Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Бруно Гимараэш - «Ньюкасл»нинг бош систематизатори.
Ўтган мавсумда 42 млн. еврога харид қилинган бразилиялик иқтидор жамоанинг аутсайдерлар гуруҳидан олиб чиқди, энди еврокубоклар ҳудудидан жой олиб, ЕЧЛни кўзламоқда. Ноябрда Бразилия терма жамоаси билан Қатар мундиалида бир соатдан кўпроқ қимматли ўйин амалиётига эга бўлди. Кейин Англияда ички мусобақалардаги иштирокини давом эттирди ва Лига Кубоги турнирида финалгача етиб борди. Айнан шу финал арафасида Бруно хорижлик касбдошимиз билан ортда қолган ҳаётидаги қизиқарли воқеалар хусусида суҳбатлашди.
Тўп ўрнига тош, устун ўрнига шиппак
Болалик чоғида Бруно тўп сифатида тошни тепиб футбол ўйнаган. Мураббийи ва отаси бўлган мулоқот ҳаммасини ўзгартириб юборди:
- 5 ёшимда футболга меҳр қўйдим. Ҳар куни футбол ўйнардик - дарвоза устуни кимнингдир шиппаги, тўп ўрнида баъзан тош, баъзан дарахтдан тўкилган мева бўларди. Ўйинимиз туфайли бирон-бир тўсиққа дуч келмаганмиз. Мен Рионинг Вила Изабель туманида туғилганман, афсонавий «Маракана» ёнида ўсиб-улғайдим ва табиийки, асосий вақтим шу аренада ўтарди. 12 ёшгача стадионга текинга кирардик, қайси жамоанинг ўйнаши бизни қизиқтирмаган, «Фламенго», «Флуминенсе» ёки «Ботафого» ўйинчилари биз учун даҳо мақомида эдилар. Бир куни «Васко де Гама»нинг машғулоти устидан чиқиб қолдим. Қандайдир салфеткани топиб, ўйинчиларнинг биридан дастхат сўрадим: «Барча азиз-авлиёлар ҳаққи-ҳурмати, менга дастхат беринг! Мен учун ким эканлигингиз муҳим эмас, экипировкачи бўлсангиз ҳам майли, ака». Ойим футболчи бўлишимга мутлақо қарши - аммо отам жуда мамнун эди. Бир куни ойим мени сузиш спортига олиб борди. Ундан қўрққаним сабабли 6 ойга зўрға чидадим ва кўз ёши билан уйга қайтдим: «Унинг менга кераги йўқ, мен футбол ўйнашим керак». Биз қашшоқ яшардик. Онам мотоцикллар дўконида ишлар, отам такси ҳайдовчиси эди. У билан фақат дам олиш кунларида кўришардик - шанба куни ўйинимни томоша қилишга келарди. Шу куни асабийлашиб қолардим. Чунки отам менинг қаҳрамоним, уни уялтириб қўйишни истамасдим. Аввалига, у ўта қаттиққўл бўлди, мағлубият ёки ёмон ўйин учун танбеҳ берарди. Ҳақиқий жамоада ўйнай бошлаганимда ўзимни ўта қолоқ ҳис этардим. Ўйинлар арафасида асабийлашиб, қорним оғрир, кўнглим айнирди. Баъзан ҳароратим кўтарилиб кетарди, ухлай олмасдим. Чунки ўйинда хато қилишдан қўрқардим. Бир куни спорт залида ўртоқларим билан футбол ўйнадик. Мен ўта хотиржам, шунчаки, завқ олиш учун тўп сурдим, кимдир мени кузатиб туриши хаёлимга ҳам келмаганди. Ўйинга берилиб кетганим боис, мураббий Марио Хорхе ўша ерда эканлигини сезмадим. Ўйиндан кейин у мени саволга тутди:
- Нима учун ҳақиқий ўйинда шунақа ўйнамайсан?
- Билмадим, устоз. Ўзимни негадир ноқулай ҳис этаман.
- Қулоқ сол, ҳеч нарсани ўйламай, билганингча ўйна.
Шундан кейин отам билан гаплашиб, менга босим ўтказмасликни илтимос қилдим. У илтимосимни қабул қилди. Кейин ўз олдимга шарт қўйдим: Ҳой бола, бу - шунчаки, ўйин. Ўзингни эркин тут. Шундай ўйнагинки, қаршингда дарвоза эмас, шиппак тургандек бўлсин.
«Ботафого» ва «Флуминенсе»дан рад жавобини олди
- Руҳий босимдан фориғ бўлгач, бор кучим билан тўп сура бошладим, аммо йўлим суперюлдузникидек эмасди. Тез орада «Ботафого» ва «Флуминенсе»да омадимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Бироқ улар қабул қилишмади. Шундан кейин футболдан воз кечмоқчи бўлдим. Лекин онам Кафунинг ҳаёт йўлини мисол келтириб, менга таскин берди ва орзу сари дадил интилишни талаб қилди. Унинг далдаси билан қийинчиликларга чидадим. Айнан шу паллада Марио Хорхе мени ўзининг «Аудакс Сан-Паулу» клубига олиб кетди. Ҳатто кўрикни ҳам лозим топмади. Шу тариқа 13 ёшимда бегона шаҳарда яшай бошладим. Отамнинг таксисида 5 соат йўл босганимиз, бир гала болалар билан икки қаватли кроватлар жойлашган хонада қолганимизни ҳеч қачон унутмайман. Очиғи, ҳаммамиз йиғлардик. Бу ёшда олисда қолган уйинг, кучугинг, ўз кўрпа-тўшагинг соғинчига чидаш осон эмас. Бир куни машғулотдан хонага қайтгач, одатдагидек, қўлимни ёстиғим тагига тиқдим - у ерда отам олиб берган мобил телефоним турарди. Лекин ўша куни қўлим телефонга эмас, қандайдир юмшоқ нарсага тегди. Ёстиқни кўтардиму, бақириб юбордим - менга семиз каламуш қараб турарди! Мен кроватдан сакрадим, каламуш хонада югура бошлади, кимдир қўрқувдан стулга чиқиб олди, бошқаси каламушни ўлдирмоқчи бўлди. Қисқаси, бир амаллаб уни шкафга қамадик. Энди ҳаммаси тинчиганида, гўё хона уларникидек, иккинчи каламуш пайдо бўлди. Ўша оқшом ўзимни жаҳаннамга тушгандек ҳис этдим. Онамга қўнғироқ қилиб, автобусда уйга қайтишим учун пул жўнатишини сўрадим. Бироқ у яна таниш оҳангда такрорлади: «Хотиржамликни сақла ва сабрли бўл. Бу сенинг орзуинг. Сабр қилсанг, унга эришасан».
Таксичи бўлмоқчи эди, дастлабки шартнома
қутқариб қолди
- Дам олиш кунлари ота-онам таксида келиб туришди. Шу зайлда 3 йил ортда қолган бўлсада, футболчи бўлишимга ҳамон ишонмасдим ва ишим юришмаса отамдек такси ҳайдовчиси бўлишни мўлжаллаб қўйгандим. Ҳар ойда 400 реал пул топиб, 100 реални телефонга сарфлардим. Агар 18 ёшда профессионал шартнома таклиф этишмаганида, таксичи бўлишим аниқ эди. Гувоҳнома олиш учун имтиҳон топширгандим. Уйдагилар эса мени илк шартномадан оладиган пулимга Volkswagen Beetle олади, деб ўйлашган экан. «Аудакс» мураббийи Фернандо Диниз билан суҳбат режани ўзгартириб юборди: «Бруниньо, ҳаётда қайси йўлни танлашингдан қатъий назар, сен доимо етакчилар сафида бўласан». Ўша пайтда мен профессионал шартномага эга эмасдим. Лекин 19 ёшда у мени Паулиста штати чемпионатига таклиф этди. шу тариқа профессионал фаолиятим бошланди. Икки йилдан кейин Бразилия олий лигасида дебютимни нишонладим. Яна 4 йилдан кейин эса, «Лион» сафидан жой олдим.
39 - Гимараэш учун омадли рақам
- Ҳаётимдаги ижобий ўзгаришлар учун 39 рақамидан миннатдорман. Унда қандайдир жоду бордек. «Атлетико Паранаенсе»га ижарага йўл олганимда, отамдан сўрадим: қайси рақамни танласам экан? ўзим туғилган йилим шарафига 97ни олмоқчиман. Отам саволга савол билан жавоб қайтарди: 39га нима дейсан? Бу рақам бизга бор-будимизни берди: уй, егулик, мебель, сенинг бутсаларинг, буларнинг ҳаммаси 039 рақамли таксининг хизмати эвазига келди. Ана шундан кейин ҳаётимнинг ёрқин саҳифаси очилди. «Атлетико» мухлислари исмимни куйлайдиган бўлишди, кейин буюк Жуниньодан «Лион»га чорлов келди.
Бруно «Ньюкасл» афсонаси бўлмоқчи
- «Ньюкасл»га ўтганимда, кўпчилик мени терма жамоадан четда қолишимни тахмин қилишганди. 2021Ғ22 йиллар мавсумида биз элитада қолиш учун курашдик. Бу мен учун улкан тажриба бўлди. Айниқса, мен дублга эришган «Лестер»га қарши баҳс унутилмас таассурот қолдирди. 95-дақиқада 2-голни урганимда, аввал сира дуч келмаган ўта кучли қувончни ҳис этдим. Ўша ғалабадан кейин элитадан тушиб кетмаслигимизга амин бўлдим. Ҳозир қачондир «Ньюкасл» афсонаси бўлишимдан умидворман, биз топ-клуб мақомига кўтарила олишимизга ишонаман. Чиндан ҳам, мен узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтдим. Энди сочларини оқ рангга бўяб олган ва 39 рақамли футболкаларни кийиб олган болакай ва қизалоқларни завқ билан кузатаман. Ўша лаҳзада «Васко Де Гама» ўйинчисидан дастхат сўраганим ёдимга тушади. Улғайгач, футболчи даҳо бўлолмаслигини тушундим. Биз ҳамма қатори оддий инсонмиз, мағлубиятлардан хафа бўламиз, асабийлашамиз. Бироқ футбол - мен учун фусункор ўйин. Фарзандлари ўзи истаган мақомга эришиши учун ота-онам жуда кўп тер тўкишди. Энди уларнинг ўғлини дунёнинг нариги четидагилар ҳам танийдилар, дастхат ва у билан биргаликда суратга тушишни сўрайдилар.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789