Хвича эмас, «хипчин»!

Хвича эмас, «хипчин»!

Грузиялик Хвича Кварацхелия ҳамон жорий мавсумнинг бош кашфиёти бўлишга асосий даъвогар бўлиб турибди.

Диққат қилинг, у «Наполи»даги илк 20та ўйинда «Гол}пас» тизими бўйича 21 очко ишлади. Оддий айтганда, 9та гол ва 12та самарали узатма - дебютант учун фантастик статистика!  

«Наполи» ҳужумига бир уринишда ўзгача жило бағишлаган Хвича Кварацхелия жумладан, Италия «А» серия­си 18-туридан ўрин олган «Ювентус»га қарши ўта муҳим ўйинда ҳам бош қаҳрамон ролини ўз зиммасига олди. 21 ёшли грузиялик йигит 5:1 ҳисобида якунланган баҳсда 1та гол уришдан ташқари, ўз ҳисобига 2та ассист ёздириб қўйди. Умуман, «кекса синьора»нинг «калтакланиши» айнан Хвича ҳаракати билан бошланди. Тўғри, 14-дақиқада унинг акробатик услубда йўллаган ажойиб зарбасидан сўнг дарвозабон Войцех Шесни тўпни бир амаллаб қайтарди, аммо Виктор Осимхен такрорий уринишда ҳисобни очди. Демакки, биринчи голда ҳам бошланғич ишни Кварацхелия бажарди.

Бир томондан, Хвича айнан «Наполи» ва «А» серияга мос футболчидек таассурот қолдирмоқда. Ҳарқалай, грузиялик ҳужумчи бунга қадар «Рубин» ва «Локомотив» клубларининг РПЛдаги жами 76та ўйинида 10та гол ва 18та ассист муаллифига айланган эди. Италияда эса бу борада атиги 20та учрашувдаёқ 20 очко маррасидан ошди. Эслатма, Хвича ва «Наполи» ўртасидаги шартнома 2027 йилгача мўлжалланган. Trans-fermarkt портали айни пайт мавсум кашфиёти трансферини 60 миллион еврога баҳоламоқда. 

Хвича Кварацхелия «Ювентус»га Қарши ўйинда

Вақт: 87 дақиқа

Зарба: 5та

Самарали алдаб ўтиш: 4 марта

Рақиб жарима майдони ичида тўпга тегиниш: 8 марта

Кварацхелия «А» сериянинг жорий мавсуми 15та ўйинда 7тадан гол ва самарали узатма қайд этди. «Гол}пас» тизими бўйича фақат Виктор Осимхен ундан яхшироқ натижага эга — 15 очко (12та гол ва 3та самарали узатма).