Фаррух Икромов ва Шаҳбоз Жўрабековлар "Навбаҳор" аъзосига айланишди

Фаррух Икромов ва Шаҳбоз Жўрабековлар "Навбаҳор" аъзосига айланишди

Хабарингиз бор, бугун маҳоратли ярим ҳимоячи Фаррух Икромов “Навбаҳор” билан  2 йиллик шартнома имзолади.

 Шундан сўнг"Бунёдкор" ФК нинг собиқ футболчиси мазкур воқеаликга ўз муносбатини билдириб ўтди: 

- Мени “Навбаҳор”га жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян таклиф қилди ва ушбу таклифни қабул қилиб, Наманганга келиб, мана бугун жамоа билан шартнома имзоладим. “Навбаҳор” яхши жамоа ва якунланган мавсумда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритди, Ўзбекистон кубоги финалчисига айланди. Шу боис, янги мавсумда “Навбаҳор”нинг муваффақиятларига ҳисса қўшишга аҳд қилдим.

Фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” мухлислари борасида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб топдим. Жамоанинг уй учрашувларида ҳар доим стадион ишқибозлар билан тўлади, шунингдек, “Навбаҳор”нинг сафар ўйинларига ҳам мухлислар боришади ва улар жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлашади. Янги мавсумда мухлислар ишончини оқлаб, ижобий натижаларни қайд этишга интиламиз.   

Бизнинг маълумот

Фаррух Икромов – 1998 йил, 9 июлда Тошкент шаҳрида туғилган.  Футбол билан 9 ёшидан шуғулланишни бошлаган. Биринчи мураббийи: Сергей Чигатаев.   Амплуаси: ярим ҳимоячи.   “Бунёдкор” футбол академияси тарбияланувчиси. 2017-2022 йиллар давомида “Бунёдкор” жамоасида ўйнаган.

***
Кеча маҳоратли ҳимоячи Шаҳбоз Жўрабеков ҳам  “Лочинлар” билан  2 йиллик шартнома имзолади. "Сўғдиёна" жамоасининг собиқ аъзоси ушбу трансфер юзасидан ўз тассуротлари билан ўртоқлашди: 

- Мени “Навбаҳор”га жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян таклиф қилди. Ушбу мутахассисни яхши билганим боис, бу таклифни иккиланмай қабул қилдим ва мана бугун жамоа билан шартнома имзоладим. Албатта, “Навбаҳор”ни жуда яхши биламан. Якунланган мавсумда жамоа   чемпионатда яхши старт олди ва мавсум якунига қадар чемпионлик учун кураш олиб борди, шунингдек, Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам финалга қадар етиб борди. Бироқ ҳар икки мусобақада ҳам “Навбаҳор”га бир қадам қолганида бироз омад етишмади. Худо хоҳласа, янги мавсумда “Навбаҳор” билан Coca Cola Суперлигаcи, Ўзбекистон Сoca Cola кубоги ҳамда Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) “плей-офф” баҳсларида муваффақиятли қатнашиб, Худо хоҳласа, жамоа сафида Ўзбекистон чемпионлиги ва кубогини қўлга киритишни ният қилганман. Шунингдек, жамоа билан ОЧЛ “плей-офф” учрашувларини омадли якунлаб, гуруҳ босқичига йўл олиш, бир сўз билан айтганда, янги мавсумда “дубль”, 2024 йилги мавсумда эса ОЧЛда ҳам зафар қучиш, қисқасини айтганда, “Навбаҳор”га совринларни қўлга киритиш мақсадида келдим. Буни амалга ошириш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. 

Бизнинг маълумот

Шаҳбоз Жўрабеков – 1997 йил, 2 февралда Жиззах шаҳрида туғилган.  Футбол билан 6 ёшидан шуғулланишни бошлаган. Биринчи мураббийи: Усмон Мухамедшин.  Амплуаси: ҳимоячи.   Жиззахдаги футбол мактаб-интернатида таҳсил олган.

2014-2022 йиллар давомида “Сўғдиёна” жамоасида ўйнаган.

Оилали.