Бундеслига томон мафтункор юриш

Бундеслига томон мафтункор юриш

«Хайденхайм» - Бундеслига 2 чемпиони ёхуд сеҳрли финиш!

Бундан 16 йил олдин Германия футбол тизимидаги 4-дивизионда иштирок этган камтарин жамоа якунланган мавсум сўнгги турдан ўрин олган ўйиннинг 90-дақиқасида ҳам турнир жадвали 3-поғонасида турган ва фақат «плей-офф» ўйинига умид боғлаётганди. Кейин нимадир бўлдию, 90}3 ва 90}9-дақиқаларда 2та гол уриб, 1:2ни 3:2га айлантирди. Учрашувнинг 58-дақиқасида вазият «Хайденхайм» учун янада оғирроқ эди, чунки 0:2 ҳисобида ортда қолаётганди. Асосийси, шу мўъжизавий қўшимча дақиқалар ичида жамоадаги фаолияти давомийлиги 16 йилга етган қойилмақом мураббий меҳнати яширин...

Франк Шмидт ва «Хайденхайм» тарихи

«Хайденхайм» мавсум-2019|2020 якунида ҳам элита йўлланмасини олишга яқин келган, лекин «плей-офф» бос­қичида «Вердер»га бас келолмаганди - 0:0 ва 2:2. Яъни Бундеслиганинг номдор вакили меҳмонда урилган голлар эвазигагина кучлилар қаторидаги ўрнини сақлаб қолганди. Google тизимида жамоа бош мураббийи Франк Шмидтга оид йўлланган қидирув-саволларнинг кўпи унинг клубда 16 йилдан буён давом этаётган фаолия­ти эмас, балки боши ҳақида. Гап шундаки, мураббийнинг боши ҳамиша ён томонга оғиб туради. Франк шунингдек, журналистлар билан футбол юзасидан мулоҳаза юритишни ёқтирмайди. Қисқаси, «Хайденхайм» иштирокидаги ўйинларни томоша қилган мухлисларни асосан мураббийнинг физиологик жиҳати ҳайрон қолдириши мумкин. Клубнинг тўлиқ номи - «Хайденхайм-1846». Лекин унинг тарихи анча қисқа. Шунчаки, футбол жамоаси айнан 1846 йили тузилган гимнастика жамияти негизида ташкил этилган. Шмидт бошқараётган ҳозирги «Хайденхайм» эса 2007 йили гимнастика жамиятидан ажралиб чиқиб, Германия Ҳудудий лигасида ўйнаш учун лицензия олган. Шмидтнинг ўзи Хайденхайм шаҳарчасида туғилган, футболчилик фаолиятида Бундеслига 2 клубларида тўп сурган. Хусусан, унинг клубларидан бири - «Фес­тенбергсгройт» Германия кубоги-1994|1995да «Бава­рия»­ни 1:0 ҳисобида маҳв этганди. Франк 29 ёшга тўлганида профессионал футболдан чекинди ва 2003-2007 йиллар оралиғида қадрдон шаҳри жамоаси - «Хайденхайм»да ўйнади. Клуб бу давр ичида 5-дивизиондан 4-лигага кўтарилди. Шундан сўнг «Хайден­хайм»нинг яна бир афсонаси - Хольгер Санвальд (1994 йилдан ижрочи-директор, 2016 йилдан кенгаш раиси) Франкдан янги бош мураббий топилгунича бошқарувни ўз қўлига олишини илтимос қилди. Хуллас, 2007 йилнинг сентябрь ойида қайд этилган йирик ҳисоб (9:1)ли ғалабадан кейин Шмидт расман Дитер Меркле ўрнини эгаллади. Айтиш жоиз, «Кирххайм|Текка» билан баҳсда расмийлаштирилган ўша ғалаба ҳалигача «Хайденхайм» учун тарихдаги рекорд бўлиб қолмоқда.

Бир қатор ижобий натижалардан кейин Шмидтни қўйиб юборишмади. Франк ҳам Санвальд таклифини мамнуният билан қабул қилди ва «Хайденхайм» учун Фольгер Финке каби мураббий бўлишга бел боғлаганини баралла айт­ди. Маълумот учун, Финке 1991-2007 йиллар оралиғида «Фрайбург»ни узлуксиз бош­қариш асносида назарга тушганди. Мана, Шмидт жорий йилда битта жамоадаги узлуксиз фаолият давомийлиги бобида унга етиб олди.

На романтик, на мотиватор

Франк футболда романтик эмас, унинг ғояси оддий - дои­мий тараққиёт. Мабодо «Хайденхайм» ўсишдан тўхтаса, у дарҳол кетади. Шмидт тактика билимдони ҳам, бақир-чақир қилувчи мотиватор ҳам эмас. Оддий айтганда, Франк фақат клубнинг қуйидан юқорига кўтарилишини ривожланиш сифатида баҳолайди. Санвальднинг айтишича, клуб раҳбарияти Франкка чексиз ёки муддатни ўзи белгилайдиган шартнома таклиф этишга тайёр. Аммо мураббий бундай илтифотни ҳамиша қатъий оҳангда рад этади.  Шмидт тактик инқилобчи ролига ҳам даъвогар эмас, лекин янгича ғоя ва билимларни ўзлаштиришга тайёр. У 2011 йили УЕФА таснифидаги Pro лицензиясига эга бўлди, акс ҳолда, «Хайденхайм»ни бевосита бошқаролмасди. Франк­нинг фикрича, жамоа қудратини ёш иқтидорларни тарбия­лаш даражаси белгилайди. Клубда ҳам, футболчилар орасида ҳам мураббийнинг ҳурмати жуда баланд, акс ҳолда, 16 йил узлуксиз ишлолмасди. Умуман, Шмидт жамоасини том маънода аҳил оилага қиёслаш мумкин. Ҳар ҳолда, «Хайденхайм» Шмидт билан бирга улғайди, тараққиёт сари қадам босди. Мухлислар эса нафақат эртакнамо парвоздан сармастлар, улар яна Шмидт ўз ўғлонлари, ҳамшаҳарлари эканлигидан ҳам алоҳида ғурурланадилар. Чунончи, деярли клуб стадионида, атиги 200 метр узоқликда дунёга келган Франк - ҳалол, хушмуомала ва ростгўй одам. У шаҳар фуқароларидан кўпчиликни яхши танийди, мухлислар билан ўйинларни тез-тез муҳокама қилади. Тўғри, йил сайин мулоқотга вақт ажратиши қи­йинлашиб бормоқда. Дейлик, Оберлигадаги даврда ҳар бир мухлис фикрини ўрганиб чиқарди, энди баъзан ўзаро мулоқотдан қочишига тўғри келмоқда.
 

Стадион клубга ҳамоҳанг... 

Санвальд мухлислардан стадион рўпарасида Шмидт шарафига ёдгорлик ўрнатиш ҳақида тушган таклифни муло­йимлик билан рад этди: «Ҳайкал нега керак? Ҳозир «Хайденхайм»га бир нафар Шмидт етарли!» Дарвоқе, клуб стадио­ни «Хайденхайм»нинг тараққиё­тига яққол намуна бўладиган иншоотдир. Дейлик, 16 йил муқаддам аренада биттагина трибуна бор эди, унинг ён-атрофидаги жарликда эса хўтикчалар чопиб юрарди. 2009 йили жарлик ўрнида янги трибуна қад ростлади. Кейинчалик арена трибуналари сони 4тага етказилди. Шу тариқа ўриндиқлар сони 8000га ошди. Жамоа Учинчи дивизиондан тезда кўтарилгач, стадион сиғими аввалига 10000, сўнг 13000 ва 15000га етказилди. Чунки бу Бундеслига 2 клубларига белгиланган минимал ҳажм ҳисобланади. Орадан кўп ўтмай, «Хайденхайм» академиясини барпо этиш зарурати туғилди ва стадион теварагида бир нечта қўшимча майдонлар тайёрланди. Бунёдкорлик учун жами 25 миллион евро сарфланди. Эътиборлиси, шундан атиги 3,6 миллиони клуб зиммасига тушди, қолгани шаҳар ғазнасидан ажратилди. 2019 йилга келиб, «Хайденхайм» раҳбарияти стадионни рамзий  сумма - 2 млн. еврога харид қилди. Бунга қадар жамоа аренадан ижарачи сифатида фойдаланарди. Стадион 2010 йилдан буён «Фойт-Арена» номида. Шаҳарнинг йирик саноат гиганти шарт­нома бўйича клуб билан 2034 йилгача ҳамкорлик қилади. «Хайденхайм» энди Бундеслигага чиққани муносабати билан стадион сиғимини 25-30 мингга етказиш ниятида. Шунингдек, транспорт инфратузилмасини ҳам яхшилашга интилмоқда. 2017 йили Франк Шмидт жамоадаги 10 йиллик юбилейини нишонлаганида, нуфузли нашр­лардан бири журналисти мураббийга юзланиб, ўта қизиқарли саволни ўртага ташлаганди: «Қизиқ, Бундеслигага сиз олдинроқ кўтариласизми ёки «Хайденхайм»? Чунки ўша вақт Бундеслига 2-нинг қудратли жамоалари ва элит дивизион иштирокчилари Шмидт хизматига жиддий қизиқа бошлаганди. Муҳими, мураббий бироз ноқулай саволга жавоб қайтаришда ҳам ўзига хос самимийлик ва садоқатни намойиш этганди: «Жамоа билан бирга ягона мақсад сари интиляпмиз. Шундай экан, яхшиси, элитага бирга йўл олишимиз керак». Мана, мураббий ва клуб олий мақсадга бирга эришди ҳам!

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади