Аббос Файзуллаев: «Бу ҳали ҳаммаси эмас»

Аббос Файзуллаев: «Бу ҳали ҳаммаси эмас»

ЦСКА - «Крилья Советов» ўйинининг иккинчи бўлимида майдонга тушиб, барчанинг эътиборига тушган ҳамюртимиз Аббос Файзуллаев рус тилида равон сўзлаши билан ҳам мақтов олди журналистлардан.

ЦСКА ўйинини бутунлай ўзгартириб юборган ва учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган легионеримиз флэш-интервьюда баралла таъкидланди: «Бу ҳали ҳаммаси эмас!»

- Аббос, дуранг билан сизни табрикласак бўладими ёки...?

- Йўқ. Чунки ЦСКА ҳамиша ғалабани кўзлайди, бу ўйинда ҳам 3 очко олишни режалаштирган эдик. Яхши ўйнадик, 2та гол қўйиб юборганимизга қарамай, бурилиш ясадик ва дуранг қайд этдик. Муҳими, охиригача курашдик. Насиб этса, кейинги баҳсда ғалаба қозонамиз.

- Майдонга тушганингиздан кейин ЦСКАнинг ўйини бутунлай ўзгарди. Яқинда терма жамоангизда гол урдингиз ва бу ўйинга ўзгача киришдингиз. Тасаввур шундайки, Россия чемпионатига тўлиқ мослашиб улгурдингиз...

- Кўникиш жараёни давом этяпти, жамоадаги барча йигитлар ва мураббийлар ёрдам беришяпти. Бу гал кўпроқ ўйин вақти берилганидан хурсандман. Кейинги баҳсда янада фаолроқ тўп суришга ҳаракат қиламан.

- Майдонда ким билан яхшироқ тушуниб ҳаракатланяпсиз?

- Ҳозирча кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Ахир ҳали кўп ўйнамадим. Машғулотларда эса ҳамма билан мулоқот қилиш, тил топишишга уриняпман.

- Жарима зарбаси олдидан олдингизга Игорь Акинфеев югуриб келди. У нима деди?

- Куч билан тепишимни та­йинлади. Яна рақиб дарвозабони зарба йўналишини кўриб туришини чеклаш кераклигини.

- «Жонли девор» халақит берди, лекин ҳаммаси тўғри бажарилганди...

- Ҳа, шундай. Қайси чизиқда тўп суришимнинг фарқи йўқ, энг асосийси майдонга тушишим. Ўйинимдан қониқдимми? Ҳа, аммо янада яхшироқ ўйнай олишимни биламан. Ғалаба голини урганимда, янада яхши бўларди. Энди ке­йинги ўйинларда шунга ҳаракат қиламан.

- Россия чемпионатида яхши ўйнаган ўзбекистонлик футболчилар етарли. Кимларни биласиз?

- Дейлик, Одил Аҳмедов ёрқин из қолдирган.

- Миржалол Қосимов... 

- Ҳа, албатта. У «Алания»да етакчилар қаторида бўлган, жарима зарбаларидан кўп гол урган. Яна Элдор Шомуродовни ҳам айтишим керак. 

- Бу максимал ўйинингизми?

- Йўқ, бу ҳаммаси эмас.

Эътироф

— Ҳисоб адолатли. Таркиб тенг бўлган пайт ЦСКА 20-25 дақиқа давомида ҳеч нарса қилолмади. Аббос Файзуллаев майдонга тушиб, ўйинга кучли таъсир ўтказди. У барчамизни ўзига мухлис қилиб қўйди. ЦСКА мухлислари ушбу трансфер тўғри бўлганини тан олиши керак энди. Андрей Тихонов.

— Ўйинда «Крилья Советов»га нима бўлганини тушунтириб бериш қийин.  Ҳаммасига ЦСКАда захирадан тушган футболчилар ўйинни ўзгартириб юборишгани сабабдир. Булар - Аббос Файзуллаев ва Фёдор Чалов. Умуман, ЦСКА даражаси юқорироқ экан. Андрей Аршавин.