Нодир ал Жиндауи олдин фақат ёшлар даражасида ва Германияда қуйи лигада ўйнаган. 2022 йилнинг ёзида вингер «Герта-2»га таклиф қилинган. У клуб сафида «Шимолий-Шарқ» минтақавий лигасида (4-дивизион) ўйнайди. Бир кун аввал у «Герта»нинг асосий таркибида - Германия кубоги 1/8 финалида «Гамбург»га қарши ўйинда дебют қилди. Бу ўйин унинг профессионал даражадаги дастлабки ўйини эди. Футболчи 27 ёшида дебют қилди. Ал Жиндауи 1:2 ҳисоби қайд этилаётган пайт 80-дақиқада захирадан майдонга тушди. 90-дақиқада «Герта» ҳисобни тенглаштирди ва ўйин қўшимча таймга кўчди. Қўшимча бўлимларда жамоалар биттадан гол уришди - 3:3. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Нодир пенальтини голга айлантирди ва «Герта»нинг серияда 5:3 ҳисобида ғалаба қозонишига ҳисса қўшди. Ал Жиндауининг «Instagram»да 2 миллион, «YouTube»да эса 1,75 миллион обуначиси бор. Блогер Германияда туғилган, аммо келиб чиқиши фаластинлик ҳисобланади.