АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Телевидениедаги бир оғиз сўзи учун испан клубига ўтолмаган, Пеле билан суратга тушган, Афғонистондаги урушга жўнатиш билан таҳдид қилинган, тўққиз йил институтда ўқиган Қосимов билан катта интервью
Назаримда, бу таклиф менга беқиёс инсонийлик намунаси сифатида кўринди. Эрталабги ўн бирда 300 кишига мўлжалланган улкан зиёфат зали фақатгина эркаклар учун ташкил этилган экан. Агар асосий тўй куёв тарафда ташкил қилинса (меҳмонлар таклиф қилинган ҳолда), ундан аввалги наҳор оши Миржалол Қўшоқович вакил бўлган келин томонида ўтказилди. Шунинг учун у, мамлакатда катта ҳурматга сазовор бўлган шахс Москвадан меҳмон таклиф қилиш имконига эга бўлди.
Ўн кишига мўлжалланган столларда палов солинган идиш-товоқларни официантлар меҳмонларга узатдилар, кейин меҳмонларнинг энг кичиги ишга киришди - бу ҳам маҳаллий анъана. Қолаверса, товоқдаги охирги гуруч ейилмагунича, бирорта одам ўрнидан турмайди. Айтганча, палов жуда мазали экан.
1995 йилги енгилмас “Спартак-Алания”нинг етакчи ярим ҳимоячиси, жамоанинг асосий юлдузларидан бири, чемпионлик мавсумида ўнта гол муаллифи (12 гол билан фақатгина Михаил Кавелашвили ундан ўзиб кетган) кейинчалик Ўзбекистонда етакчи мураббийлардан бирига айланди – “Бунёдкор” билан уч марта миллий чемпионатда ғалаба қозонди ҳамда икки бор Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар етиб борди. Бу муваффақиятлар ҳам уни заррача ўзгартирмади. Унинг қадрдон дўсти ва ҳамкасби (нафақат майдонда, балки мураббийлик соҳасида ҳам), Тошкентда истиқомат қиладиган собиқ ҳужумчи Игор Шквириннинг таъкидлашича, уларнинг муносабатлари аввалгидай самимий ва ҳаққоний.
...Ошдан уч кун аввал Қосимов билан чой устида бемалол суҳбатлашдик, бу ерда шошма-шошарлик қадрланмайди. У нутқи давомида ҳазиллар ишлатди, шунингдек, ўз ватанини ташлаб, масалан, Россияда бутунлай катта маблағ эвазига мураббийлик қилишни истамаслигини тушунтирди: "Тобутнинг чўнтаги йўқ, ўзингиз билан ҳеч нарсани олиб кетолмайсиз".
ГАДЖИЕВ ЖОНЛИ ДЕВОРНИ ТЎҚҚИЗ МЕТРДАН ОЛТИ МЕТРГА СИЛЖИТДИ. ШУ ТАРИҚА МЕН ЖАРИМА ЗАРБАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРДИМ ВА МУВАФФАҚАИЯТГА ЭРИШДИМ
- Ўзбек футболи музейида Пеле билан сизнинг СССР ёзуви туширилган футболкада турган фотосуратингизни кўрдим, - дедим Қосимовга. У жилмайиб:
- Бу сурат 1987 йилда Нигерия устидан ғалаба қозонилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг финал баҳсидан эсдалик эди. Ўйин бошланишидан олдин суратга тушгандик. Биз шунчаки саломлашдик, кейин мен қўлимни ювмаганимни айтиб ҳазиллашдим. Улар эса ишонишди. Шунингдек, мен терма жамоа сардори сифатида (йигитлар мени танлаган) жаҳон чемпионати кубогини юқорига кўтарганим ва унинг ёнида УEФА президенти Жоау Авеланж ва турнир ҳомийларидан бири бўлган япониялик кишининг сурати бор эди.
- Ўша турнирнинг ярим финалида Кот-д'Ивуар дарвозасига бурчак зарбасидан гол ургандингиз.
- Бу вазифам эди. Яна бир голимни жарима зарбасидан киритганман. Ўшанда 5:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Биз дўстона жамоа эдик. Майдонга чиққач, худди болалардек қувонардик. Барчамизда масъулият бор эди. Эслашимча, ҳужумда ўйнайдиган Юра Никифоров тўпурар бўлганди.
- Пеле унинг келажакда буюк ҳужумчи бўлишини башорат қилганди. Одессалик футболчи эса шунчаки кучли марказий ҳимоячига айланди.
- Биз тахмин қиламиз, лекин Худонинг айтгани бўлади. Бир вақтлар дарвозабон бўлганлар кейин ҳужумчи позициясига ўтишди.
- Ўша вақтларда совет футболи қандай ажойиб эди, икки йил, 87-88 йиллар ичида биз Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритдик, шунингдек, Олимпия ўйинлари ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозондик.
- У вақтларда бу ҳақда ўйламагандик, ҳамма нарсани оддий қабул қилардик. Оддий! 88-йилда улар Борис Игнатьев бошчилигида ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионлигини қўлга киритишди. Братиславадаги финалда португалияликларга қарши майдонга тушиб, рақибни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди - 3:1. Ўшанда Олег Саленко биз учун ўйнарди, кейинчалик у катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида Камерунга қарши ўйинда бешта гол урди. Ёшлар мусобақасида эса Никифоров билан тандем ҳосил қилиб, қўшимча вақтда иккита ҳал қилувчи голни киритишди. Фернанду Коута, Паулу Соуза, Жоау Пинту каби футболчилар португалияликлар сафида майдонга тушганди.
- Дарвозабонлар қочиб қутула олмайдиган жарима зарбаларини ижро этиш бўйича ноёб истеъдод қандай пайдо бўлган?
- Худодан. Шунингдек, меҳнатдан. Новогорскда Гаджи Муслимович ўсмирларни шуғуллантирарди, " жонли девор"ни тўққиз метр эмас, олти метрга ўрнатарди. Зарбага сайқал бериш учун вақт, куч ва сабр керак бўларди.
Муваффақиятга эриша бошлаганимни дарҳол англадим, кейинчалик маҳорат аста-секин ортиб борди. “Пахтакор”га ўтганимда, баъзида жарима зарбаси тепишимга рухсат беришса-да, асосан катталар стандартни амалга оширишарди. Шундай қилиб, Москва дарҳол бунёд этилмади. Еврокубокларда "Ливерпуль" каби жамоаларга жарима зарбасидан гол уриш учун маҳоратнини узоқ вақт шакллантириш керак эди.
(Гаджи Гаджиев изоҳи: “Ўшанда ёшлар терма жамоалари Европада, ҳатто жаҳон турнирларида ҳам муваффақиятли ўйнади - Қосимов Европа (бош мураббий Борис Игнатьев мураббийлигида) ва жаҳон чемпионлигига (бош мураббий Александр Пискарев бошчилигида) эга бўлганди. Бизнинг ёшлар жамоамиз йилига 160 кунни бирга ўтказишлари мумкин эди. Кўпинча улар Новогорскдаги базада машғулот ўтказишарди. У ерда йигитлар жарима зарбаларини машқ қилишарди, у ерда "жонли девор" ўрнига икки метрдан 2,44 метргача баландликда бўлган кўчма дарвоза мавжуд эди. Бугунги кунда бунақа "деворлар", майдонлар ва бошқа шароитлар яхшироқ, бироқ йигитларни Европанинг энг яхши жамоалари билан рақобатбардош даражага олиб чиқа олмаймиз. Айни пайтда клублар ёшларини терма жамоаларга юборишни истамайдилар ва фақат терма жамоалар тақвимига мувофиқ, уларнинг ўзлари футболчиларни яхшироқ тайёрлашига ишонадилар).
- "Ахмат"даги Даниил Уткиннинг жарима зарбаларини қандай тепаётганини кўрдингизми?
- Ростини айтсам, кўрмадим.
- "Ўзбек Марадонаси" лақабини сизга ким ўйлаб топди?
- Кимдир буни 86-йилда ўйлаб топган. Мен бундай нарсаларга аҳамият бермаганман, кимлигини эслолмадим.
- Бундай таққослашлардан томингиз кетиб қолмаганми?
- Ўшанда бу ҳақда ўйламасдик. Ҳали майдонда дурустроқ ўйнашни бошламасдан туриб қаерга томим кетиши мумкин? Бизнинг вазифамиз майдонга чиқиш ва футболни севиш эди. Илгари футболни яхши кўришарди, ҳозир эса футбол бизнесга айланган. 2013 йилда “Бунёдкор” йиғин доирасида “Спартак”га қарши ўйнади, шунда "Крилья"да бирга бўлган Валерий Карпин ва унинг ёрдамчиси Андрей Тихонов билан суҳбатлашгандик.
Ўша пайтларда йигитлар футболга бўлган муҳаббати учун майдонга тушган, деган мулоҳаза бўлди. Футболчиларнинг кўп маош олишига қарши эмасман, лекин сермаҳсуллик шунга мос бўлиши керак. 1995 йилги чемпион "Спартак-Алания" камбағал бўлмаган жамоа ҳисобланарди, ўшанда маошимиз, адашмасам, ойига беш минг рубл эди. Ҳозир улар қанча пул тўлашларини тасаввур қила олмадик.
ЦСКАГА ЎТМАСАМ, АФҒОНИСТОНГА ЖЎНАТИШ БИЛАН ТАҲДИД ҚИЛИШДИ
- 1993 йилда сизни "Вальядолид"га ўтишингизга рухсат беришмади, чунки сиз телевидениега берган интервюнгизда беихтиёр ўзбек футболи савиясини рус футболи билан таққослаб бўлмайди, деганингиз ростми?
- Буларнинг барчасини спортга алоқаси бўлмаган одамлар амалга оширди. Ҳа, мен бир неча ой ўйнамадим (тахминан тўрт ой). Қизим туғилиши арафасида мен Тошкентга жўнаб кетдим. Кейин эса орқага қайтиш имкони бўлмади. Сўзларимни Ўзбекистонда нотўғри тушунишди ва мени дисквалификация қилишди.
- Ваҳоланки, 1992 йилдан кейин Владикавказнинг "Спартак" жамоаси раҳбариятидан сизни ўз ватани "Пахтакор"га қайтаришни илтимос қилгансиз.
- Ўша пайтлар "Пахтакор" ярим йил маош олмаганман. Клуб ва футболчилар ўртасида нимадир мавжуд бўлиши керак. Машҳур осетинлик эркин курашчи Арсен Фадзаев Ўзбекистон Жисмоний тарбия институтида таҳсил олган ва унинг ёрдами билан Ўзбекистон ва Шимолий Осетия ўртасида спорт соҳасида жуда илиқ муносабатлар шаклланган. СССР парчалангач, осетинлар мени Геннадий Денисов ва Игор Шквирин билан бирга Владикавказда кўришни жуда хоҳлашди. Улар 150 минг доллар тўлашди ва бу пулларни "Пахтакор"га эмас, тўғридан-тўғри менга беришди, бошқа йигитлар билан нима бўлганини билмайман. Ростини айтсам, маблағнинг ҳаммасини клубга юбордим, лекин бунча пулни ўзимга олиб қолишим мумкин эди. Бу пулга ўша вақтларда Тошкентда нафақат квартира, балки бутун бир тўққиз қаватли уй сотиб олиш мумкин эди.
– Кўп йиллар давомида “Пахтакор” – “Алания”, “Тошкент – Владикавказ” йўналишида у ёқдан-бу ёққа саёҳат қилдингиз.
- Ўсмирлар терма жамоасидан чиқмагунимча бошқача йўналиш бор эди, - 1984 йилдан Тошкент - Москва йўналиши, Домодедово аэропорти.
— Владикавказдан Тошкентга тўғридан-тўғри учганмисиз?
- Йўқ. Минеральний Води ёки Москва орқали.
- Ўсмирлигингизда Москва ФШМ мактабига қандай киргансиз?
- 86-йилда ўсмирлар жамоаси бош мураббийи Александр Пискарев таклиф қилди. У ерда Сергей Рожков қўл остида машғулот ўтказганмиз. Ўқиш учун Филевский боғига борардик, машғулотларни эса Лужникида ўтказардик. Умрим давомида ёдда қолган яна бир йўналиш эди бу. Айнан ўша йил мени мустақил қилди.
Аммо мактабни тугатгач, институтга киришим керак эди. Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлганимизда имтиҳонлардан озод қилингандик. Жаҳон чемпионатидан кейин Москвада қолдим ва биз пионер лагерларига бориб, болалар билан учрашдик. Кейин мени қора “Волга”да Домодедовога элтиб қўйишди, уйимга Тошкентга жўнатишди ва у ерда институтга ўқишга қабул қилиндим.
- Шундан сўнг Минскка ҳам қисқа муддатга ташриф буюрдингиз - бир вақтлар интервюнгизда Совет армиясидан "қутулиш"ни хоҳлаганингизни айтгансиз.
- Ҳа, мен ЦСКАга ўтишни хоҳламадим, лекин мени тинч қўйишмасди. Улар ҳатто Афғонистонга жўнатиш билан таҳдид қилишган. Аммо охир-оқибат Минск билан келишув амалга ошмади ва мен қайтиб келдим. Ҳозирда футболчилар сариёғ ичидаги пишлоқ каби сайр қилишади, аммо бизнинг давримизда нозик фарқ бор эди. Институтнинг кундузги бўлимга ўқишга кирганим мени армиядан қутқариб қолди. Шунда ҳам армияга олиб кетмасликлари учун икки йил битта курсни тугатдим. Кейин СССР парчаланиб кетди, мен Владикавказга йўл олдим. Шундай қилиб, институтда тўққиз йил ўқидим!
- Ўзбекистондан ташқари яна бир йўл бор эди - Андрей Пятницкий ва Валерий Кечиновлар тарк этган Москванинг "Спартак"ига. Сизни у ерга таклиф қилишмаганмиди?
- Йўқ.
- Лекин фаолиятингизнинг сўнгги даврларида бир йил Амирликларда ўйнадингиз.
- Ўша пайтда уларда бундай профессионал футбол йўқ эди. Футболчиларнинг асосий юмуши бошқа эди - божхона, полиция ва ҳоказо... Футбол эса хобби, улар фақат кечки пайт ўйнаш учун келишарди. Ҳар бир жамоада икки-уч нафар легионер бор эди. Менга у ерда ҳеч нарса ёқмади. Улар ҳузур-ҳаловат учун ўйнашарди, аммо жамоавий ўйиннинг ҳиди йўқ эди.
Бу ҳақда гапирганимда, асли мисрлик бўлган клуб раҳбарларидан бири шундай жавоб қайтарди: “Сен профессионалсан! Тўпни ол, ҳаммани алдаб ўт ва гол ур!” Буни эшитгач, у ерда тўп тепиш истаги йўқолди. Яна “Пахтакор”га қайтдим.
- Бу жамоа орқали футболчилик фаолиятингиз поёнига етиб борарди.
- Футболчилик фаолиятимни 2005 йилда “Машъал”да якунлаганман. Ўшанда бу клубни "Нефт-газ" раҳбари Абдусалом Азизов бошқарарди, ҳозир эса у киши Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти. У киши мени жамоага таклиф қилганди. Мен бир йил тўп тепдим ҳамда бутсаларимни михга илдим.
ГАЗЗАЕВ ҚЎЛ ОСТИДА, ТАЪТИЛДА ЎЗ ДАРАЖАНГИЗНИ УШЛАБ ҚОЛМАГАН БЎЛСАНГИЗ, ЙИҒИНДАГИ МАШҒУЛОТЛАР СИЗ УЧУН ЯКУНЛАНАРДИ.
- 1995 йил "Спартак-Алания" сафида қўлга киритилган олтин медал билан боғлиқ хотиралар борми?
- Бизда 13-14 миллатдан иборат йигитлар ўйнашарди - жуда аҳил жамоа жамланганди. Мавсум бир зумда ўтиб кетди. Аммо жамоа 21 октябрь куни меҳмонда ЦСКАни мағлуб этиб, чемпион бўлган ўйинда мен йўқ эдим. Сабаби терма жамоа сафида ўйнаш учун кетгандим, шу боис кийиниш хонасида чемпионликни нишонлай олмадим. Охирги уй ўйинига етиб келдим, ҳеч бўлмаганда шу баҳсда ўйнайман деб ўйлагандим, аммо ўйин олди машғулот пайтида белимни чангаллаб қолдим.
- Тўхтанг, бу қандай содир бўлди - чемпионат ўйинлари пайтида терма жамоа сафига нега кетдингиз?
- Биз 1994 йилги Осиё ўйинларида, Нигерия эса Африка кубогида ғалаба қозонганди. 90-йилларда эса анъанавий Афро-Осиё кубоги ўтказиларди. Биринчи бўлиб ўз уйимизда – 2:3, меҳмонда – 0:1 ҳисобида мағлуб бўлдик. Қолаверса, бу ўйинлар терма жамоалар учун ажратилган саналарда ўтказилмади. Аммо Георгич буни тўғри тушунди ва мени қўйиб юборди, ваҳоланки, у бу ишни қилмасликка ҳақли эди. Мен учун терма жамоадан муҳимроқ нарса йўқ эди.
- Чемпионлик “Мерседес”ининг тақдири нима бўлди?
- Танишларим орқали сотиб юборилди. Узоқ вақт уни ҳеч ким ҳайдамади.
- "Алания"да ўйнаб юрганингизда, Валерий Газзаев билан муносабатингиз қай даражада эди?
- Ажойиб даража эди! У қаттиққўл, талабчан ва бу тўғри инсон эди. Интизомсиз ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Мен ундан кўп нарсалар ўрганганим учун миннатдорман, нафақат мен, бошқаларда ҳам шундай бўлса керак.
- Газзаев даврида мавсумолди тайёргарлик даҳшатли бўлганми?
- Ҳозир шундай қилиб кўринг - ҳеч ким келмайди! Кетворишади! Лекин кейинчалик у ҳам ўзгарган. 1994 йилдан кейин улар ўзларига хулоса чиқаришди ва келгуси йил бироз юмшади ҳамда чемпион бўлдик.
- Бассейнда бир-икки дақиқа шўнғий олмай, нафасингизни ушлаб туришга мажбур бўлгансизми?
- Шундай бўлган. Жуда кўп югурардик, ҳеч кимга имтиёз берилмасди. Агар таътил пайтида ўз формангизни сақламаган бўлсангиз, унда сиз билан хайрлашишарди. Мен унинг талабларини билардим ва бажарардим. Спорт залига борардим, кросс югурардим. Агарда ортиқча вазн билан келган бўлсангиз, унда бир кун ичида ташлаб юборардингиз.
— 1996 йил умуртқа поғонангиз шикастланганда анча вазн тўплаганмисиз?
- Ҳа, ўн килограмм. Аммо соғайгач, икки ҳафта ичида парҳез, сузиш ва гимнастика ёрдамида ундан қутулдим. Ҳалиям ўша лаҳзаларни санасигача аниқ эслайман. 1996 йил 17 августда "Ростселмаш"га қарши ўйнадик. Иккита гол урдим, шунингдек, 12 гол билан тўпурарлар рўйхатида пешқадам бўлиб олдим. Уйга келдим, қўшнимни чақирдим. Хотин кечки овқатга палов тайёрлади. Ўтирдик, суҳбатлашдик ... кейин ўрнимдан туролмай қолдим. Уч кеча ухлолмаганман.
- Бу қачон бошланган?
- 1994 йил бассейндан чиқаётганимда сирпаниб, чалқанча йиқилиб тушганимдан бошланган. Сўнгра чемпионат мен учун якунланди. Жамоа билан Санкт-Петербургга бориб, олтин ўйинни дарвоза ортидан томоша қилганман. Ўшанда "Спартак" "Зенит"га ўйинни бериб қўмаганда, биз чемпион бўлардик!
- 96-йилги Чемпионлар лигаси саралаш босқичида "Алания" ўз майдонида "Глазго Рейнжерс"га 2:7 ҳисобида мағлуб бўлганида, сиз ўйнамаганмидингиз?
- Уйда эмас, меҳмонда ўйнагандим. Жароҳат айнан шу ўйинлар оралиғида содир бўлган. Мен уй ўйинини юқоридан, деярли стадион томидан кузатдим. Биринчи голни 40-секундда ўтказиб юбордик ва битта эпизод бутун ўйинни ўзгартириб юбориши мумкин эди. Газзаев орқага эмас, ҳар доим олдинга боришни талаб қилган! Шундай қилиб, мусобақани тарк этдик...
Мавсум якунлангач, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Зокир Алматов ёрдам бериб, мени операция қилдиргани Германияга жўнатди. Ўзбекистон терма жамоаси Амирликларда бўлиб ўтган Осиё Кубогига борди, мен эса даволаниш учун кетдим. Эҳтимол, ўшанда футболни якунлардим. Менга операция натижаси кафолатламаслиги кўрсатилган қоғозга имзо чекишни таклиф қилишди. Аввалига рад этдим, аммо шифокор уларда шундай қоида борлигини тушунтирди ва қўшимча қилди: "Қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади". Кейин мен имзо чекдим. Олти ойда тузалиб кетдим.
- Кўпчилик "Алания"ни ташлаб, чет элга кетишди. Тетрадзе - "Рома"га, Яновский - ПСЖга, Кавелашвили - "Манчестер Сити"га. Сизга ҳам таклиф бўлганми?
- 1996 йилда қолишга қарор қилдим, кейин эса машъум жароҳатга йўлиқдим. Операциядан сўнг узоқ вақт майдонга тушмадми, тузалиб кетгач, кейинги мавсумни “Пахтакор”да ўтказдим. 98-йилда чемпион бўлдик, 99-йилда яна "Алания"га қайтдим. 2000 йилда Газзаев "Динамо"га жўнаб кетди ва Федорич (Александр Тарханов) мени "Крилья Советов"га таклиф қилди. Кейинги икки мавсумни у ерда ўтказдим. Клубда Тихонов, Бородюк, Игнашевич бор эди. 2001 йилда бешинчи ўринни эгалладик, самараликлар илгари бу натижани орзу ҳам қила олмаган.
- Сиз Бородюк билан гаров ўйнаб, бир шиша "Ҳеннесси" ютиб олгансиз. Умуман олганда, барча гаровларда ютиб чиқармидингиз?
— Кўпинча омадим келарди, лекин бунинг аҳамияти бор (кулади).
- 4-рақам учун ёш Сергей Игнашевич билан рақобатлашганмисиз?
- 2000 йилда миллий терма жамоа билан қандайдир турнир бўлди, мен бир ойга кетдим. Қайтиб келсам, "тўрт"ни ўзиники қилибди. “Торпедо”га қарши ўйин арафасида терма жамоа сафидан қайтиб келиб, буни кўриб турибман. Кейин баҳслашдик. У ёш ва жасур эди. Мен айтдим: "Агар бугун гол урсам, рақамга яқинлашмайсан!" Натижада иккита гол урдим, адашмасам, 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Шу билан рақам талашишга бошқа уринмади.
Игнашевич 40 ёшгача ўйнади, у Россия терма жамоасида энг кўп ўйин ўтказди. Игнашевични кўрмаганимга анча бўлди, лекин Бородюк билан икки-уч йил аввал гаплашгандим.
- Жаҳон чемпионати босқичларида мураббий бўлиб ишлаганмисиз?
- Бразилия-2014 да. ЖЧ-2018 билан параллел равишда бизда ҳам ўз чемпионатимиз бор эди ва биз Россиядаги турнирни телевизор орқали томоша қилдик. Биз жаҳон чемпионатларида 11 та ўйин бошқарган ҳакамимиз Равшан Эрматовга мухлислик қилганмиз! Мен ҳам шахсан Игнашевичга ишқибозлик қилганман. Серёга - ажойиб йигит! 2000 йилда бир одам билан ўйнайсиз-у, орадан 18 йил ўтгач, у жаҳон чемпионатида чорак финалга чиққан жамоанинг энг яхши ҳимоячиси эканлигини ўйлаш нақадар ёқимли!
- "Алания"ни кузатиб борасизми?
- Албатта. Жамоанинг профессионал мақомини йўқотгани ачинарли. Аммо ҳозирда клуб қайта тикланмоқда. Мен жамоани йиғинда кузатдим, Спартак Гогниев билан учрашдим. Уларнинг Россия кубогидаги ўйинларидан мамнунман. Улар "Зенит" тўсиғидан ўтишди! Гогниев ҳам, йигитлар ҳам яхши таассурот қолдиради.
Осетия спортсевар халқ. Одамлар юлдузи порлаган "Алания"ни кузатиш имкониятини йўқотгани ачинарли эди. Бизнинг ўйинларимизда йигирма мингдан кам одам бўлмасди. Умид қиламанки, тез орада яна шундай ҳолат бўлади.
ШОМУРОДОВГА ЎХШАГАНЛАРНИ ҲОЗИР ЎЗБЕКИСТОНДА КЎРМАЯПМАН. ИҚТИДОРЛАР БОР, АММО БЎШ
– 1994 йили сиз етакчилик қилган Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги ягона ғолиблик – Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган. Бў ўлка ибодат маскани.
- Биз ҳеч қандай ёдгорликларни зиёрат қилгани бормадик, деярли Олимпия шаҳарчасини тарк этмагандик. Бу шунчаки футбол турнири эмас, балки фақат Осиё вакиллари қатнашадиган Олимпиада мусобақаси эди. Мен ҳали-ҳамон у лаҳзаларни унутолмайман!
СССР парчалангач, бу Ўзбекистон терма жамоасининг йирик мусобақалардаги дастлабки иштироки эди. Ўша йилларда кўпчилик мамлакатимиз қаердалигини ҳам билмас эди. Футбол кўп вазифани бажаради - ўша турнирдан кейин Осиёда ҳамма бизнинг қаердан эканлигимизни дарҳол билиб олди. Биз бир текис ўйин намойиш этиб, ҳаммани мағлуб этдик - Саудия Арабистони, Корея, Хитой каби жамоаларни. Барча учрашувлар ғалаба қозондик!
Аммо ўшанда мамлакатда кўпчилик бизнинг турнирга боришимизни хоҳламаганди. Индивидуал спортни ривожлантириш яхшироқ деб ҳисобланган ва бутун жамоага пул сарфлаш ниҳоятда қимматга тушарди. Ҳеч ким у ердан олтин у ёқда турсин, бирор медаль билан қайтамиз, деб ўйламаганди. Биз охирги вагоннинг охирги эшигига сакраб чиқиб олдик. Бошқа давлатлар учун эса, албатта, бизнинг иштирокимиз кутилмаган ҳодиса бўлди. Ҳеч ким англолмади - бу қандай Ўзбекистон?!
- Сизнинг қўл остингизда терма жамоа 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин турганди, аммо Осиё минтақаси плей-оффида Иорданияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди. Кейинчалик мағлубият учун айбни ўз зиммангизга олиб, истеъфо сўрагансиз.
- Чунки белгиланган вазифани бажаролмаганман. Биз мундиалга чиқишга ҳаракат қилдик. Агар корейслар ва эронликлар сўнгги ўйинни дуранг ўйнаганида, автоматик тарзда жаҳон чемпионатига йўл олган бўлардик. Аммо энди на илож? Бўлар иш бўлди. Ўшанда истеъфо қабул қилинмаган ва натижада бир ярим йилдан сўнг терма жамоани тарк этгандим.
- Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун жамоага нима етишмаяпти?
— Ўзбекларда доим имконият бўлган! Аммо биз охирги тўсиқни енгиб ўта олмаяпмиз. Максим Шацких сингари қандай футболчилар бор эди! Охирги марта кўришганимизда, у "Ротор"да Хацкевичга ёрдам берарди. Тошкентга келганида кўришамиз, мулоқот қиламиз. Ҳозир Элдор Шомуродов ҳам етук бўлди. У мен бошқараётган “Бунёдкор”дан “Ростов”га кўчиб ўтганди.
- Ўшанда унинг ҳозирги даражага чиқишини, Италияда ўйнашини ўйлаганмидингиз?
- Ёлғон гапирмайман, уни Италияга кетади деб ўйламаганман. Аммо Россияда ўзини кўрсата олишига ишончим комил эди. Жуда иқтидорли, виждонли, оғир-босиқ, тарбияли йигит. Мен билан у ҳужум марказида ўйнарди, қанотга ҳам ўтарди. У икки карра меҳнат қиларди.
- Айтишларича, ўшанда Шомуродовнинг маоши ойига 500 доллар бўлган экан.
- Бундан сал кўпроқ, минг доллардан камроқ эди. Унинг Италиядаги ўйинларини кузатаман, афсуски, Моуриньо уни камдан-кам майдонга туширмоқда. Аллоҳ қўлласин.
- Ўзбекистонда кимдир унинг йўлини такрорлай оладими?
- Унга ўхшашини кўрмаяпман. Иқтидорли йигитлар бор, лекин менталитетни ўзгартириш керак. Жуда бўш.
- Масалан, Остон Ўрунов?
— Мен улар ўртасидаги фарқни билмайман, шунинг учун баҳслашмайман. Назаримда, у “Уфа”ни “Спартак”га алмаштирмаслиги керак эди – у бу ишни жуда эрта амалга оширди.
- Ҳали ҳам терма жамоада ишлаш ниятингиз борми?
- Ҳозир хоҳламайман. АГМКни шуғуллантиряпман. Биз яхши инфратузилма яратмоқчимиз. Олмалиқ шаҳри кичик, одамлари дўстона, меҳнаткаш. Раҳбар футболни жуда яхши кўради.
РИВАЛДО АЙШ-ИШРАТГА БЕРИЛМАДИ, У ПРОФЕССИОНАЛ
- Ривалдо тўп тепган "Бунёдкор"ни бошқаргансиз. Ўша пайтдаги энг бой клуб эгаси - Одил Жалолов ҳақида афсоналар мавжуд. Сиз буни қандай қабул қилгансиз?
- У футболни жуда яхши тушунади, ҳамма нарсани билади. Ундан 1956 ёки 1975 йил ҳақида сўранг - барчасини эслайди! Шунингдек, у футболни жуда яхши кўради. Мессининг 17 яшарлигида унинг буюк футболчи бўлишини ишонч билан айтганди. У "Барселона"нинг ашаддий мухлиси. Менга ҳамиша Гвардиола ёққан, ҳозир ҳам Хавининг услуби маъқул келади. "Реал Мадрид"га қарши "Классико"да "Барса" 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганида, маҳаллий вақт билан эрталаб соат учгача ўйинни томоша қилдим. Жалолов Ўзбекистондаги футбол ва унга қизиқтириш учун жуда кўп иш қилди. Машҳур футболчиларни олиб келди, мамлакатнинг энг яхши стадионини қурди, майдонлари кўп бўлган билан академия қурди.
— Это’Ога "Феррари" совға қилиб, Самюэль у билан автоҳалокатга учрагач, машинани Италияда тузатиб бергани ростми?
— Самюэль машинани уриб олганми ёки йўқ — билмайман. Аммо унга "Феррари" совға қилингани рост.
- Буюк фахрий Ривалдо билан бирга ишлагансиз. У сизда қандай таассурот қолдирган?
- Ҳаммаси яхши эди. Баъзи машғулот жараёнларида ёши сабабли учун унга кўпроқ енгиллик бериларди. Аммо майдонда Ривалдо кўп фойда келтирган. Ў ўз ишига виждонан ёндашарди, ўз касбининг устаси каби ёшларга ўрнак бўларди.
- Жамоани Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига олиб чиқдингиз ва бу босқичда уни Зико қабул қилиб олди. Нега бундай бўлди?
- Раҳбарият шундай қарор қабул қилди. Бу шармандали қарор, лекин шундай бўлди. Бу қарор мамлакатнинг марҳум президентидан келганга ўхшайди (менинг маълумотларимга кўра, Зико дастлаб Ўзбекистон терма жамоасига таклиф қилинган, аммо сўнгги лаҳзада мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов бундан хабар топиб: “Терма жамоада хорижлик бўлмаслиги керак”, деган. Аммо шартнома имзоланиб қўйилгани учун Зико Қосимов бош мураббийлигидаги “Бунёдкор”га жўнатилган, Қосимов эса терма жамоага ўтказилган. "Бунёдкор" Зико билан Чемпионлар лигаси ярим финалида Австралиянинг "Аделаида"сига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Бразилиялик мураббийга ЦСКАдан таклиф чиққач, қўйиб юборилди - Рабиньер фикри).
- Зико қисқа муддат фаолият олиб боргач, ЦСКАга кетди. Жамоани эса Луиз Фелипе Сколари қабул қилиб олди. Ўшанда терма жамоада ишлагансиз ҳамда жаҳон чемпиони бўлган мураббий билан яқин мулоқотда бўлгандирсиз. Ундан нималарни ўргандингиз?
- Сколари малакали мураббий. Биз у билан яхши мулоқот қилардик. Мен чекардим ва у буни кўриб, биринчи бўлиб менга ғазаб билан қаради. Мен унга айтдим: "Менда шартномада бор!" (Кулади.)
Ёдимда, Чемпионлар лигаси доирасида “Бунёдкор” билан Кореяга боргандик. Бизни машғулот майдонларига олиб келишди. Мезбонлар машғулот майдонигача юз метр юриш кераклигини айтишди. Аммо Сколари ўжар эди: "Йўқ, мен фақат бу ерда шуғуллантираман!" У ҳар нарсада мослашувчан бўлиш шарт эмаслигини, қаерда бўлса ҳам ўзини тиклаб олиш кераклигини кўрсатиб қўйди.
- 2010 йиллар ўрталарида "Бунёдкор"нинг собиқ бошқарувчиси бир неча йилни унчалик узоқ бўлмаган жойларда ўтказди ва сиз яна жамоани бошқара бошладингиз.
- Клуб давлат қармоғига ўтди, бир трансфер ойнасида 14 киши жамоани тарк этди. Лекин барибир ўша савияда қолдик, Осиё чемпионлар лигасига чиқдик, икки йил гуруҳдан чиқдик, ҳатто 2012 йил иккинчи марта ярим финалга йўл олдик. Тағин бутунлай бошқа шароитда! 2013 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлдик, кубокни қўлга киритик. Жамоа пойдевори яхши эди.
- Жалолов билан алоқадамисиз?
- Ҳа, вақти-вақти билан мулоқот қиламиз.
ЎҒЛИМНИНГ КЕЧГИ ТЎЙИДА 750 КИШИ ЙИҒИЛДИ. ЭРТАЛАБГИ ОШГА ҚАНЧА КИШИ КЕЛГАНДИ-Я!
— Айтишларича, хайрлашув ўйинингиз чиройли ўтди. Мен, масалан, терма жамоалар учун ўйинлар сони бўйича рекордчилардан бўлган эронлик Али Даеи билан суратга тушганман.
- У Осиё футболининг афсонаси, биз тез-тез бир-биримизга қарши ўйнардик. Футболимиз учун катта меҳнат қилган Мираброр Усмонов федерация орқали у ва бошқа кишилар билан боғланди. Инфратузилма яратди, шароит яратди. Унинг шарофати билан ўйин билан боғлиқ муаммо тезда ҳал қилинди. Ажойиб муҳит эди, стадион тўлганди, кўпчилик ҳатто чипта ҳам олмаганди.
— АГМКга қандай келдингиз? Сиз деярли нолдан жамоани кетма-кет икки марта Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали совриндорига айлантирдингиз.
- "Бунёдкор" янги шартнома таклиф қилмади - ягона сабаб шу. 2019 йилда АГМК ўртамиёна ўйнарди, кейинчалик аста-секин ўйини яхшилана бошлади. Камида 40 фоиз маҳаллий йигитлар ўйнашига ишонч ҳосил қилиш керак. Футболчи ўз шаҳрини тарк этганда бу жуда муҳим. Бунинг учун эса шароит яратиш керак - мактаблар, академиялар. Буларнинг барчаси келгуси авлодга ўтади.
- Олмалиқликлар футболга боришадими?
- Биз хоҳлаганчалик эмас. Ишчилар (Олмалиқда кўпчиликни кончилар ташкил этади) биз ўз ўйинимиз билан мухлисларни жалб қилишимиз керак. Улар ишдан дам олишлари, завқ олишлари учун шундай қилишимиз зарур. Бу ҳодиса дарҳол содир бўлмайди.
- Россияга бормаганингизга анча вақт бўлдими? У ерни соғинасизми?
- Зерикишга вақт йўқ - оила, иш, дўстлар. Мен охирги марта Владикавказда тахминан беш йил олдин бўлганман. Бунгача, 2010 йилда, айнан Алания фахрийлари "Спартак" билан ўртоқлик ўйини ўтказганди. Вақт тез ўтмоқда. Шундай қилиб, биз йиғинда - собиқ жамоадошларимиз, Влад Радимов билан мулоқот қиламиз. Биз Александр Новиков билан учрашдик, унинг раҳбарлиги остида 92-йилда Россиянинг биринчи чемпионатида кумуш медални қўлга киритгандик. Мен Газзаев билан бир неча йил олдин учрашгандим - у ўшанда оиласи билан Дубайга дам олгани борганди. Эслашга арзирли воқеалар кўп.
- Сизни Россияга ишлашга таклиф қилишмадими?
- Тахминан 12-13 йил олдин Самарага таклиф қилишган. Лекин бормасликка қарор қилдим. Инсон фақат бир марта дунёга келади. Биз Худо берган умрни яшашимиз, қувончли ўтказишимиз керак. Оила, фарзандлар, неваралар билан...
- Нечта неварангиз бор?
- Санашда адашаман (кулади). Кўп! Саккизта! Учтаси қизларимдан, қолгани ўғилларимдан. Ёш қизим ҳам бор. Ширинтойим 2005 йилда туғилган.
- Қариндошлар сони кўп бўлса, қандай қилиб ишни оила билан бирлаштира оласиз?
- Оддий! Ўйинчиларга буйруқ бериш мумкин, лекин бу ерда сиз жим турасиз.
— Ўзбек тўйларига баъзан минглаб меҳмон йиғилади. Сизда қандай бўлган?
— 90-йилларда уйланганман, ҳовлида тўй қилганмиз. У ерга қанча одам йиғилганини айтиш қийин. 2012 йил ўғлим уйланганида, кечки тўйга 750 киши келганди. Ундан олдин тўйгача ош берганмиз. Бундай маросимларга жами икки-уч минг киши келади. Ўзбекистонда оч қолмайсиз!
- Буни тушундим. Қандай қилиб сиз ўйнаган йилларида бундай овқатланиш билан вазнингизни нормал ушлаб туришга муваффақ бўлдингиз, буни тасаввур қилолмайман.
- Мен ўзимга кўп эрк бермасдим ва уйга ташриф буюрганимда, ота-онамдан менга ортиқча ҳеч нарса таклиф қилмасликларини сўрардим.
- Валерий Карпинга ўхшаб, ўйинчиларингизни ортиқча вазни учун жазолайсизми?
- Йўқ, шунчаки огоҳлантиряпман.
- Эриша олмаганларингиздан афсусланасизми?
- Катта футболда ўйнай олмаслигимдан афсусланаман! Қолган ҳаммаси яхши. Ичимдаги ўйинчи эса ҳамон яшайди.
Оқил Абдубарноев тайёрлади, championat.asia сайти
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789