АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Сарлавҳани ўқиган мухлис «Қанақа катта ўйин? Ўзи Катанецда катта ўйин борми?
У услубан бунга лойиқми ёки қодир?» қабилида саволларни кўндаланг қўйиши ва истеҳзоли кулиши табиий. Лекин миллий жамоамиз бош мураббийи фаолиятини мунтазам кузатиб келаётганимиздан келиб чиқиб айтамизки, у чиндан ҳам, ниҳоят, ўзининг катта ўйинини бошлади. ЖЧ-2026 саралаши иккинчи ва учинчи босқичларидаги асосий учрашувларда Эрон термаси билан қайд этилган дуранглар нафақат олқишлашга арзийдиган натижа, балки рақиб мураббийлар штаби ва мухлислар армияси асабини эговлайдиган реал воқеликдир. 10 октябрь оқшомида бир киши кам бўлиб қолган Эрон термаси гол қўйиб юбормаслик учун ҳам ҳужумда вакилларимизга босим ўтказиш йўлини танлади. Тўғри, ўйиннинг охирги 10-15 дақиқасида футболчиларимиз ҳаракатларида парокандалик сезилди. Улар андак хавотир билан тўп суришгани рост. Бироқ унутмайликки, майдонда 10 киши бўлиб қолган форслар қизишиб, жон-жаҳдлари билан курашишди, бу ҳолат уларда ҳам ортиқча босим ва гол қўйиб юбориш хавотири кузатилганидан далолат.
Солиҳ Ҳардани ўзидан-ўзидан қизил карточка олмади. Буни англаш учун иккинчи бўлим дастлабки чоракида юзага келган вазиятларни эслашнинг ўзи кифоя. Бинобарин, терма жамоамиз танаффусдан жанговар кайфиятда қайтди. Хусусан, Элдор Шомуродов шерикларини олға бориш, рақиб жарима майдони яқинида босимни кучайтиришга ундади. Унинг ўзи бу масалада жамоадошларига ўрнак ҳам кўрсатди. Демоқчимизки, жамоалар таркиби тенг турган паллада эронлик футболчилар ҳаракатларида довдираш аломатлари кўзга ташланди, айниқса, ҳимояланишда. Шундай вазият таъсирида жамоамиз сон жиҳатдан устунликка эришди. Футболда баъзан кузатиладики, майдонда сон жиҳатдан камчилик бўлиб қолган жамоа сафар ўйинида ғалаба қозонади. Бунга етарлича мисоллар келтириш мумкин. Шу маънода айтсак, бир киши кўп ҳолда охирги дақиқаларгача мардонавор курашиб, дуранг натижани сақлаб қолгани - жамоамизнинг катта ютуғи. Чунки таркиб борасидаги устунлик руҳий бўшашишга сабаб бўлади ва термамиз ютқазиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди. Хайриятки, йигитлар бунга йўл қўйишмади. Зеро, мундиалга боришни улар мухлисларга қараганда кўпроқ хоҳлашади.
Ўйин мароми издан чиқиб, ҳар бир тўп учун ўзи алоҳида курашаётган футболчига стадион трибуналаридан туриб, танбеҳ бериш ортиқча. Ҳар ҳолда, ҳисобни лоақал сақлаб қолиш зарурлигини ҳар бир футболчи мухлислардан яхшироқ тушуниб турганди. Жамоа бундай вазиятда гол қўйиб юборишни истамайди ва балки шунинг учун реалликка айланмаган пенальти вазияти келиб чиқди. Хуллас, Сречко Катанец Эрон термасига қарши баҳсда масофадан туриб ҳам, узоқни кўра биладиган мураббий ва катта ўйинчи эканлигини исботлади. Эътибор қаратсак, учинчи саралаш босқичининг ортда қолган ҳар 3та ўйинида мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам роса асабийлашишди. Энг қизиғи, жамоамиз шу 3 турда бир-бирига ўхшамаган ўйинлар ўтказди. Бундан хулоса чиқариш мумкинки, Сречко Катанец рақибнинг кучи ва имкониятини баҳолаб, шунга яраша ўйин сценарийсини тузмоқда. Энг ажабланарли жиҳати шуки, у рақибнинг салоҳиятидан қатъий назар, вазиятга асосан 3-4-3 тактик чизмасига айланадиган, аммо энг муҳим паллада 5 нафар ҳимоячи билан ўйналадиган услубдан мутлақо воз кечмаяпти. Бошқача айтганда, ўйинлар сценарийси ўзгараверади, кутилмаган вазиятлар рўй бераверади, лекин бош мураббий схемаси ўз кучида қолади. Нима дедингиз, ажабтовур жараёнми? Албатта! Қўяверинг! Учинчи учрашувда ҳам бош жамоамиз мағлубиятга учрамадими, Катанец том маънода қўллаб-қувватланишга муносиб.
Ишончимиз комил, словениялик мутахассис БАА термасига қарши учрашувда ҳам ўйин схемасини сақлаган ҳолда, агрессияга эътибор қаратади. Назаримизда, Катанец Эрон термаси билан баҳсда мухлисларга ёқадиган агрессия уюштириш бефойдалигини ҳаммадан кўра яхши тушунди. БАА терма жамоаси - бутунлай бошқа масала. Бу рақиб бир маромда тўп суролмайди. Истаса, сафарда Қатар термасини мағлуб этади ёки ўз майдонида оддийроқ жамоа билан муросага келади. Нима, Катанец ушбу жараённи кузатмайдими? Йўқ, у ҳаммасини кузатмоқда, таҳлил қилиб бормоқда ва шундан келиб чиқиб, жамоамиз ўйинини қурмоқда. Европа Миллатлар лигасида Англия термасининг ўз майдонида грекларга ютқазиб қўйгани ёки 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, 40-дақиқада бир киши кам бўлиб қолган Италия миллий жамоасининг қанақасига 2та гол қўйиб юборгани уни қизиқтирмаслиги мумкин эмас. Шунингдек, КОНМЕБОЛ миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаш босқичида пешқадамлик қилаётган аргентиналиклар сафарда Венесуэла термаси билан очколарни бўлишиб олишга мажбур бўлгани, 2-ўринда кетаётган Колумбия жамоаси Боливияда мағлубиятга учрагани ҳам. Сречко Катанец мутахассис ва мураббий сифатида буларнинг барчасига қизиқиш билан қарайди. Яъни фаворит жамоалар муҳим учрашувларда нима сабабдан қимматли очколарни бой бераётгани уни ҳам ўйлантиради ва табиийки, бу кутилмаганликлар устида роса бош қотиради.
Катанец шу бош қотиришлар призмаси орқали жамоамизнинг БАА термасига қарши ўйинини кўради. У қачон ўзгаришга қўл уриш ёки урмасликни пухта ўзлаштирган мураббий экан. Ана, Эрон терма жамоасига қарши учрашувда фақат икки захира вакилидан фойдаланди. Аслида бош мураббий яна ўзгаришларга қўл уриши ва Одил Ҳамробеков ўрнига Акмал Мозговой, Рустам Ашурматов ўрнига Азиз Турғунбоевни майдонга туширса, бош жамоамиз ўйини жонланарди эҳтимол. Тилга олинган ҳар икки футболчи ўйин сценарийсини бузмасди. Энди бир ўйлаб кўринг, бош мураббий шундай қилиш кераклигини билмайдими? Майдонга янги кучлар тушириш лозимлигини тушунмайдими? Ҳаммасини билади, тушунади. Тушунгани, билгани учун ҳам яна 3 нафар футболчини алмаштириш имкониятидан фойдаланмади. Фикримизча, БАА термасига қарши кечадиган муҳим учрашувда мураббийдан камида битта кутилмаган юришни кўрамиз. Тахминимизча, Катанецнинг шундай юриши ғалабани таъминлайди. Кутилмаган бир юришга қўл уриши Катанец ўзининг консерватизми, реалистлигидан воз кечишини англатмайди, албатта. Ҳар ҳолда, Сардор Азмун захирага олинса ҳам, у Элдор Шомуродовни Эрон терма жамоасига қарши бораётган жиддий ўйинда алмаштиролмасди. Амирликлар билан учрашувда эса умумий сценарийга сал эркинроқ ёндашса керак. Яъни мабодо гол қўйиб юборилган тақдирда ҳам, Катанец бундан чўчимайди ва «камбэк» орқали ғалаба қозониш йўлини топади. Эрон ва БАА терма жамоаларига қарши ўйнашнинг бир-биридан туб фарқи шу нуқтада.
Мулоҳазаларимиз якунида футболчиларимиз ўзаро ҳурматни сақлашлари, қийин вазиятда бир-бирларига кўмакдош бўлишлари зарурлигини алоҳида таъкидлашни истардик. Бўш ҳудуд тополмаётган Элдор бунга эътиборсиз қараётган Отабекка қарата «Ошна, сал ўнгроққа ошир рақиблар кўзини шамғалат қилиб...», деса олам гулистон. Шу тариқа барчаси изга тушиб кетади. Бугун йигитлардан шундай мароқли ўйин кутамиз ва уларга ғалаба йўлида омад тилаймиз!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789