Аргентина сохта чемпион-ми?

Аргентина сохта чемпион-ми?

Сохтакорлик - футболдаги тарихий анъана. Луи ван Гал Қатарда Аргентинани шоҳсупага судраб олиб чиқишди, деб ҳисобламоқда.

Қария ҳозир жиддий дори-дармонлар кўмагида ҳаёт кечирмоқда. Тиббий воситаларнинг қўшимча таъсирлари мавжуд, улар жисмоний ўзгаришлар туфайли фикрлаш қобилиятига таъсир этади. Мураббий оғир хасталикка чалинган, 72 ёшли қариянинг ақлий қобилияти доимо ёшлигидагидек эмас.

Нидерландия терма жамоасининг собиқ устози Қатар мундиали келишув асосида ўтказилганига шама қилди:

«Аргентинанинг ва бизнинг голларимиз қай йўсинда урилганлиги, аргентиналик айрим футболчиларнинг қўполликлари жазосиз қолганлигидан хулоса чиқарадиган бўлсак, буларнинг барчаси аввалдан режалаштирилган. Мен нима деяётганимни яхши тушуниб турибман. Мессини жаҳон чемпиони қилишмоқчими? Ҳа, мен шундай деб ўйлайман».

Златан Ибрагимович эса қишда бўлиб ўтган қизиқарли норасмий суҳбатда турнирдан кўзланган мақсад Мессининг ғалабаси эканлигини ҳамма тушуниб турганлигини киноя билан таъкидлаганди. Бироқ фитна ғоясининг тарафдорлари матнни ўзларига мослаб олишди. Швециялик афсона ўйинлар келишилган, ҳакамлар сотиб олинган, демади. Саудияни Аргентинадан устун келишга мажбур этган, бошқа жамоаларга халал берган сирли қўғирчоқбозларни эслатмади. Боз устига, Златан «альбиселесте»га мухлислик қилганди: «Аргентина Месси учун ЖЧда ғолиб чиқишидан умидворман».

Шайхлар Златанни мундиалга олиб боришгач, ҳужумчи ўз касбдошини барча жиҳатлар бўйича 10 баллга баҳолади. Шу сабабли ҳатто Нидерландия терма жамоасининг сардори ҳам ван Галнинг фикрига қўшилмаганини тушуниш қийин эмас: «Эрталаб унинг гапларидан хабардор бўлдим. Билганим фақат шу. Бу Луининг фикри, мен унга қўшилмайман».

Ван Гал бу билан мағлубиятдан хафалигини ифодалаган бўлиши мумкин. Лекин Мессининг ғалабасини ФИФАдагилар уюштиришган, деган ғояни ўрганиш қизиқарли. Чунки футболнинг ҳалол бизнес эканлигига ишониш қийин.

Футбол тарихида уюштирилган турнирлар кўп

Еврокубок мусобақаларида ҳакамларни сотиб олишган. ЖЧларида сиёсий арбоблар томонидан босим ўтказилган. 1934 йилда Италияда ўтган ЖЧда мезбонлар дастлабки чемпионликни нишонлашган, лекин мусобақа фашистлар ва нацистлар босими остида ўтганди. Ҳакамлар мунтазам равишда Италия фойдасига ва рақиблар зарарига қарорлар қабул қилишган. У пайтда ТВ ҳам, такрорий лавҳалар ҳам, стадиондаги мухлисларда эса баҳсли вазиятларни эслаб қолиш имкони бўлмаган. Бундан ташқари, Италия таркибида бувилари Неаполда яшайдиган хорижлик футболчилар ҳам тўп суришган. Испаниялик дарвозабон Самора дуранг билан якунланган Италияга қарши ўйинда кўзидан жароҳат олиб, такрорий учрашувда майдонга туша олмади.

1978 йилда Аргентина ўз уйида бир қатор можаролардан кейин ғолиб чиқди. Йохан Кройфф юзлаб кишиларни ўғирлаб кетадиган мамлакатга боришни истамади. Чунки аввалроқ унинг фарзандларини ўғирлашга уринишлар бўлганди.

Шунга ўхшаш адолатсизликлар фақат ўтган асрга хос иллат эмас. VAR тизими жорий этилишидан аввал ЕЧЛ учрашувларида «офсайд»дан урилган голлар кўп бўларди. ЖЧ-2002да Жанубий Корея»ни судрашди. Блаттер қулоқларигача коррупцияга ботиб қолган, Хиддинк осиёлик терма жамоа билан эришган муваффақияти ишонарли эмасди. Италия грандларининг келишилган ўйинларда айбланиши адолатли қарор бўлди. Бернар Тапи давридаги «Марсел»ни рақиблари ва рефериларни сотиб олгани учун чемпионлик унвонидан маҳрум этишди.

Собиқ Иттифоқ футболида ҳам келишилган ўйинлар жуда кўп бўлган. Даъво муддати ўтиб кетганлиги боис, ўша учрашувларнинг иштирокчилари барча тафсилотларни хотиржамлик билан ҳикоя қиладилар. Афсуски, футбол мусаффо спорт тури эмас. Бироқ ЖЧ-2022да муайян бир жамоанинг ғалабасини қай тариқа уюштириш мумкин? Айниқса, худди Евро-2016даги Португалия каби ғолиб пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлса.

Аргентина ўта омадли чиқиб қолди

Мессининг жаҳон Кубогини қўлга киритишида бутун жамоа «кўмаклашгани» - бор гап. Скалонининг меҳнати, дарвозабон Мартинесдан тортиб қолган барча футболчиларнинг фидойиликларига муносиб баҳо берган ҳолда, Аргентинага омад кулиб боққанини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Пенальтилар серияси ва амалдаги жаҳон чемпионининг тиз чўккани ўйлашга мажбур этади. У худди Марадонанинг Англия дарвозасига урган голига ўхшайди. 99,99 ҳолларда ҳакам гол қўл билан урилганини кўрган бўларди. Бироқ омад 0,1 фоизли Диего томонида бўлди. Германия тасодиф туфайли Бразилияни 7:1 ҳисобида янчиб ташлади. Ўйин келишилган эмасди. Фақат бразилияликлар ундан шармандали мағлубиятга қарши қалқон сифатида фойдаланишди. Агар ЖЧ тақдирини амалдорлар ҳал қиладиган бўлсалар, нима учун Месси Рио-де-Жанейрода немисларни енга олмади? Арбитр Нойерни маҳв этишларига ёрдам бермади.

Бемаъни назариялар туфайли ўз издошларини шакллантирадиганлар жуда кўп. Интернет бўлмағур фикрлар тарқалишини тезлатиб юборди. Лекин Аргентина узоқ кутилган совринни қўлга киритиш учун чинакам жангга киришди. Агар Мессининг ғалабалари кимгадир керак бўлганида, нима учун у узоқ вақт давомида ҳатто Америка Кубогини қўлга кирита олмади? Нидерландияликларга ҳам пенальтилар сериясида ҳеч ким халал бермаганди. Шунингдек, ван Гал битта ўта муҳим жиҳатни унутиб қўйди. Яъни, айнан у Аргентинага қарши баҳсни ифлос ўйинга айлантирди - шогирдларига жасур аргентиналикларга босим ўтказишни буюрди. Оқибатда, Нидерландия футболчилари «ёмон йигитлар»га айланишди, Лео эса Рикельме услубида рақиб жамоа устозига салом йўллади.

Франциялик Коло футбол тарихидаги энг яхши беллашувлардан бири бўлган финалда бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади. Энг оддий хулоса кўпинча тўғри бўлади. Кучли ирода ва турнир давомида спорт формасини тиклаш эвазига Аргентина шоҳсупага кўтарилди. Шунингдек, омад унга рақибларига нисбатан кўпроқ кулиб боқди. Венгрлар чап ёнлари билан турган паллада деярли бутун дунёнинг нафратини қўзғаган немислар дастлабки совринни қўлга киритишганди. Баджонинг ноаниқ зарбаси Бразилияга 4-тожни ҳадя этди, бразилиялик Роналдо ўлишига «бир баҳя» қолганида франциялик Зидан чемпион бўлди. Трезеге дарвоза тўсинини титратганида Италия тождорга айланди. Португалия эса Марокаш тўсиғидан ўта олмади. Ваҳоланки, фитна назариясининг ашаддий мухлислари финалда Роналду-Месси қарама-қаршилигини кутишганди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади