Битта жавобга 9000 «лайк»

Битта жавобга 9000 «лайк»

Кўпчилик Фабрицио Романони сайёрамиздаги энг кучли футбол инсайдери сифатида таърифлайди.

Зеро, италиялик журналист «твит» ва видеолавҳа беришда ҳамиша максимал даражада аниқликка таянади. Лекин баъзида мухлислар (фойдаланувчилар) ҳаттоки, уни ҳам издан чиқариш йўлини топишади.

Еврофутболни диққат билан кузатиб борувчилар «Спортинг» вакили Мануэль Угарте атрофида юзага келган «достон»дан хабардор бўлсалар керак. Уругвайлик ёш таянч ярим ҳимоячисига асосан «Челси» ва «ПСЖ» даъвогарлик қилди, якунда бу «пойга» Англия клуби фойдасига ҳал бўладигандек кўринди ҳам. Бироқ шайхлар охирги паллада ҳаракатни кучайтиришди ва Угарте охир-оқибат, Париж томон қадам ташлади. Албатта, Романо ўз одатига мувофиқ, ёзнинг энг йирик трансферларидан бири («ПСЖ» Угарте учун 60 миллион евро тўлайди) ҳақида ҳам тезкор равишда маълумот берди. Бу эса ёш иқтидор учун курашда муваффақиятсизликка учраган «Челси» мухлисларига ёқмади, албатта. Ҳар ҳолда, аламзада фанатлардан бири «Твиттер» тармоғида Романога ошкора ҳамла қилди: «Қанийди, Фабрицио Ер юзидан бутунлай йўқолса...».

Романо бу «твит»ни кўриб, қаттиқ ғазабланди, шекилли, ўша мухлиснинг ўзига жавоб ёзди: «Эҳтимол, аввало, саҳифам кузатувчилари қаторидан чиқиб кетишинг керакдир? Ҳар ҳолда, бу Ер юзидан ғойиб бўлишимни орзу қилишдан олдин ташланган яхшигина қадам бўлади». Қарангки, Фабрицио бу билан тинчланмади. Аксинча, Угартенинг «Челси»га ўтиши ҳақида берган маълумоти ортидан ўша мухлисдан қабул қилган «твит»ни топиб, иккинчи жавоб зарбасини йўллади. Эътиборли томони, фанат ўша хабар учун Романога миннатдорчилик билдирган экан. «Қизиқ, 3 кунча олдин ҳаётингдаги энг яхши кунлардан бирини тақдим этганимни ёзгандинг, энди эса Ер юзидан бутунлай йўқолишимни истаяпсан. Балки чоршанба куни синглингга уйланишимни сўраб, кейин аккаунтимни ўчириб ташларсан...». Факт шуки, инсайдер ушбу икки «твит» воситасида жами 11 минг «лайк» тўплади. Шундан 9 минги биринчисига босилди. Айтиш ўринли, Фабрицио Романо бунга қадар ҳеч қачон ғазабини бунчалик ошкора билдирмаганди.