Катта харажат самараси борми?

Катта харажат самараси борми?

ЖОРИЙ АСР ТРАНСФЕРЛАР УЧУН ЭНГ КЎП ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛГАН МУРАББИЙЛАР

Замонавий футболнинг ёзилмаган метин қоидаларидан бири оддий янграмоқда: «Натижа керакми, марҳамат, аввалига сарфла!» Бу тушунча ҳар жойда ўзига яраша салмоққа эга. Лекин еврофутболда муваффақият ва молиявий қудрат бир-бирига муштарак эканлиги яққолроқ намоён бўлади. Биргина «Манчестер Сити»нинг яқин йиллардаги ҳаёти бунга ёрқин мисол. Ҳозир эса клублар эмас, мураббийлар фаолиятини харажат мезонига солиб кўрамиз.

Goal томонидан тайёрланган яхлит жадвалда 21-асрда клубларни трансферлар учун энг кўп харажат қилишга ундаган мураббийларнинг натижалари келтирилган. Унга кўра, охирги 24 йилликда Хосеп Гвардиола янги футболчилар харидига ҳаммадан кўп пул талаб қилган ўзи ишлаган клублар раҳбариятидан. Рақамларда айтсак, «Манчестер Сити»нинг амалдаги бош мураббийи жами 80та трансфер учун 2,06 миллиард евро сарфлаган. Асосийси, испаниялик мутахассис пулни қандай сарфлашни яхши билади. Ҳар ҳолда, жами 38та жамоавий соврин катта харажат самарасиз кетмаганидан далолат. Серхаражат мураббийлар рейтингининг ке­йинги қатори Жозе Моуриньо­га тегишли - 126та трансферга деярли 2 миллиард евро ва бунинг эвазига 26та соврин. «Беназир»дан камроқ сарфлаган Карло Анчелоттида совринлари 2та кўп. 

Энг серхаражат мураббийларнинг кучли ўнлигида охирги қатордан жой олган Маурисио Почеттино кўрсаткичини алоҳида қайд этиш керак. Аргентиналик мутахассис ўзи ишлаган 5та клубни атиги 57 нафар футболчи харидига 1 миллиард евродан кўпроқ ажратишга ундаган. Сифатга эътиборми? Бир қарашда шундай, аммо қимматбаҳо трансферлар Почеттино қўлга киритган совринларда ўз аксини топмаган. 1,15 миллиард евро эвазига атиги 3та соврин... Марҳамат, энди жадвалга қараб, қолганини ўзингиз таҳлил қилиб чиқишингиз мумкин.