U-20: рақамлар нималардандир ишора...

U-20: рақамлар нималардандир ишора...

ҚУДРАТЛИ ОЛОМОН ВА «ДАММАМ МЎЪЖИЗАСИ».

 Мана, якшанбага ўтар кечаси узоқ Аргентинада 20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионати старт олди. 1977 йили йўлга қўйилган турнир табиийки, ўзига яраша статистик тўпламга эга. Дейлик, ёшлар мундиа­ли тарихида Фредди Аду, Бебето, Эрлинг Холанд, Диего Марадона, Лионель Месси ва Хави каби катта юлдузларга боғлиқ чиройли фактлар ҳам бор. Демак, қуйида рақамлар воситасида чемпионат ўтмишига назар соламиз.

27 - маҳсулдорлик рекорди. 2001 йилги жаҳон чемпионатида мезбон - Аргентина термаси рақиблар дарвозасини  27 марта «ўқ»қа тутиб, энг юқори маҳсулдорликка эришганди. Ҳозирга қадар бошқа бирор жамоа бу натижа яқинига ҳам боролмаяпти.

16 - ушбу ёш тоифасида жаҳон чемпионига айланган шунча футболчига кейинчалик бу ютуқни миллий терма жамоалар миқёсида ҳам такрорлаш насиб этган. U-20 тои­фасида зафар қучиб, кейин катталар ўртасида ҳам жаҳон кубогини бошлари узра баланд кўтарган футболчилар - Диего Марадона (1979 йил), Бебето, Дунга, Жоржиньо (1983 йил), Мюллер, Таффарель (1985 йил), Дида (1993 йил), Икер Касильяс, Карлос Марчена, Хави (1999 йил), Лионель Месси (2005 йил), Анхель ди Мария (2007 йил), Альфонс Ареола, Поль Погба, Флориан Товен ва Самуэль Юмтити (2013 йил).

14 - 2021 йилгача бўлган энг тезкор гол вақти. U-20 тоифасидаги жаҳон чемпионати тарихидаги энг тезкор голлардан бири 1985 йилги турнирда кузатилган. Ўшанда нигериялик Мондай Одиака Канада термаси дарвозасини ўйиннинг 14-сониясида ишғол қилган. Унинг ватандоши Жон Овоэри эса 2005 йили 18-сонияда гол муаллифига айланган. 

13 - энг ёш футболчи кўрсаткичи. Ирландия терма жамоаси вакили Жейсон Бирн U-20 турнири тарихида майдонга тушган энг ёш футболчидир. У 1991 йили Жанубий Корея жамоаси билан ўйин вақти 13 ёшу 3 ойлик бўлган. Бу борада иккинчи натижа АҚШ футболида катта умид уйғотган Фредди Адуга тегишли. Вақтида футбол оламининг энг сара юлдузлари қаторига қўшилиши тахмин қилинган ҳужумчи 2003 йили 14 ёшу 6 ойлигида Германия термасига қарши баҳсда иштирок этган. 

12 - ғалабали серия. Аргентина ва Бразилия терма жамоалари кетма-кет 12тадан ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган - рекорд. Бебето, Дунга, Элбер, Жоржиньо, Мюллер, Таффарель ва Сампайо кичик «селесао»нинг 1983-1987 йиллар оралиғида қаторасига 12та ўйинда ғалаба қозонишини таъминлашган. Аргентина термаси эса 2001-2003 йилларда Макси Родригес, Андрес Д`Алессандро, Леандро Романьоли, Хавьер Савиола, Хавьер Маскерано ва Карлос Тевес каби бўлажак юлдузлар ёрдамида шундай серия қайд этган.

12 - ЖЧ-2019 (2021 йил)дан ўрин олган Норвегия - Гондурас ўйинида 12:0 ҳисоби қайд этилди. Бу мусобақа тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалаба ҳисобланади. Энг қизиғи, норвегияликлар шундай катта натижа билан ҳам гуруҳ босқичидан ўта олишмади. U-20 турниридаги иккинчи рақамли йирик ҳисоб 1997 йили кузатилган: Бразилия - Бельгия - 10:0.

11 - битта турнирда энг кўп гол. Аргентиналик Хавьер Савиола 2001 йилги кичик мундиалда рақиблар дарвозасини 11 марта нишонга олиб, муайян турнирда кўп гол уриш бўйича рекорд ўрнатган. 1997 йили эса Бразилия термаси вакили Адаилтон 10та гол билан бош тўпурарга айланган. 

9,6 - энг тезкор гол. Сенегаллик Амаду Саня Польша-2019 (2021 йили) мундиалида Таити термаси дарвозасини ўйиннинг атиги 9,6-сониясида нишонга олди. У шу тариқа 20 ёшлилар чемпионати тарихидаги энг тезкор гол муаллифига айланди. 

9 - муайян ўйин тўпурари. Диққат, дарвозабонларнинг бугунги «кушанда»си Эрлинг Холанд 2019 йили Гондурас термасига қарши кечган баҳс­да норвегияликлар учун нақ 9та гол урди. Эҳтимолки, бу рекорд абадий қолар... 

8 - мураббийлик рекорди. Лес Шайнфлюг Австралия ёшлар термасини ушбу ёш тоифасидаги турнирга нақ 8 марта олиб борган. Мураббийлар орасида иккинчи юқори натижа Испания термаси билан 5та мусобақани кўрган Чус Передага тегишли. 

- турнирнинг амалдаги чемпионларига боғлиқ омадсиз серия. Ҳа, охирги 7та кичик мундиалдан буён амалдаги чемпион жамоа саралашдан ўтолмаяпти. Булар - Аргентина (2009), Гана (2011), Бразилия (2013), Франция (2015), Сербия (2017) ва Украина (2019, 2021). Эслатма, 2019 йили турнир коронавирус хуружи ортидан ўтказилмаган.

6 - чемпионлик сони. Аргентина ёшлар термаси тарихда 6 марта жаҳон чемпиони бўлган. Бразилия термасида эса 5та «олтин» бор. Айтганча, охирги 4та турнирда (ўтказилмагани билан) ғолиблик Европа вакилларидан орт­мади, лекин бундан олдинги 10та кичик мундиалда «кўҳна қитъа» ҳисобига атиги 1та «олтин» ёзилганди.

4 - дарвозабон Юрий Сивуха майдонда ўйнаган дақиқалари миқдоридан кўпроқ «сэйв» кўрсатган. У Тунис мундиали (1977 йил)да майдонда атиги 3 дақиқа  ҳаракатланган. Аниқроғи, Уругвай термасига қарши кечган ярим финал ўйинининг 119-дақиқасида захирадан тушган собиқ иттифоқ термаси кипери пенальтилар сериясида 2та зарбани тўсиб, жамоасига финал йўлланмасини тортиқ этган. Жамоа бош мураббийи Сергей Мосягин финалда ҳам ушбу услубни такрорлайди, яъни қўшимча бўлимлар якунланишига 2 дақиқа қолган паллада Сивухани «жанг»га ташлайди. Қарангки, Сивуха яна 2та пенальтини бартараф этишдан ташқари, ўзи ҳам гол уриб, чемпионликка катта ҳисса қўшади.

- ғаройиб «камбэк». Нигерия термаси 1989 йили Саудия Арабистонида ташкиллаштирилган мундиал чорак финалида собиқ иттифоқ жамоасига 0:4 ҳисобида ютқаза туриб, якунда сенсацион равишда мувозанатни тиклайди. U-20 чемпионати тарихига қарасак, бошқа бирор ҳолатда жамоалардан бири ҳаттоки, 3та гол камомадини ҳам йўққа чиқаролмаган. Яна бир томони, ўйин тугашига ярим соатча вақт қолган паллада ҳам 4та гол фарқи билан умидсиз ютқазаётган Нигерия термаси қандайдир 21 дақиқа оралиғида рақиб дарвозасини 4 марта нишонга олганди. Асосийси, нигерияликлар «Даммам мўъжизаси» номини олган ўша ўйинни пенальтилар серияси орқали ўз фойдаларига ҳал қилиб, ярим финалга йўл олишган. 

3 - бу ёш тоифасидаги ЖЧда қатнашиш бўйича юқори натижа. Аниқроқ айтсак, АҚШ термаси юлдузи Фредди Аду (2003, 2005 ва 2007 йиллар) ҳамда Саудия Арабистони жамоаси вакили Абдулраҳмон ал Румий (1985, 1987, 1989 йиллар) 3тадан турнирда кўриниш беришган.

3 - U-20 тоифасидаги 4та чемпионатда Аргентина термасига устозлик қилган Хосе Пекерман 3та уринишда олтин медални таъминлаган.

0 - U-20 чемпионати тарихида бирор жамоа хорижлик мураббий қўл остида ғолиб чиқмаган. Фақат икки нафар легионер-мураббий ўз жамоа­сини финалга олиб чиққан: 1981 йили Эваристо де Маседо (Қатар термаси) ва 1999 йили Филипп Труссье (Япония термаси). Қатарликлар Германия термасига ютқазган бўлсалар, японлар испанияликларга бас келолмаганлар ҳал қилувчи баҳсда. 

Бонус

127000 - 1991 йилги кичик мундиал финалини стадионда шунча мухлис томоша қилди. Ўшанда бош соврин учун Португалия (мезбон) ва Бразилия ёшлар термалари майдонга тушганди. 127 минг мухлис - бу U-20 тоифасидаги жаҳон чемпионатининг мутлақ рекорди! Мануэль Руи Кошта, Луиш Фигу, Жоау Пинту, Роберто Карлос, Пауло Нуньес ва Жованни Элбер каби бўлажак юлдузлар қатнашган ўйин машҳур Estadio da Luz аренасига ўтказилган, якунда Карлуш Кейруш бошқарувида майдонга тушган Португалия термаси пенальтилар серияси бўйича ғалаба қозониб, қаторасига иккинчи марта чемпионликка эришганди. Мухлисларнинг ўртача ташрифи бўйича эса энг юқори кўрсаткич 1983 йили Мексикада ташкил этилган кичик мундиалда қайд этилган. Бебето, Дунга, Поль МакСтай, Тони Полстер, Олег Протасов, Таб Рамос ва Марко ван Бастен каби истиқболли йигитлар иштирок этган турнирнинг ҳар бир ўйини ўртача ҳисобда 36099 мухлис тўплаганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади