Тарих: Биринчи «Алма-ТВ»: можаро ва нуқта...

Тарих: Биринчи «Алма-ТВ»: можаро ва нуқта...

Бугун (16 ноябрь) Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари 15 йиллик танаффусдан кейин ниҳоят, яна ўзаро куч синашади.

 Бу узилиш икки қўшни ва қардош мамлакат жамоалари учун катта муддат, албатта. Лекин томонларнинг нақ 15 йил ўзаро ўйнашмаганида ўзига хос сабаблари бор. Ўртага совуқчилик тушгани 2007 йили Қозоғистонда ташкиллаштирилган «Алмати-ТВ» кубоги якунида юзага келган можарога бориб тақалади. Яқинда sportsarena.kz сайтида «Қирғизистонлик ҳакам озарбайжонликдан нимаси билан яхши ёхуд «Алма-ТВ» кубоги нега анъанавий мусобақага айланмади?» сарлавҳаси остида ўша можароли турнир тафсилотлари қисман баён этилди. Демак, узоқ кутилган Ўзбекистон - Қозоғистон тўқнашуви арафасида 2007 йилги воқеаларни бирров ёдга оламиз.

ЮБИЛЯРГА СОВҒА

Қозоғистон миллий жамоаси бундан 15 йил муқаддам «Алма-ТВ» кубогида ғолиб чиққанди. Шимкентда қайд этилган ўша ғалаба ўзига хос сенсациянинг ибтидосига айланди. Ҳар ҳолда, Арно Пайперс бошқарувидаги қозоқлар орадан 2 ҳафта ўтмай, Евро-2008 саралаш босқичида испаниялик Хавьер Клементе раҳбарлигида майдонга тушган Сербия термасини енгишди. Март ойида ўтказилган Шимкент турнирида дастлаб Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон терма жамоалари иштирок этиши режалаштирилганди. Бироқ мусобақа стартига оз вақт қолган паллада Туркманистон жамоаси ўрнини Қирғизис­тон термаси эгаллади. Қозоғистонликлар илк турда айнан қирғизистонликлар билан куч синашишди. Маҳаллий вақт билан соат 16:00да дунёнинг бўлажак энг яхши ҳаками Равшан Эрматов (ўзбекистонлик рефери 2015 йили Global Soccer Awards совринини қўлга киритди) ҳуштаги чалиниб, ҳисоб бўйича турнирнинг 2-ўйини бошланди. Нидерландиялик Пайперс шу куни 4-3-2-1 тактик чизмасини танлади. Ўзининг севимли ўнг қанотига қўйилган Дмитрий Бяков 3-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Жамбил Кукеев чап қанотдан тўпни жарима майдонига ошириб бергач, дарвозабон Валерий Кашуба олдинга чиқишда иккиланди ва Бяков боши билан аниқ зарба йўллади - 1:0. Умуман, қозоқлар майдонда мезбонларга хос тарзда устунликка эришишди. Жасулан Декханов (сохта ҳужжатларга кўра, шундай исм-фамилия билан майдонга тушган асли ўзбекистонлик кипер Жасур Нарзиқулов) қўриқлаган Қозоғистон термаси дарвозаси олдида айтарли таҳликали вазият юзага келмади. Қозоғистонликлар иккинчи бўлимда ҳам эътиборни ҳужумга қаратишди ва 68-дақиқада Антон Чичулин узоқ масофадан берган зарбаси билан якуний ҳисобни ўрнатди - 2:0.

Қозоғистон термасининг Арно Пайперс қўл остидаги илк ғалабаси Руслан Балтиевнинг жамоа либосидаги юбилей - 50-учрашувига тўғри келди. У иккинчи бўлимда Пирали Алиев ўрнига майдонга тушганди. Айтганча, Арно Пайперс иккинчи дарвозабонни ҳисобга олмаганда, қайдномага киритилган барча футболчиларга имкон берди. Мусобақанинг илк ўйинида эса Озарбайжон термаси Ўзбекистон жамоасидан устун келди - 1:0. Хуллас, Қозоғистон термаси 1-турдан сўнг турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олди. 

ҚОЗОҒИСТОН - ҚИРҒИЗИСТОН - 2:0 (1:0)

7 март. Шимкент. «Ҳожи Мукан» стадиони. 4200 томошабин.

Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Ўзбекистон).

Голлар: Бяков (3), Чичулин (68).

Қозоғистон: Декханов, Смаков, Кучма (Корниенко, 73), Жалмагамбетов, Ўтабоев, Чичулин, Бяков (Сергиенко, 57), П.Алиев (Балтиев, 57), Суюмагамбетов (Тлешев, 63), Финонченко (Жумаскалиев, 68), Кукеев (Е.Азовский, 87). 

Қирғизистон: Кашуба, Маматов, Самсалиев, Аскаров, Кидиралиев (Амин, 46), Шербина, Закиров (Амиров, 46), Харченко, Березовский (Мулажанов, 69), Корнилов (Лутфуллаев, 73), Мирзалиев (Землянухин, 46). 

Огоҳлантиришлар: Сергиенко (77) - Маматов (8), Корнилов (32).

 

ФИНОНЧЕНКО ТУШИБОҚ ГОЛ УРДИ

Ўзбекистон миллий жамоаси 2-турда қир­ғизистонликларни мутлақо тор-мор қилди - 6:0. Мезбонлар эса озарбайжонликлар билан тўқнаш келишди. Жамоа Пайперс қўл остида 6 ойча олдин Бокуда Озарбайжон термаси билан баҳсда дуранг қайд этганди - 1:1. Ўша куни Қозоғистон термасида кўп нарса ўхшамади, аксинча, меҳмонлар тартибли ўйин кўрсатишди. Шунга қарамай, қозоқлар гол уришни уддалашди. Бунда жамоага захира кучлари ёрдам берди. Хусусан, «Шахтёр» ҳужумчиси Андрей Финонченко 79-дақиқада захирадан ўйинга қўшилгани заҳоти қозоғистонликлар жарима тўпи тепиш ҳуқуқини ишлашди. Александр Кучма тўпни рақиб жарима майдони ичига оширгач, уни айнан Финонченко бош билан дарвозага йўллаб, Фарҳод Велиевни ожиз қолдирди - 1:0. 

ҚОЗОҒИСТОН - ОЗАРБАЙЖОН - 1:0 (0:0)

9 март. Шимкент. «Ҳожи Мукан» стадиони. 4500 томошабин.

Бош ҳакам: Дмитрий Машенцев (Қирғизистон).

Гол: Финонченко (80).

Қозоғистон: Лория, Е.Азовский, Кучма, Жалмагамбетов, Ирисметов, Скорих, Балтиев, Сергиенко (Смаков, 62), Жумаскалиев (Камелов 83), Аширбеков (Ўтабоев, 71), Суюмагамбетов (Финонченко, 79). 

Озарбайжон: Велиев, Перейра, Ладага (Бахшиев, 71), Р.Гулиев (Амаргулиев, 88), А.Керимов, Аббасов, Султанов (Жавадов, 75), Гомеш, Имамалиев (Гашимов, 72), К.Керимов (Субашич, 70), Чертоганов. 

Огоҳлантиришлар: Балтиев (35), Аширбеков (64), Кучма (86) - Аббасов (29), К.Керимов (34), Чертоганов (53), Бахшиев (84).

 

БАЁНОТ ОРТИДАН БАЁНОТ

Ўзбекистон термасига қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда қозоғистонликлардан мағлубиятга учрамаслик талаб этиларди. Яъни дуранг ҳам мезбонларга 1-ўринни таъминларди. Қуёшли 11 март куни сюрпризлар билан бошланди - Шимкентда об-ҳаво ўзгариб турди. Қолаверса, ҳакамлар бригадаси алмашди. Озарбайжон - Қирғизистон ўйинини ...озарбайжонлик ҳакамлар бошқариб боришди! Бунда тарафкашлик кузатилмаганини қайд этиш қийин ва ўйин Кавказ жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувдан сўнг ҳар икки жамоа ҳакам тайинлашда бетарафлик тамойили бузилганига шикоят ўлароқ, тақдирлаш маросимида қатнашишдан бош тортди. Қозоғистон ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги баҳсни эса озарбайжонлик ҳакамлар ўрнига қирғизистонликлар бригадаси бошқарди (инсайдерлар маълумотига кўра, озарлар бригадаси мезбонларга керакли натижани таъминлашда ёрдам беришдан бош тортгани учун алмаштирилган). Ҳал қилувчи учрашувнинг бошланғич қисми қозоқларга аталди. Марказга кўчган Бяков 13-дақиқада тўпни 11 метрлик белги томон тезлик олган Мурат Суюмагамбетов олдига ташлади ва у қайтарилмас зарба берди - 1:0. 34-дақиқага келиб, Ўзбекистон термаси мувозанатни тиклади. Леонид Кошелев қанотда ўша Бяковни алдаб ўтиб, тўпни дарвозанинг яқин бурчаги томон оҳиста кўтарди ва Александр Гейнрих охирги зарбада адашмади - 1:1. 

Ўйиннинг кульминацион воқеаси эса 88-дақиқада рўй берди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Владимир Шишелов дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди. Давид Лория эса бошқа илож йўқлигини тушуниб, олдинга ҳаракатланди ва ...Шишелов майдонга йиқилди. Озарбайжонлик бетараф ҳакамлар узоқда эдилар, қирғизистонлик рефери эса бу вазиятда қоидабузарлик кўргани йўқ. У шундан сўнг дарҳол Ўзбекистон термаси футболчилари, жумладан, захира ўриндиғида ўтирганлар, шунингдек, жамоа расмийлари ҳужумига учради. Машенцев якунда пенальти белгиламади, барибир ва ўйин дуранг натижа билан тугади, бу Қозоғистон термасига турнир ғолиби бўлиш имконини берди.

ҚОЗОҒИСТОН - ЎЗБЕКИСТОН - 1:1 (1:1)

11 март. Шимкент. «Ҳожи Мукан» стадиони. 5200 томошабин.

Бош ҳакам: Дмитрий Машенцев (Қирғизис­тон).

Голлар: Суюмагамбетов (13) - Гейнрих (34).

Қозоғистон: Лория, Смаков, Кучма, Жалмагамбетов, Ф.Ирисметов, Чичулин, Бяков (Сергиенко, 55), Скорих, Суюмагамбетов (Финонченко, 71), Балтиев, Ўтабоев (Жумас-калиев, 58). 

Ўзбекистон: Нестеров, Ашурматов (Солиев, 66), Суюнов, Алиқулов, Кошелев (Манзукас, 83), Жепаров, Ҳошимов, Гейнрих (Шишелов, 75), Магдеев, Кападзе, Иномов. 

Захира: Бугало, Файзиев, Ж.Ирисметов, Муҳиддинов.

Огоҳлантириш: Жалмагамбетов (21, Қ.).

Четлатиш: Солиев (88, Ў.).

Якуний турнир жадвали

1. ҚозоҒистон                        3     2   1    0     4-1     7

2. Озарбайжон                      3     2   0    1     2-1     6

3. Ўзбекистон                        3     1   1    1     7-2     4

4. ҚИРҒИЗИСТОН                      3     0   0    3     0-9     0

ЯХШИ НИЯТ, АММО...

Тақдирлаш маросимида Жанубий Қозоғистон вилоятининг ўша вақтдаги акими Умирзак Шукеев яхши ният билдирди: «Бу турнир анъанавий тус олиб, Марказий Осиё кубогига айланишини истаймиз!» Бироқ бўлмади, анъа­навий турнирга айланмади. Хусусан, охирги кун можаролари туфайли. 

Мана, орадан кўп йиллар ўтди. Эҳтимолки, гиналар унутилди, терма жамоаларга эса амалиёт жуда зарур. 16 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида дўст-рақибларнинг янги ўйини бўлиб ўтади. «Ўйлайманки, Ўзбекистон термаси - Евро-2024 саралаш босқичига тайёргарлик кўриш жараёнида яхши рақиб. Бўлажак ўйин мураббийлар штаби учун маълумот олиш масаласида ғоят фойдали бўлади. Ўзбекистон термаси сифатли футболчиларга эга. Европа чемпионати саралашида биз умид боғлайдиган йигитларни текшириб кўришни хоҳлайман. Ишончим комил, ҳаммани қизиқарли ўйин кутмоқда», - дея Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийи Магомед Адиев сўзларини келтирди ҚФФ матбуот хизмати.

«Алма-ТВ»-2007 кубоги лауреатлари

Энг яхши дарвозабон - Игнатий Нестеров (Ўзбекистон)

Энг яхши ҳимоячи - Эрнани Перейра (Озарбайжон)

Энг яхши ярим ҳимоячи - Эдуард Сергиенко (Қозоғистон)

Энг яхши ҳужумчи - Александр Гейнрих (Ўзбекистон)

Энг яхши тўпурар - Улуғбек Бақоев, 3та гол (Ўзбекистон)

Энг яхши футболчи - Максим Жалмагамбетов (Қозоғистон)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади