Футбол ва бизнес: Шайхларга сотилган турнир

Футбол ва бизнес: Шайхларга сотилган турнир

Дэвид Бекхэмнинг мультимиллионерга айланишида оммавий Голливуд образи яратилишини таъминлаган турмуш ўртоғи Викториянинг ҳиссаси катта бўлса, Жерар Пикенинг ҳолатида рафиқаси Шакира эрининг молиявий ишларига тўғридан-тўғри алоқадор эмас.

«Барселона» ҳимоячиси пулларни жуда яхши кўради. Футболга қизиқиши сўнган кўринади, лекин бойлигини оширишда фаол. Пикенинг компанияси Гризманн ҳақида ҳужжатли фильм суратга олгани, унда француз ҳеч қанақасига «кўк-анорранглилар» сафига қўшилмаслиги, «Атлетико»да қолишини айтгани мухлислар ёдида.

Шунингдек, Пике Лапортага Мессини қўйиб юборишни, шу тариқа «Барселона»нинг молиявий мустақиллигини янгилашни тавсия қилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Лионель билан янги шартнома клубни «чўктириши» мумкин эди, ишқибозлар норозилигидан эса бир амаллаб қутулса бўлади. Мазкур ҳолатда Жерар барча вице-сардорларни маошларини камайтиришга кўндириб, ўзи ҳам шундай йўл тутганди. Ўзи Пике муваффақиятли бизнесменми? Амримаҳол. Унинг ихтиёрида кўплаб компаниялар бор - кўчмас мулк, киберспорт, озиқ-овқат ва ичимликлар, инвестиция идоралари, Дэвис кубогига ўхшаш спорт турнирлари шулар жумласидан.

Пике бирданига барча тармоқни қамраб олишни истайди, бир иши ўхшамаса, эътиборини кейингисига қаратади. Ҳимоячининг футбол майдони ташқарисидаги юмушларга кўп вақт сарфлаётгани «Барселона»дагиларга ёқмаяпти. Осиё, Яқин Шарқ ва АҚШга бизнес билан боғлиқ масалалар юзасидан амалга ошириладиган парвозларнинг ўзи қанча фурсатни ўғирлайди. Жаҳон ва Европа чемпионининг ўйини ҳам ўртаҳол бўлиб қолди, тез-тез хатоларга йўл қўймоқда. Ёш ҳам ўз сўзини айтяпти, қолаверса, четдаги лойиҳалар ҳам халал бермоқда. Ҳозирча Пике чексиз бойлик орттириш илинжида изланмоқда. Жароҳатлар сабаб кўп ўйинларни ўтказиб юборяпти.

Маълум бўлишича, Испания Суперкубоги учрашувларининг Европадан Саудия Арабистонига кўчирилишида айнан «Барселона» ҳимоячисининг алоқаси бор экан. Дастлаб бу маълумотни яширишди, зеро, ўртада манфаатлар тўқнашуви бор - мусобақанинг доимий иштирокчиси турнирни АҚШ ёки Қатарга эмас, саудиялик шайхларга топширмоқда. Обрў муҳим, агар жаҳонда сени ноҳақ деб топишса - эртами-кеч бунинг бадалини тўлайсан. Футбол бизнесида ҳам худди шундай. Рубиалеснинг қўллаб-қувватлашидан фойдаланган Пике пул топишнинг ўзига хос йўлини ўйлаб топди.

Ла Лига раҳбари Тебас Примера ўйинларини АҚШ ва Канадада ўтказишга хайрихоҳ, шу тариқа Испания чемпионати кўп пул топишидан умидвор. Пике эса Рубиалесни мамлакат Суперкубоги форматини ўзгартиришга кўндирди. Эндиликда иккита ўйиндан иборат финал ўрнига тўрт иштирокчидан иборат мини-турнир ўтказилмоқда, мазкур ҳолатда финал баҳсларини четга олиб кетишни хоҳлаётган хорижликлар нафақат Испания футбол федерациясига, балки воситачиларга ҳам пул тўлашга тайёрликларини билдиришган. Буни қарангки, музокараларни ўтказган компания Испания фуқароси ва «Барселона» ҳимоячиси Жерар Пикега тегишли инвестиция жамоа­си эканлиги ойдинлашди.

Ҳозир Рубиалес ва Пике адвокатлар маслаҳатига кўра, яна ўша ҳолатни такрорлашмоқда - уларнинг телефон сўзлашмаларини ёзиб олиш қонунга хилоф. Аммо матбуот аллақачон керакли маълумотларга эга бўлган, сўз эркинлиги эса ҳар қандай ривожланган жамият мавжудлигининг асосидир. Юристлар Луис ва Жерарга келишув тафсилотлари ҳақида гапирмасликни тавсия қилишмоқда, зеро, барчаси мулозим ва бизнесмен айтгандек шаффофми ёки йўқми, номаълум. Ахир, Суперкубокни Саудия Арабистонида ўтказиш бўйича келишув имзолашнинг нимаси ғалати? Унчалик машҳур бўлмаган мини-турнирни бозорга хос бўлмаган нархда сотишди. Авваллари икки финалдан кейин арзимаган пул келарди, энди эса гап бир мавсум учун тўланадиган 40 млн. евро ҳақида бормоқда.

Бизнесменлар кулранг ҳудудларда юриб, омон қолишади, Жерар ҳозир айнан шундай ролда. Мулозим эса шубҳали келишувлар ортидан жойини йўқотиши мумкин, айниқса, Рубиалеснинг икки ашаддий душмани - Тебас ва Перес биргаликда ҳужум қиладиган бўлишса. Муаммо шундаки, Пике музокараларга аралашиб, испан футболи тақвимига жавобгар ташкилот раҳбарини Испания Суперкубоги баҳсларини августдан январга кўчиришга кўндирди. Бу одатий мавсум роза қизиган палла, шу пайтда Саудия Арабистони меҳмонларни кутиб олиш, «Реал» ва «Барселона» ижросидаги катта футболни кузатишга тайёр ҳолда бўлади. Тижорий томондан манфаатли, футбол нуқтаи назаридан эса - ундай эмас.

Негадир, келишувдан тушадиган сумманинг 10 фоизи Пике компаниясига тегадиган бўлди, нега бунча кўп? Боз устига, ягона тўлов ҳам амалга оширилган, шу боис Жерарнинг фирмаси орқали 30 млн. евро ўтади. Воситачиликнинг тушунарсиз йўли, ахир Саудия Арабистонида Суверен фонд бор, улар билан тўғридан-тўғри музокара ўтказиш мумкин. Шаҳзода «Ньюкасл»-ни сотиб олган пайт бу фонд ҳақида эшитган бўлишингиз турган гап. Ундан чиққан пуллар, жумладан, спорт лойиҳаларига ҳам сарфланади. Мақсад - Арабистоннинг монархияга асосланган мамлакатида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида тез-тез қалам тебратадиган европаликларнинг оғзини ёпиш. Бизнесда обрў муҳим ва саудиялик шаҳзодаларнинг омма орасида таниқли адвокатларни қидиришаётгани ҳам бежиз эмас.

Агар ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган бўлса, Пике жабр кўрмаса керак. Аммо факт шуки, Рубиалес суҳбатлар жараёнида Жерарга кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди - ҳимоячи Месси ва бошқа юлдузларни махсус видеомурожаатни ёзишга кўндирди, ролик эса Суперкубокнинг керакли санага кўчирилишида асқотди. Бу вақт мобайнида Испания прокуратураси ишини давом эттириб, воситачилар ва мулозимлар ўртасида амалга оширилган махфий тўловларни қидириши мумкин. Мана шунинг ўзи криминал дейилади, агар далиллар жиноят излари борлигин тасдиқласа, Рубиалес камида лавозимидан айрилади, бундан ҳам ёмони - қамоққа олинади.

Каталониялик йигитларнинг ноқонуний ишларини текшириш бўйича Испания ҳукуматига икки марта сўров жўнатишга эҳтиёж йўқ, «Барселона»нинг собиқ президенти ҳибс­га олинди, Бартомеу ҳам эрта хурсанд бўлмоқда - уни олиб кегани ҳам келишлари мумкин. Пике уларнинг аччиқ тажрибасини инобатга олганда, Саудия Арабистони билан келишувларни тоза амалга оширарди. Агар телефон сўзлашувлари четга тарқаган бўлса, аудионинг қолган қисми ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига етиб борган, эҳтимол. Мабодо, ёзувларда Рубиалесга тўлов амалга оширилганини исботлайдиган маълумотлар бўлса ёки дейлик, араб миллиардерларини, тўлов ўз вақтида оширилмаса, Суперкубок турнирини америкаликларга бериб юбориш билан шантаж қилингани аниқланса, бу энди Испания футбол федерациясига зарба беради.

Мулозим ва коррупция бир-бирисиз яшолмайдими? Бу саволга жавобни муҳокамалардан кейин топамиз, ҳозирча эса, Рубиалес Испания Суперкубоги иштирокчиларидан бирига турнирни сотиш бўйича музокараларда қатнашиш бўйича илтимос билан чиқиб, манфаатлар тўқнашувига аралашиб қолди. «Реал» ва «Барселона» сукут сақлади, зеро ҳар икки жамоа 8 млн. евродан маблағга эга бўлди, Перес ҳам Мбаппени қўлга киритиш йўлида ҳар бир миллионнинг аҳамияти юқорилигини яхши билади. Пике эса ушбу воқеалар асносида «Барселона»ни тарк этиш муддатини яқинлаштирмоқда, ахир Лапорта бошқа ёзувларда Жерарнинг у ва клуб ҳақида айтганларини эшитиши мумкин. Футболчи келгусида «Барса» бошқарувини эгалламоқчилигини яширмади, демакки, Жоан Пике сиймосида ҳамроҳ эмас, рақобатчини кўриши тайин.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади