Лифтда сайр мисоли...
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
«Бавария» ҳужумчиси Гарри Кейн KIDS MAGAZINE журнали меҳмони бўлиб, KIDS Club аъзолари йўллаган оддий саволларга бафуржа жавоб берди.
Яъни Англия миллий жамоаси сардори ҳеч шошилмади, ўз ҳаёти, Мюнхендаги биринчи мавсумига оид қизиқарли маълумотлар ҳақида очиқ-ойдин гапириб берди.
- Гарри, агар профессионал футболчи бўлмаганингизда, қайси йўналишни танлардингиз?
- Гольф ўйинига меҳрим жуда баланд, эҳтимол, шу спорт тури билан профессионал даражада шуғулланармидим...? Шунингдек, Америка футболига ҳам бефарқ эмасман, ҳозир ҳам МФЛ ўйинларини кузатиб бораман. Ўйлашимча, ушбу йўналиш ҳам мен учун роса мос келарди.
- Болалигингизда айнан кимга энг севимли футболчи сифатида қарагансиз?
- Бошида Англия миллий жамоаси ҳужумчиси Тедди Шерингемга ҳавас қилганман, унинг ўйинларидан завқ олардим. Кейинчалик Дэвид Бекхэм каби эстетик ижрочилар чин кумирларим қаторига қўшилишди. Дейлик, кўчада Бекхэм кўрсатган ҳар бир трюкни такрорлашга уринардим, шунингдек, унинг кунлик тартибидан кўчирма олганман. Энди эса ўзим кўплаб болалар учун намуна эканлигимни теран тушунган ҳолда, ҳар томонлама ижобий таассурот қолдиришга ҳаракат қиляпман.
- Севимли мусиқангиз қайси, ўйинлардан олдин айнан нималарни тинглайсиз?
- Эд Ширан - мен учун энг севимли қўшиқчилардан бири. Қолаверса, Тейлор Свифт ва Адель тароналарини ҳам мароқ билан тинглайман. Алоҳида асарларга келсак, «Вагон ғилдираги»ни эшитишдан асло зерикмайман. Ўйинлар арафасида эса одатда тезкор ритмли мусиқаларни танлайман.
- Айтингчи, «Бавария»га ўтишингизнинг асосий сабаби нима?
- Ҳар доим тобора такомиллашиш, ривожланиш ва шахсий имкониятларни кенгайтириш йўлидан боришни истаганман. Оддий айтганда, ҳамиша энг юқори даражада ўйнаш, Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ва албатта, совринлар учун курашишни хоҳлайман. Сир эмас, «Бавария» сафига қўшилиш билан бундай имкониятларни анча кенгайтирдим.
- Қайси клубдошингиз билан энг яхши муносабатдасиз, дейлик, автобусда кимнинг ёнида ўтирасиз?
- «Бавария»да кўплаб дўстлар орттиришга улгурдим. Хусусан, Томас Мюллер билан гольфда баҳслашишни яхши кўраман. Эрик Дайерни эса «Тоттенхэм»даги даврдан яхши биламан ва биз яқин дўстлармиз. Автобусда кўпинча айнан унинг ёнида ўтираман. Лерой Сане ва Жамол Мусиала билан ўйнаш жуда ёқимли. Улар билан майдонда қандай алоқа ўрнатган бўлсак, ташқарида ҳам шундай. Яна баъзан Жошуа Киммих шахмат ўйинига чорлаб туради.
- Немис тилида ёмон гаплашмаяпсиз. Миянгизга ўрнашган илк баварча ибора қайси?
- Ҳафтасига 1-2 марта немисчадан сабоқ оляпман. Чунончи, бу тилни иложи борича пухтароқ ўрганишга киришганман. Баварияда мен ёд олган биринчи маҳаллий ибора - бу «Сервус».
- Севимли таомингизга ҳам тўхталсангиз. Илгари Бавария таомларини татиб кўрганмидингиз?
- Энг севимлилари - стейк ва картошкали фри. Ҳар икки таом менга Англияни эслатади. Бироқ стейк ва фрини алоҳида кунларда истеъмол қиламан, холос. Чунки машғулотлар ва ўйинлар тартиби зич, шундай экан, соғлом овқатланишга катта эътибор қаратишим шарт. Бавариянинг одатий таомлари, хусусан, оқ колбасани ҳам татиб кўрдим, албатта. Унга ташқи кўринишига қараб баҳо бермаслик керак экан - жуда тотли егулик.
- Бундеслигадаги илк мавсумдаёқ энг яхши тўпурар бўлиш қандай экан?
- Бундай мақомлар билан ҳар доим фахрланаман. Тўғриси, Германиядаги биринчи мавсумдаёқ бош тўпурарга айланишни сира ўйламагандим. Барчаси - меҳнатсеварлик ва юксак ишонч самараси.
- Ўзингиз учун энг чиройли голни аниқлаб олдингизми?
- «Вердер»га қарши ўйинда урилганини алоҳида қадрлайман. Ахир бу «Бавария» либосидаги илк голим ҳисобланади. Phonzy (Альфонсо Дэвис)нинг заргарона узатмасига чиройли нуқта қўйгандим. Қолаверса, ўша голни Бундеслигадаги дебют ўйинимда урдим. Шунинг учун унинг аҳамияти бошқача. Табиийки, «Дармштадт» билан ўйинда майдоннинг қоқ ўртасидан урган голимни ҳам кўп эслайман.
- Қизиқ, «хет-трик»лардан кейин ўзингиз билан олиб кетилган тўпларни қаерда сақлайсиз?
- Ҳар бир «хет-трик»дан кейин кийиниш хонасида жамоадошларимдан тўпга имзо чекиб беришларини сўрайман ва уйга олиб кетаман. Бундай тўпларни сақлаш учун махсус бурчак ҳозирлаб қўйганман. Ҳар бир тўп ўзига хос туйғуларни эслатиб туради. Ёқимли коллекция.
- Фаолиятингизда айнан қандай унвонга эга бўлишни хоҳлайсиз? Янги мавсум учун асосий мақсадингиз...?
- Бош орзум - клубим билан Бундеслига ва ЧЛ совринларини қўлга киритиш. Терма жамоа билан ҳам йирик турнирларда ғалаба қозонишни истайман, албатта. Янги мавсум учун мақсад? Иложи борича кўпроқ гол уриш ва совринларга эга чиқиш.
Манба: fcbayern.com, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар гал ЖЧ саралашида имкон қадар муносиб қатнашганига қарамай, турнирнинг финал босқичи ҳалигача мухлисларимизга орзу бўлиб қолмоқда...
Хабарингиз бор, Суперлига-2024 ҳам финиш чизиғида турибди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789