АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«РБ Лейпциг» ярим ҳимоячиси Илайш Мориба Гвинея халқига қандай қувонч бағишлаши, Олимпиада иштиёқи ва медаль учун амбициялари ҳақида.
9 май куни Париж-2024 Олимпиадаси футбол дастурининг охирги йўлланмаси учун Гвинея ва Индонезия термалари ўртасида кечган ўйин бошланганидан 29 дақиқа ўтгач, Илайш Мориба учун энг масъулиятли лаҳза келди. Яъни гвинеяликлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди ва ярим ҳимоячига уни голга айлантириб, африкаликларни ҳисобда олдинга олиб чиқиш миссияси ишониб топширилди. Мориба тўпни қатъият билан «нуқта»га жойлаштирди, зарбани ҳам совуққонлик билан амалга оширди ва жамоасини ғалаба сари олға бошлади. Якунда Алейшнинг голи ягоналигича қолди ва Гвинея терма жамоаси 1968 йилдан буён биринчи марта Олимпиада футбол турнирининг эркаклар йўналишида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. «РБ Лейпциг» вакили Париж-2024 Олимпиадаси старти яқинлашган паллада ФИФА расмий сайтининг интерьвю ҳақидаги илтимосини рад этмади. У суҳбат жараёнида аввало, ўша ҳал қилувчи драматик қарама-қаршиликка тўхталди, қолаверса, Гвинея футболини ёрқин келажак кутаётганига ишонч билдирди, яна шахсий амбициялари ҳақида гапирди.
- Алейш, аввало, индонезиялик олимпиячиларга қарши кечган ўша «плей-офф» ўйинини эсласак, пенальти тепишдан олдин нималар ҳақида ўйладингиз?
- Бундай сценарий юзага келиши мумкинлигини бир неча кун олдинги машғулот жараёнида пенальти тепиш устида ишлаганимизда кенг муҳокама қилгандик. Ўшанда мураббий ҳал қилувчи саралаш ўйини пенальтилар сериясигача чўзилиши мумкинлигини айтиб, бу борада жиддий ишлашимизни талаб қилганди. У жумладан, пенальти масаласида менга тўлиқ ишонишини яширмади, агар асосий вақтда 11 метрлик жарима зарбаси белгиланса, масъулиятни ўз зиммамга олишим зарурлигини таъкидлади. Умуман, ўзим ҳам бундай ҳолатда Европада ўйнаётган футболчи сифатида ташаббус кўрсатишим зарурлигини, қатъият билан йигитларга ишонч бағишлашим шартлигини билардим. Узоқ вақт давомида пенальти тепиб келганим учунми, ўша лаҳзада ҳеч қандай босимни ҳис қилмадим. Қолаверса, футболда пенальти алоҳида элемент ҳисобланади. Футболчи «нуқта»дан гол уриши ҳам, уролмаслиги ҳам мумкин. Бинобарин, рўпарангизда турган дарвозабон ҳам тўпни қайтариш учун бор имкониятини ишга солади. Умуман, пенальти қисман лотерея эканлигини одамлар ҳам тушунишлари керак. Муҳими, ўша лаҳзада совуққонликни сақлаган ҳолда, рақиб дарвозабонини ожиз қолдиришга муваффақ бўлдим. Акс ҳолда, ўзимни кечиролмасдим, очиғи...
- Хўш, Париж-2024 ўйинларида иштирок этиш шахсан сиз ва Гвинея термаси учун нимани англатади?
- Табиийки, барчамиз турнир стартини интиқлик билан кутяпмиз. Бинобарин, Олимпиадада қатнашиш имконияти ҳаммада ҳам бўлавермайди. Айниқса, бизники каби футболи камтарона мамлакатда. Дейлик, Гвинея термаси ҳар 4 йилликнинг энг йирик мусобақаси футбол дастурида охирги марта 56 йил олдин иштирок этганди. Бу сафар U-23 тоифасидаги Африка Миллатлари кубоги Олимпиадага саралаш вазифасини ўташи эълон қилингач, астойдил тайёргарлик кўрдим. Бироқ қитъа биринчилигида қатнашолмадим. Муҳими, йигитлар «плей-офф»га чиқиш йўлида кўп тер тўкишди, қайсидир маънода жасорат ҳам кўрсатишди. Олимпиада ҳар йили бўладиган оддий мусобақа эмаслигини ҳамма билади. Оддий мисол, афсонавий Лионель Мессининг Олимпиадада олтин медаль ютгани акс этган тарихий фотосуратларни кўрганингизда, этингиз жимирлаб кетади ўз-ўзидан. Хуллас, гап спорт оламидаги алоҳида воқелик ҳақида кетмоқда ва кимда имкон туғилса, уни ўтказиб юбормаслиги керак. Яна бир томони, Олимпиадага йўлланма олиш эҳтимолки, ЖЧга чиқишдан ҳам мураккаброқ. Ҳар ҳолда, йўлланмалар сони анча кам. Шу маънода айтсам, мусобақа чиптасини расмийлаштирганимизнинг ўзи бутун Гвинея учун тарихий воқеага айланди аллақачон. Лекин тўхтаб қолиш йўқ, ушбу тарихий воқеликни янада бойитишни хоҳлаймиз.
- U-23 тоифасидаги Африка чемпионатида ўйнолмасдан, барчасини четдан кузатиш қандай бўлди? Гвинея термаси ўйинларини мухлис сифатида кузатиш оғирлик қилмадими? Якунда жамоадошларингиз қитъалараро «плей-офф» ўйинида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиб, Олимпиадага бориш имкониятини сақлаб қолишганида, қандай ҳолатга тушдингиз?
- Олимпия жамоасининг қитъа чемпионатидаги иштирокини бутун Гвинея катта ҳаяжон билан кузатгани аниқ. Хусусан, миллий жамоа мураббийлари ҳам ҳар бир ўйинда биз билан ҳамнафас бўлишди. Ҳа, ярим финалда Миср термасидан енгилиш, кейин 3-ўрин учун кечган баҳсда малиликларга пенальтилар сериясида ютқазиш жуда алам қилди - ачинарли натижалар. Муҳими, йигитлар қитъалараро «плей-офф»га ўтиб, катта иш қилишди, барибир.
- Хўш, Гвинеяда Олимпиада ўйинлари йўлланмаси қандай қабул қилинди?
- Бутун мамлакат бош жамоамизнинг январь ойида ўтказилган Африка Миллатлар кубогидаги иштирокидан сармаст эди. Ёшлар жамоасининг тарихий натижаси эса мухлисларимизга қўшимча қувонч бағишлади, уларда миллий футболимиз келажагига нисбатан ишончни кучайтирди. Чиндан ҳам, охирги йиллар Гвинея футболида кенг кўламли иш бажарилди. Орада маълум вақт яхшигина имкониятлардан фойдаланолмаганимиз - айни ҳақиқат. Оқибатда одамлар футболимиз келажагига ишонмай қўйишганди. Энди вазият ижобий томонга ўзгармоқда ва бундай вақтда бўшашишга асло ҳаққимиз йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мухлислар муҳаббатини қайтаришимиз керак. Энди қандайдир баҳоналар кетмайди асло.
- Олимпиада мезбони билан ўйин нимани англатади? Ҳар ҳолда, Франция олимпия термаси олтин медаль учун яққол фаворитлардан бири сифатида тилга олинмоқда.
- Ҳа, мезбон жамоа таркибида машҳур футболчилар кўп. Шунингдек, Франция термалари ҳар қандай ёш тоифасида ҳамиша бош совринга даъвогар ҳисобланиши ҳам маълум. Лекин францияликлар худди биз каби инсонлар, барибир. Олимпиадада қатнашиш учун клубимдан рухсат олишим осон бўлмади ва энди мусобақада шунчаки, саёҳатчи ёки томошабин бўлиш ниятим йўқ. Хуллас, Парижда медаллар учун ўйнаймиз!
- Умуман, Гвинея олимпия термасидан қандай ўйин кутишимиз керак?
- Шахсан мен жамоамизга тўлиқ ишонаман. 2 йилдан буён шу жамоа ичидаман, бу орада ўйин бобида анча яхшиландик. Сўнгги йиллардаги машаққатли меҳнат самарасини кўрсатиш вақти келди. Бу жараён аллақачон бошланди, Гвинея халқи илк ютуқларимизни кўрди, энди эса мамлакатимизни футбол харитасига қўшишни хоҳлаймиз. Менталитетимиз шундай - фақат ғалабага интиламиз ва ҳеч кимдан чўчимаймиз. Ҳозирги ёндашувимиз оддий - Гвинея термасини аутсайдер ўрнида кўраётганларга қўл силташ ва ажойиб руҳда бошланган ишимизни давом эттириш!
МУҲАММАДХОН тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789