АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«Байер»нинг турли мусобақалардаги 43 учрашувида 36 балл жамғарган мерган - 20 ёшли Флориан Виртц, Хаби Алонсонинг кутилмаган кашфиёти.
Демак, бугунги қаҳрамонимиз ҳали ёш бўлишига қарамай, ҳар қандай юлдуз футболчи ҳавас қиладиган статистикага эга германиялик янги юлдуз...
Виртцнинг 9 нафар акалари ва опалари бор. Ота-онаси эса унинг агентлари
Ханс-Йоахим Виртц ва Карин Гросс оилада ўз футбол жамоаси бўлишини орзу қилишганди. Флориан уларнинг кенжатойлари, оиладагилар футболни севишади, лекин фақат у ва кенжа опаси Юлиана профессионал футболчи бўлишди.
Юлиана «Байер»га укасидан 2 йил аввал, 2018 йилда келган, 2023 йилда «Вердер»га ўтиб кетганди. Отаси эса узоқ йиллардан бери Пульхаймнинг «Браувайлер» клуби раиси. Фло айнан шу шаҳарда дунёга келган ва футболдаги илк қадамини ташлаган. Лекин катта Виртц Федерал чегара хизматида ҳам ишлаган. Онасининг бутун фаолияти спортда ўтган: гандбол мураббийи мақомида у тарбиялаган Юлиан Кестер Германия терма жамоасигача кўтарилганди.
Флориан бошланғич мактаб давридаёқ футболчи бўлишини белгилаб олгани боис, ҳатто ҳозир ҳам бунинг сабабини аниқ тушунтира олмайди. Лекин ўзи учун муносиб юмуш топа олишига ҳеч қачон шубҳа қилмаган: ҳатто Бундеслигадаги муваффақиятли дебютидан кейин ҳам, ота-онаси ундан аввало, аъло баҳога ўқишни талаб қилишганди.
Март ойидаги «Байер»нинг навбатдаги ғалабасидан кейин DAZN журналисти Виртцдан ғалабани бобоси ва бувиси билан нишонлаш қанақа бўлишини сўради. Ўша палла ТВда Флонинг трибунада қариялар билан қучоқлашган ҳолати намойиш этилди. «Аслида, улар менинг отам ва онам», деди Флориан. Қўпол хатога йўл қўйганидан мулзам бўлган журналист узр сўраб, тезда ғойиб бўлди.
Виртцнинг ота-онаси - унинг агентлари. Ҳозирча, жанжал юз бермади. Фақат бир марта отаси Фло «Барселона»ни орзу қилганини айтган, у эса «Барса»ни эмас, Мессини ёқтиришини айтганди. Хуллас, оилавий ҳамкорлик хамирдан қил суғургандек силлиқ кечмоқда.
Дарвоқе, «кумирлар» хусусида: Месси - тушунарли, лекин Марко Марин ва Жоау Феликс... Виртц Маринни «Вердер»даги фаолияти (2009-2012) туфайли ёқтириб қолганди. Ўшанда Марко Бундеслиганинг энг ёрқин ўйинчилари сафида эди. Лекин «Челси»да «сўниб» қолди. Фелиш эса «Бенфика»даги ўйинлари билан касбдошини ром этганди. Ҳозир Фло 20да, Жоау эса 24да. Уларнинг қай бири топ-клублар учун қадрлироқ эканлигини шу рақамлардан ҳам билиб олиш мумкин.
Виртц «Байер»га жанжаллар билан ўтди
Леверкузенликлар «Кёльн» билан ёш иқтидорларнинг клубдан клубга ўтмаслиги хусусида келишиб олишганди. Бироқ ўртада нозик фарқ ҳам йўқ эмас. Германияда «Байер», «Боруссия М.», «Кёльн» ва «Фортуна» ўртасидаги беллашувлар Рейн дербиси, деб аталади. Сабаби, бу жамоалар мўъжазгина Рейн вилоятида жойлашган. Мазкур клублар ўз таркибларига бегона академиялар ўйинчиларини таклиф қилмаслик хусусида келишиб олишган. Бундан кўзланган мақсад - ўзаро яқин жойлашган шаҳарлардаги ўйинчиларнинг бир жамоадан иккинчисига ўтишларига ота-оналари розилигини олишни осонлаштириш.
Виртц 16 ёшида 200000 евро эвазига «Кёльн»дан «Байер»га ўтди. Ўша даврда «Боруссия М.»да спорт директори лавозимида ишлаган Макс Эберль холис мутахассис сифатида «Байер» келишув қоидаларини бузмаганлигини таъкидлаганди. Чунки клуб Флони бир йўла асосий жамоа таркибига киритганди. Виртц салоҳиятини намойиш этганида, «Кёльн» аламдан «ёниб» кетди.
Дарҳақиқат, Флони қўлдан чиқариб, катта хатога йўл қўйганди. Чунки 2017 йилда «Байер»дан «Кёльн»га ўтган ва 25 ёшгача атиги 11 марта майдонга тушган 19 ёшли Тим Хандверкерни ҳеч ким эсламайди. Виртц эса «Байер» тарихидаги ва «Бавария»дек гранд дарвозасини забт этган энг ёш снайпер. Бундеслигада атиги 3 нафар футболчи (Кай Хавертц, Тимо Вернер, Юлиан Дракслер) 100та ўйин маррасини ундан кичикроқ ёшда босиб ўтишган.
Агар 2022 йил мартида Фло жароҳат олмаганида, маррани барвақт забт этган бўларди. Ҳали 21га чиқмаган футболчини ҳозирнинг ўзида замонавий футболдаги асосий ижодкорларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Якунига етмаган жорий мавсумда у 19та ассист билан топ-лигалар бешлигида етакчилик қилмоқда.
«Жаҳон миқёсидаги юксак салоҳият. Виртцни зарарсизлантиришнинг умуман, иложи йўқ!» - «Фрайбург» устози Кристиан Штрайх унинг жамоаси дарвозасига фантастик гол урган футболчини шундай таърифлаганди.
Виртц билан Алонсо ўртасида ҳавас қилишга арзийдиган муносабат шаклланган
Хаби Алонсо бош мураббий лавозимини эгаллашидан аввал ҳам Фло Бундеслигадаги энг яхши ёш иқтидорлар сафида эди. Лекин асосан тезкор қарши ҳужумларда юлдуз мақомида тўп сурди. Мусса Диаби, Жереми Фримпонг ва Патрик Шик ҳамкорлигида ҳар қандай рақибни синдира оларди.
Алонсо раҳбарлигида у позицион ҳужумларда ҳам топ мақомидаги мураккаб ўйинни ўзлаштириб олди, усиз ҳужумнинг самарадорлиги пасайиб кетарди. «Беназир иқтидор соҳибига аввало, майдонда беназир ҳаракат имкониятини бериш лозим», деганди Хаби Виртцга берган эркинлик ҳақида.
Алонсо бир неча марта Флони Мессига қиёслаган: «Лео сермаҳсуллигининг сири нимада? У ҳужумни кучайтирувчи узатмани қачон ва қай тарзда амалга оширишни билади. У худди жамоадошига хитоб қилаётгандек тўп суради: «яхши позицияга чиқдингми? Мана, тўпни ола қол». Гап амалга ошириш қийин бўлган қарор ҳақида эмас. Дарвоза олдида энг ақлли ва самарали қарорни топиш лозим. Айнан шу масалада Лео тенгсиз, Флориан эса унга ўхшайди».
Мураббий унинг ўйин тафаккурини ўзгартириб юборганини Виртц тан олди. Асосий янгилик - ҳар қандай вазиятда суръатни оширмаслик: «Тўпни қайтариб берилган пайтда, доимо рақиб жарима майдончасига чопиш шарт эмас. Аввало, ўйинни тинчлантириш керак. Чунки назорат муҳим аҳамиятга эга».
Виртцнинг мукаммал топ-ўйинчи бўлишига халал берадиган ягона тўсиқ - жароҳатлар. 18 ёшда хочсимон безнинг чўзилиши - фалокат. Хайриятки, қайтганидан кейин тезда тикланиб олди. Лекин бу ёғига шикастланишдан узоқроқ юриши талаб этилади. Афсуски, шикастланиш яна такрорланиши мумкин. Тўғри, Фло баъзан микрожароҳатларга дуч келиб туради, жорий мавсумда омади келди - атиги 1 марта. 9 ой ишсиз юриш ҳеч кимга наф келтирмайди, албатта. Лекин қаҳрамонимиз фикрича, саломатлигини тиклаш жараёни муваффақиятли ўтди, кучга тўлгани ўйинларда яққол кўзга ташлана бошлади. Тамом. «Байер»да азим футболчи улғаймоқда!
Хўжа Абдулаҳад тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789