ЕМЛ энди оддий ўртоқлик турнири эмас

ЕМЛ энди оддий ўртоқлик турнири эмас

5 сентябрь куни Европада Миллатлар Лигаси турнирининг янги мавсумига старт берилди.

Гарчи формат асоси ўзгармаган бўлсада, янгиликлар йўқ эмас. Хусусан, энди жаҳон чемпионати олдидан бўладиган «плей-офф» босқичида 2 баравар кўп жамоа иштирок этади. Хўш, ЕМЛ-2024|2025 қандай ҳолатда ЖЧ-2026га янада жиддийроқ таъсир кўрсатиши мумкин?

Европада анъанавий 2та параллель саралаш мусобақаси бор. Албатта, гап ЖЧ ва қитъа биринчилиги квалификацияси ҳақида кетмоқда. ЖЧ-2026 йўлланмалари учун бўладиган классик саралаш 2025 йилнинг март ойидагина бошланади. Чунки 2024 йил ҳисобидан қолган ФИФА кунлари Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичи баҳсларига ажратилган. Бу сафар УЕФА таркибидаги 54та жамоа 4та даражага бўлинган. «А», «В» ва «C» лигаларида 16тадан жамоа бор. «D» лигаси эса 6та термани ўз ичига олган. Аслида 55та жамоа бўлиши керак эди, бироқ Россия термаси ҳозирда халқаро тақиқ туфайли четда қолмоқда. Дастлабки уч лигада 4тадан жамоаси бор 4та гуруҳ бор. «D» лигаси эса 2та гуруҳ шакл­лантирилган (3тадан жамоа). Хуллас, УЕФА аъзолари сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларидаги ФИФА кунларида гуруҳ босқичи дои­расида 6тадан ўйин ўтказишади (табиийки, «D» лигаси вакиллари 4тадан). Аввалгидек, гуруҳ босқичи натижалари лигалар ўртасидаги алмашувга хизмат қилади. Масалан, «А» лигаси гуруҳларида охирги ўринни банд этган жамоалар «В»га тушади. 3-ўрин эгалари эса «А» лигасида қолиш учун «плей-офф» баҳсларида ўйнашади (бунда уларга «В» лигаси гуруҳларида 2-ўринни эгаллаган термалар рақиб бўлади). 

«А» лигаси квартетларида дастлабки икки поғонани банд этган жамоалар иштирокида эса ЕМЛ финал раунди ўтказилади. Турнирнинг асосий янгилиги шу нуқтада. Яъни жорий мавсумдан ҳал қилувчи босқичга 8 жамоа чиқади (олдинги мавсумлар финал босқичида 4та жамоа ўйнаганди). Хуллас, 2025 йилнинг март ойида финал йўлида «плей-офф» баҳслари бошланади. Кейин ярим финал, 3-ўрин учун ва финал ўйинлари 1та мамлакатда ташкил этилади (мезбон 2024 йилнинг декабрида маълум қилинади). Эслатма, Миллатлар Лигасининг ўтган мавсумида финал раунди Нидерландияда бўлган ва унда Испания термаси ғалаба қозонганди.

Энди ЕМЛнинг ЖЧ-2026га таъсири ҳақида. Бўлажак мундиалда 32та эмас, 48та жамоа иштирок этиши ортидан УЕФАга ажратилган квоталар сони ҳам кўпайди, албатта. Энди ЖЧга «кўҳна қитъа»дан 13та эмас, 16та жамоа боради. Демакки, Миллатлар Лигаси орқали ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини ҳосил қиладиган жамоалар сони ҳам ортади. УЕФА жамоалари 2025 йилнинг март ойида бошланадиган мундиал саралашида 12та гуруҳда кураш олиб боради. Якунда 1-ўрин эгалари (12та жамоа) тўғридан-тўғри ЖЧ-2016га йўл олади. Саралашни ўз гуруҳи 2-поғонасида якунлаган 12та жамоа эса курашни «плей-офф» босқичида давом эттиради. Бу гуруҳга ЕМЛ рейтинги бўйича энг яхши 4та жамоа қўшилади. Хуллас, ЖЧнинг қолган 4та чиптаси учун 16та жамоа курашади (4та алоҳида «плей-офф» гуруҳи баҳслари ярим финалдан бошланади). Якунда тўрт йўлнинг ҳар бирида ғолиб чиққан жамоалар ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритади. Таққослаш учун, ЖЧ-2022 саралашида Миллатлар Лигасидан фақат 2та жамоа «плей-офф» босқичига чиққанди (Австрия ва Чехия термалари). Алоҳида эътиборга олиш керак, ЕМЛ орқали ЖЧ-2026 саралаши «плей-офф» босқичига чиқадиган термаларни аниқлашда мамлакатларнинг турнир рейтингидаги ўрнига қаралади:

1. «А» лигаси гуруҳлари ғолиблари (тартиби гуруҳ бос­қичидаги натижаларга боғлиқ)

2. «А» лигаси гуруҳларида 2-ўрин

3. «А» лигаси гуруҳларида 3-ўрин

4. «А» лигаси гуруҳларида 4-ўрин

Шуни ҳисобга олиш керакки, мундиал саралаш орқали тўғридан-тўғри йўлланма оладиган ва «плей-офф» раундига чиқадиган жами 24та жамоанинг Миллатлар Лигаси рейтингидаги кўрсаткичига қаралмайди. Шундай экан, «А» лигасида энг ёмон натижа қайд этган жамоаларда ҳам «плей-офф»да қатнашиш имконияти катта. Ҳаттоки, ЕМЛ «А» дивизионида бўлиш камида «плей-офф»да ўйнашни кафолатлайди. Масалан, «А» лигасида иштирок этаётган Босния ва Герцеговина, Исроил ёки Дания термаларида ЖЧ саралаши «плей-офф» раундида ўйнаш имконияти етарли. ЕМЛ­нинг ЖЧ-2026 саралашига таъсири билан боғлиқ яна бир нюанc бор. Ҳозирда бўлажак мундиалда қайси жамоалар иштирок этиши аниқ эмас (мезбонлар - Мексика, АҚШ ва Канада термаларидан ташқари), аммо Европа вакилларининг қуръа жараёнида қайси саватчадан жой олишлари уларнинг Миллатлар Лигасидаги натижаларига ҳам боғлиқ. Ҳа, Европа Миллатлар Лигаси бир қарашда, ўртоқлик турнирига ўхшайди, лекин аслида ундай эмас.

 Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади