркия Суперлигасида 14-ўринда, «Газиантеп» эса 25 очко билан 10-ўринни эгаллаб турибди. 

Эслатиб ўтамиз, Туркиядаги вайронкор зилзила туфайли ҳалок бўлганлар сони 9 февраль ҳолатига кўра 17 134 нафар, жароҳатланганлар 70 минг кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда барча спорт турнирлари тўхтатилган.