Ирисметов хитоби – Бизда РПЛ клубларини кучайтирадиган йигитлар бор

Ирисметов хитоби – Бизда РПЛ клубларини кучайтирадиган йигитлар бор

Ўзбекистон чемпионатида голеадорлик маҳорати билан ном қозонган собиқ ҳужумчи Жаъфар Ирисметов Россия футбол жамоатчилигига ҳам яхши таниш.

 Зеро, у вақтида Москванинг «Спартак» клубида ҳам тўп сурган. Шунинг учун бўлса керак, россиялик журналистлар футболчилик фаолияти давомида Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон чемпионатларида турли даражадаги сов­ринлар соҳибига айланган, юртимизда 3 марта, қозоқ диёрида эса икки марта элит лиганинг бош тўпурари бўлган собиқ футболчига қайсидир масалада тез-тез мурожаат қилиб туришади. Жумладан, metaratings.ru сайти ижодкорлари ҳам яқинда Ирисметов билан боғланиб, РПЛда ўйнаётган ўзбекистонлик футболчилар ҳақида сўрашди. Улар шунинг баробарида айни пайт миллий чемпионатимизда иқтидор бўйича Россия клубларига тортадиган йигитлар бор-йўқлигига ҳам қизиқишди.

— Ўзбекистонлик футболчиларнинг Россия чемпионатидаги ўйинларини кузатиб бораётгандирсиз...

— Хабарим бор, «Пари НН» ва «Торпедо»даги ҳамюртларим ўзларини кўрсатишга уринишмоқда. Ҳожимат Эркинов ҳамон мослашиш жараёнида, у «Торпедо»даги жамоадошлари фонида ёмон кўринмаяпти, ҳар ҳолда. Ўзи бу йигит чемпионлик учун курашишга кўниккан, у ерда эса муҳит бошқача. Шунга қарамай, ўсаётгани сезилмоқда. Ҳожимат вақтида ўғлим билан бирга ўйнаган, ишлашга лаёқати баландлиги бошидан кўзга ташланган эди. Иброҳимхалил Йўлдошев эса салоҳиятини намо­йиш этишга улгурди. «Пари НН»да уни чап қанот вингери сифатида ўйнатишяпти. Аслида у ҳимоячи. Тўғри, мураббий кўпроқ билади. Умуман, ўзбекистонлик футболчиларга бироз вақт ва имкон берилса, улар кўзга ташланишади, албатта.

— Хўш, РПЛ клубларига Ўзбекистон чемпионатидан кимдидир тавсия эта оласизми?

— Бизда иқтидори баланд футболчилар етарли, аммо ҳозир барчасини номи билан санашдан маъно йўқ. Чунки трансферда асосий масала бошқа - йигитларга нечоғли ишонч билдирилиши. Менталитетимизни яхши биламан ва Россияда ўзбекистонликларга осон бўлмаслиги тайин. Вакилларимизнинг дейлик, БАА ёки Осиёнинг бошқа лигаларига мослашишлари нисбатан осон. Айни пайт Россияда хориждан футболчи чақириш қийинлашганини назарда тутсак, Ўзбекистонда РПЛ клублари учун муносиб номзодлар кўп. Масалан, «Насаф» чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев барча зарур сифатларга эга, ўз зиммасидаги ишларни тўлиқ бажаради. Марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов ҳам легионер мақомида ўйнашга тайёр. «Нефтчи»да ўйнаётган Аброр Исмоилов - универсал футболчи. Уни жуда яхши биламан, вақтида «Пахтакор»га жалб этишни ўйлагандим. «Пахтакор»нинг ўзидан эса марказий ярим ҳимоя­чи Одил Ҳамробековни ажратиб кўрсатишим мумкин. Бу йигитлар РПЛнинг ўртамиёна клубларида ўйнашга қодирлар. «Зенит» каби грандларга тўғри ўтиш эса қийин. «Спартак» сафига қўшилганимда, бу қандай бўлишини ўз бошимдан ўтказгандим. Яхшиси, худди Элдор Шомуродов каби барчасини кўпроқ амалиёт берадиган «Ростов» каби клубларда бошлаш керак. «Зенит» ёки «Спартак»да захирада қолиб кетиш хавфи юқори, чунки бу клублар олдидаги вазифалар жуда катта! «Пахтакор»да ишлаганимда, доим бир масала кўтариларди: «Асосий жамоада нега академия тарбияланувчилари кам?» Тушуниш керакки, чемпионлик ва мамлакат кубогини қўлга киритиш каби масалалар долзарб бўлиб турган паллада ёш футболчиларни ўйнатиш жуда қийин. Тўғри, шунга қарамай, клуб академиясидан кўплаб футболчиларни тортганмиз, тарбиялаганмиз.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади