Соядаги маэстро ёхуд «Дортмунд»нинг янги қаҳрамони

Соядаги маэстро ёхуд «Дортмунд»нинг янги қаҳрамони

Ўтган йилнинг 19 апрелида сўнгги бор майдонга тушган Пол Погба кейинчалик жароҳат туфайли «МЮ»нинг 4та учрашувини ўтказиб юборди...

11 июлда эркин агент мақомида «Ювентус»га қайтди, аммо ҳанузгача ўзининг собиқ ва янги жамоаси таркибида 1 дақиқа ҳам тўп сурмади - навбатдаги шикастланишни даволатиш билан машғул. Шу вақт оралиғида Себастьян Аллер «Аякс»­ни Дортмунд «Боруссия»сига алмаштирди, саратон хасталигига чалинганидан хабардор бўлди, уни даволади ва немис клуби сафида Бундеслигадаги дастлабки голини нишонлади. Шунингдек, ЕЧЛнинг 1/8 финали доирасида «Челси»га қарши майдонга тушди. Тўғри, Погба ва Аллер турли вазиятларни бошдан кечирдилар, айрим онкологик касалликлар бўғимлардаги муаммоларга нисбатан тезроқ ва осонроқ тузалади. Бироқ дортмундликлар ҳужумчисининг фаолияти ва ҳаёт йўлига бефарқ муносабатда бўлишнинг иложи йўқ.

Себастьян Аллер - соядаги маэстро

Фаолиятининг асосий қисмида сермаҳсул ўйин кўрсатган ивуарлик ҳужумчининг шу пайтгача топ-клублар эътиборини торта олмагани ачинарли ҳол. Тўғри, 30 ёшли Садио Мане (203}99) ва Кевин Де Брюйне (136}222) каби снайперлар озчилик эмас. Бироқ уларнинг аксарияти номдор жамоаларда тўп суришади. 28 ёшли Аллер (154}58) эса юксак натижаларига қарамасдан, иккинчи даражали жамоаларда тўп сурди. Камтарона фаолият хусусида аниқ фикр билдириш қийин. Қаердадир Себастьян кўпроқ захирада қолиб кетди, қаердадир омади чопмади. Ниҳоят, «Осер», «Утрехт» ва «Айнтрахт»дан кейин яна ўртамиёна «Вест Хэм»га ўтди. Бироқ 50 млн. эвазига Лондонга келган ҳужумчи АПЛдаги 1,5 йиллик муддатда ҳам ўзини кўрсата олмади. шундан кейин «Аякс» уни клуб учун рекорд маблағ - 22 млн. евро сарфлаб, ўз сафига қўшиб олди. Шу тариқа 2021 йилда 26 ёшли ҳужумчи фаолиятида янги саҳифа очилди.

Юлдуз бўлиш учун ёш писандмас

Англиядаги даврини Аллер эслашни ҳам ёқтирмайди - 57та ўйинда 14та гол. Бундан таш­қари, фаолиятидаги энг ёмон натижаларнинг бири. Профессионал футболдаги дебютини нишонлаган «Осер»да бундан ҳам ёмонроқ кўрсаткични қайд этганди. Таажжубки, Нидерландия заминида футболчи қайта туғилди - янги жамоага қишда ўтган ҳужумчи ёзгача 13та гол ва 7та ассистни ёзиб қўйди ва чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Кейинги мавсумда 27 ёшли Аллер чинакам парвозни намойиш этди ва юлдуз мақомига эришди. Биринчидан, қаторасига икки марта «Аякс» билан Нидерландия чемпиони бўлди. Иккинчидан, 21 гол ва 7 ассист билан Эредивизиенинг энг яхши тўпурари унвонини қўлга киритди. Учинчидан ва бу энг муҳими - ЕЧЛда ўта ажойиб ўйин кўрсатди. Аллернинг шоҳона деб­ютини унутмаган бўлсангиз керак: ЕЧЛ турниридаги «Спортинг»га қарши баҳсда (5:1) покерга эришди. Ундан аввал фақат Марко ван Бастен нуфузли турнирдаги дебютини олис 1992 йилда 4та гол билан нишонлаганди. Себастьян шу билан кифояланиб қолишни истамади - нуфузли мусобақанинг қаторасига 7 учрашувида снайперлик маҳоратини намойиш этди ва ўша мавсумда 11та голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Бу ҳам навбатдаги рекорд кўрсаткич , ундан аввал ҳеч қайси футболчи унчалик тез (Себастьян бу натижани 8та ўйинда қайд этган) эриша олмаганди. Тўғри, якунда «Аякс» «Бенфика» тўсиғидан ўта олмади, лекин Аллер Португалия гранди дарвозасини ҳам ишғол этди. У ўша турнирдаги голлари ўртача 1,48га тўғри келди.

Чўзилиб кетган дебют  ва янги тарих

Навбатдаги имконият Аллерни узоқ куттириб қўймади. Холандни «Манчестер Сити»га бериб юборган Дортмунд «Боруссия»си унинг голларига кўникиб қолгани ва бўшлиқни зудлик билан тўлдириш кераклигини тушуниб етди. «Аякс» таркибида Эредивизион ва ЕЧЛни ёндирган Аллер энг мақбул номзод эди. Бундан ташқари, Себастьян Бундеслига тажрибасига эга, «Айнтрахт» билан Германия Кубоги соҳиби бўлганди. Дортмундликлар ивуарлик ҳужумчи учун 31 млн. евродан воз кечишди. Бу Себастьян билан боғлиқ навбатдаги дебют. 6 июлда Дортмундга кўчиб ўтган Аллер «Сигнал Идуна-Парк» ва унинг мухлисларидан ҳайратда эканлигини тақдимот маросимида эътироф этганди. Бироқ шукуҳли дамлар узоққа чўзилмади - 18 июлда Себастьян ўзини нохуш ҳис эта бошлади. Тиббий текширувлар натижасида унинг саратон хасталигига чалингани маълум бўлди. Балки касаллик хусусида мақтаниш ажабланарли ҳолдир, аммо бу масалада ҳужумчига омад кулиб боқди. Унинг хасталиги онкология соҳасидаги энг енгил касаллик бўлиб, беморларнинг 95 фоизи тезда оёққа туриб кетишар экан. Аллер учун 2та жарроҳлик амалиёти, 4та ким­ётерапия муолажаси ва ярим йиллик тикланиш жараёни етарли бўлди.

«Сўнгги 6 ой ичида олиб борилган ишлар беҳуда кетмаганлигини ҳозир ҳамма кўриши мумкин. Масалан, шифохонада ўзини менга нисбатан яхши ҳис этаётган кўплаб кишиларга дуч келдим. Бу ҳолатга кўникиш оғир бўлди. Бироқ мен бир лаҳзага бўлсада, улар каби соғайиб кетишимга шубҳа қилмадим. Ана шу ишонч менга куч-қувват бағишлади. Шунингдек, меникига ўхшаш хасталикка чалинган дўстларим билан гаплашиб турдим. Беморлик даври турлича ўтган бўлсада, биз бир,биримизга қимматли маслаҳатлар бериб турдик. Дастлабки ўйинни сабрсизлик билан кутяпманми? Бу ҳақда илк кундан бери ўйлардим. Чунки мен айнан шу учун клубдаман», - деганди Себастьян кейинчалик.

Шу йилнинг 21 январида «Боруссия Д.» Аллернинг бутсасини намойиш этди. Унда «Йўқолсин саратон!» ёзуви битилганди. Бир кундан кейин ҳужумчи немис клубидаги дебютини нишонлади, 3 кундан кейин дастлабки самарали узатмаси, февраль ойидаги «Фрайбург»га қарши беллашувда эса «қовоғарилар» либосидаги дебют голини амалга оширди. Дарвоқе, мазкур беллашув айнан халқаро онкологияга қарши кураш кунида бўлиб ўтди. 15 февралда Себастьян дортмундликлар таркибида ўзининг суюкли мусобақаси бўлган ЕЧЛнинг нимчорак финалида «Челси»га қарши майдонга тушиб, 68 дақиқа тўп сурди. Тўғри, бу ўйинда у гол ура олмади, жамоаси кичик (1:0) ҳисобдаги ғалаба билан кифояланди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.